Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

"Қотил ўғри ва унинг ўйнаши ҳозирча 14 та жиноятни бўйнига олди"


WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратда ўғирликда гумонланиб, ушланган шахслар акс этгани айтилган.
WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратда ўғирликда гумонланиб, ушланган шахслар акс этгани айтилган.
Ёлғиз қарияларни тунашда гумон қилиниб, 30 сентябр куни ушланган зангиоталик Жалолиддин Халилов билан Наргиза Ўразимбетовалар иши Ўзбекистон Бош прокуратурасига ўтказилди. Дастлабки тергов натижаларига кўра, "Халилов билан Ўразимбетова Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона шаҳрида жами 14 та жиноятни содир этганликни бўйнига олган".

14 та жиноятдан 5 тасида қотиллик содир этилган

Тошкент вилояти Зангиота тумани Ўртаовул қишлоғида яшовчи 37 яшар Жалолиддин Халилов ва 35 яшар Наргиза Ўразимбетованинг Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда содир этилган жиноятларни ҳам бўйнига олгани учун иш 1 октябрдан бошлаб, Бош прокуратурага ўтказилган.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манба хабар қилди.

“Халилов билан Ўразимбетова 30 сентябр куни Зангиота туман Ички ишлар бўлимининг уч нафар тезкор ходими томонидан ҳибсга олинган. Ўша куни кечки соат 9 яримларда улар Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига келтирилган. Бошқармадаги дастлабки сўроқ пайтида улар Чирчиқда ҳам ўғирлик қилганини айтгач, иш Бош прокуратурага ўтказилди”, дейди манбамиз.

WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.
WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.
Манбага кўра, Халилов билан Ўразимбетова Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона шаҳрида содир этилган жами 14 та жиноятни бўйнига олган. Ушбу жиноятларнинг бештасида ўлим ҳолати қайд қилинган.

“Бугун уларни қамоққа олишга санкция берилди. Чунки 14 та эпизодни улар бўйнига олаяпти. Балки эпизодлар аслида бундан ҳам кўпдир. 5 та эпизодда ўлим ҳам қайд қилинган. Лекин булар кириб, кампирларни ўлдирмаган. Уларнинг қўл-оёғини боғлаб, оғзини скотчлаб, каравотга юзи билан ётқизиб қўйишган. Кейин ўғирликни қилиб, кампирларни шу ҳолатда ташлаб, эшикни қулфлаб кетишган. Кампирлар нафас ололмай, ўлиб қолган”, дейди Озодлик манбаси.




Ўғирланган буюмлар : ваза, дазмол ва мантиқозон

Озодликка маълум бўлишича, 1 октябр куни Наргиза Ўразимбетованинг уйи тинтув қилинган. Тинтув пайти унинг уйидан жиноят жойидан ўғирланган ашевий далиллар топилган.

“Тинтув пайти улар битта вазани Чирчиқдан, яна бир вазани Алгоритмдан ўғирлаганини айтишди. Яна ўғирланган дазмол, мантиқозон топилди. Барча ашевий далиллар олиниб, уй печатланиб, калит участка нозирига берилган”, дейди вазиятдан хабардор манбамиз.

Шунингдек, манбага кўра, жиноят жойларидан олинган бармоқ излари текширилганда Халилов билан Ўразимбетованинг бармоқ излари 5 та ҳолатда тўғри келган.

“Кейин уларнинг уйи тинтув қилинган пайтда иккаласининг Фарғонага бориб- келган авиабилетлари топилган. Улар 21 сентябрда Фарғонада жиноят содир қилиб, қайтиб келишган”, дейди Озодлик манбаси.

“Босқинчилар эр-хотин эмас, ўйнашлар”

Халилов билан Ўразимбетов қўлга олинганида дастлаб уларнинг эр-хотин экани айтилган эди. Айрим интернет нашрлари эса уларнинг иккаласи ҳам собиқ милиция ходимлари экани ҳақида ёзди.

Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.
Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.
Бироқ Озодлик манбаси, бу иккала маълумотни ҳам инкор қилади.

“Халиловнинг оиласи бошқа. Ўразимбетова унинг ўйнаши бўлган. Бундан хатто Халиловнинг рафиқаси ҳам бехабар экан. Халилов савдо билан шуғулланиб келган. Унинг ўйнаши Ўразимбетова эса Зангиотадаги тўқимачилик фабрикасида ишлаган. Уларнинг милицияга умуман алоқаси йўқ”, дейди манбамиз.

Қизалоқ ҳам сўроқ қилинган

Манабага кўра, Халилов билан Ўразимбетова дастлаб иккаласи биргаликда ҳаракат қилаганини кейинги бир нечта жиноятни содир этишда улар Наргиза Ўразимбетованинг 11 ёшли қизи Моҳирани ҳам жиноятга шерик қилишган. Қизалоқ асосан қариялар ишончига кириш воситаси сифатида қўлланилган.

Моҳиранинг ҳозирда қаерда экани Озодликка маълум эмас. Манбага кўра, Моҳирани Бош прокуратура терговчилари сўроқ қилган.

Ўғриларга "Нексия" панд берди

Озодлик мухбири ўрганишича, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Миробод каби туманларида қилинган жиноятларда босқинчилар кулранг "Нексия" автомобилидан фойдаланган.

Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.
Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.
Милиция ходимларидан олинган маълумотга кўра, Халиловга тегишли "Нексия" ўғирликни очишда “ёрдам” берган.

“Уларнинг охирги ўғирлиги 26 сентябрда Чилонзорда бўлган. Бир неча одам уларнинг шошилиб, "Нексия"га ўтириб кетганини кўришган. Кейин шу ердаги кузатув камераларидан бирига ҳам "Нексия" тушиб қолган. Ғилдириги сакадискли кулранг "Нексия-1". Улар жиноят пайти сакадискни қўйишаркан, бошқа пайти эса уни ечиб, оддий ғилдиракни ўрнатиб олар экан. "Нексия" ҳам генпрокуратурада”, деди ишончли манбамиз.

“Malibu” эгаси ким?

Тошкент кўчаларига ёпиштирилган қидирув эълонларида талончилар ҳақида милицияга хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот пули ваъда қилинган.

Озодликка email орқали ёзган тошкентлик манбага кўра, ёлғиз қарияларнинг қотилларини қидириш ишларини шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўз назоратига олган.

“Шавкат Мирзиёев қотилларни топганга битта “Malibu” машинаси билан Тошкентдан уй берармиш” деган гап тарқалди", дея ёзган эди манбамиз.

Ҳозирча зангиоталик уч милиция ходимига босқинчиларни ушлагани учун қандай мукофот берилиши номаълум.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошган.

Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган бўлиб, бир хил сценарий асосида бир қанча гуруҳ ҳаракат қилган.
XS
SM
MD
LG