Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:19

Сирдарёда пахтага чиқмаган аҳоли электр тармоғидан узилмоқда


Сирдарёнинг Мирзаобод туманида милиция, ҳокимият ва электр тармоғи идораси вакиллари уйма уй юриб, пахтага чиқмаган хонадонлар электр симларини кесиб кетмоқда. Озодлик боғланган расмийлар бу хабарни тасдиқлай туриб¸ тадбирнинг “электр энергиясидан қарздорлик”ка барҳам бериш мақсадида амалга оширилаëтганини иддао қилди.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Ойдин маҳалласидаги аксар хонадонларнинг электр тармоғидан узиб қўйилгани ҳақидаги хабар шу туманда истиқомат қилувчи Озодлик манбасидан 2 октябрь куни келди:

Бугун уйда ҳеч ким йўқ эди. Кечқурун келсак бизнинг кўчадаги ҳамма уйларнинг светини бир чеккадан кесиб кетибди. Айтишларича¸ бизда ҳаммадан кўп қарз бор экан. Электриклар шу даражада “наглий” бўлиб кетибдики¸ ҳатто эгаси йўқ уйнинг ҳовлисига кириб, томга чиқиб светни узишибди. Биз электр пулини тўлаганмиз, қарзимиз йўқ эди. Лекин яна қаердандир қарздор қилиб қўйишибди”, деб ёзади Озодлик манбаси.

Давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган мирзаободлик Ўктамжон ҳамшаҳари ёзган мактубдаги гапларда жон борлигини айтар экан, сим кесишларнинг пахта терими билан боғлиқ эканини қўшимча қилади:

- Уч кундан буён вазият жуда оғирлашди. Бозорлар, дўконлар ҳаммаси кечгача ёпилди. Тошкентдан келган мелисалар ҳокимият вакиллари, электрчилар билан бирга юриб ҳаммани пахтага қуваяпти, чиқмаганларнинг светини кесиб ташлаяпти. Асосан пахта учун бўлаяпти, деди Ўктамжон.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, мирзаободлик Исроилжон Ризаевнинг айтишича, одамлар пахта теримига тўланадиган ҳақ жуда кам бўлганлиги учун ҳам теримга бормаяпти ва ҳокимият шундай зўравонлик усулларини қўллаш билан одамларни пахтага чиқаришга ҳаракат қилаяпти:

- Ҳокимият вакиллари, электрчилар, маҳалла посбонлари, участка нозири группа бўлиб уйма-уй юрибди. Қарздорлик ҳам дейишаяпти, пахтага чиқмагансан¸ деб ҳам кесишаяпти. Энди аҳолининг тирикчилиги ҳозир электр энергияси билан боғлиқ. Буни ҳукумат яхши билади ва электр энергиясини узиш билан қўрқитиб, зўравонлик қилаяпти, деди Исроилжон Ризаев.

Мирзаобод тумани ҳокими Абдурасул Баротбоев Озодлик билан суҳбатда аҳолининг электр таъминотидан узилиб қўйилаётгани ҳолатлари борлигини тан олди. Бироқ ҳокимга кўра, бу пахта мавсуми билан боғлиқ эмас:

- Бутун маҳалла эмас, кимда қарздорлик бўлса ўшалар кесилаяпти. Дебитор қарздорлик жудаям кўпайиб кетган. Бу битта бизда эмас, бутун республика бўйича бўлаяпти.Пахтанинг бунга умуман алоқаси йўқ, қарздорликни ундиринглар дейилаяпти, деди Мирзаобод тумани ҳокими Абдурасул Баротбоев.

“Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими инспектори Алибек Кенжаев ҳам Озодлик билан суҳбатда, дебитор қарздорлиги бор хонадонлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида электр тамоғидан узилаётганини айтди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил, 1 ноябрдаги 511-сонли қарори бор. Шу қарор бўйича қарздор истеъмолчилар тармоқдан узилиши ҳақида огоҳлантирилаяпти ва қарзини тўламаса узилаяпти. Аҳолига ҳар ойда бериладиган электр энергияси пулини ундириб олиш қийин бўлаяпти ва шунинг ҳисобидан қарздорлик ошиб кетаяпти, деди Алибек Кенжаев.
XS
SM
MD
LG