Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:29

Қирғизистонда янги омбудсман сайланди


Қирғизистоннинг янги омбудсмени Бақит Аманбаев.
Қирғизистоннинг янги омбудсмени Бақит Аманбаев.
3 октябрь куни Қирғизистон парламенти мамлакат янги омбудсманини сайлади. Эндиликда бу вазифани Ўш шаҳрининг собиқ вице-мэри Бақит Аманбаев бажаради.

Бақит Аманбаев номзодини ёқлаб Жўғўрқу Кенеш мажлисида иштирок этган 102 депутатдан 52 нафари овоз берди. Шу куннинг ўзида Аманбаев парламент депутатлари олдида қасамёд қилиб, Омбудсман институти фаолиятини ривожлантириш учун бор кучини сарфлашга ваъда берди.

Қирғизистон омбудсмани лавозими учун танлов июн ойида собиқ омбудсман Турсунбек Ақун истеъфога чиқарилганидан кейин эълон қилинганди.

Мазкур лавозим учун жами 49 номзод курашди. Курашнинг ҳал қилувчи босқичида номзодлардан икки киши – парламент депутати Асия Сасиқбаева ва сўнгги пайтларда “Айил деми” (Қишлоқ нафаси) газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаб келган Бақит Аманбаев қолганди.

Чоршанба куни омбудсман лавозими учун парламентда ўтказилган овоз бериш чоғида Асия Сасиқбаевани ҳамкасбларидан 45 нафаригина қўллаб чиқди ва у ғалабани қўлдан бой берди.

45 ёшли Бақит Аманбаев аввал Озодликнинг қирғиз хизматида ҳам ишлаган. 2005 йил инқилобидан кейин у Қирғизистон телерадиокорпорациясининг реклама-тижорат бўлимига раҳбарлик қилган. 2010 йилдаги инқилобдан кейин эса у қисқа вақт Ўш шаҳар вице-мэри лавозимида ишлаган.

Июн воқеаларидан кейин бу лавозимдан бўшатилган Аманбаев ўшанда шаҳар мэри Мэлис Мирзақматовни қонли воқеалардан бевосита иштирок бор, деган иддао билан чиққан, Мирзақматов эса бу айбловларни рад этганди. Шундан сўнг Аманбаев Қирғизистон парламентида бир ойча матбуот котиби вазифасини ҳам бажарган.

Қирғизистонда бу галги омбудсман сайлови осон кечгани йўқ. Аввало, собиқ омбудсман Турсунбек Ақун ўзининг ноҳақ ишдан олинганини айтиб, 18 кундан буён очликни давом эттирмоқда. У сайлов натижаларини тан олмоқчи ҳам, хизмат кабинетини бўшатмоқчи ҳам эмас.

Бунинг устига, кечаги овоз бериш чоғида ортиқча бюллетенлар чиқиб қолгани ҳам, айрим номзодлар фикрича, сайлов легитимлигини савол остига қўяди. Улар омбудсман сайлови ўта сиёсийлашиб кетди, сайлов чоғида коррупция аломатлари кўзга ташланди, деган фикрдалар. Хусусан, иккинчи босқичга парламент депутати Асия Сасиқбаева ва парламенти депутати Урмат Аманбаеванинг укаси Бақит Аманбаевларнинг чиқиши бунга яққол далилдир, демоқда улар.

Номзодларга кўра, буларнинг барчаси омбудсмен институти эътиборини тушириб юборади.
XS
SM
MD
LG