Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

АҚШда 16 қозоғистонлик ва бир ўзбекистонлик товламачиликда айбланмоқда


Пайшанба куни АҚШнинг Сан Диего шаҳрида тўртта йирик товламачилик иши бўйича суд жараёни бошланади. Сохта ҳужжатлар асосида АҚШ солиқ идорасидан бир неча миллион доллар ўмаргани айтилаётган 55 нафар айбланувчи орасида Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.


2000 нафардан зиёд америкаликка тегишли бўлган шахсий маълумотларни ўғирлаб солиқ идорасидан катта миқдорда пул ундирганликда гумонланган 22 киши ўтган ҳафта АҚШнинг Лос Анжелес, Сан Диего, Лас Вегас шаҳарлари ва Мэриленд штатида ҳибсга олинди.

Мазкур жиноятга алоқадорликда гумонланган яна 33 киши ҳозирча қўлга олинмади. Маълумотларга кўра, улардан 21 нафари АҚШ ҳудудини тарк этган.

Франс Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, ўн иккита жойда ўтказилган тинтув давомида полиция 13 000 доллар нақд пул ва тўртта ўқотар қуролни қўлга туширган. Қуролларнинг учтаси рўйхатдан ўтказилмаган бўлган.

29 шахс 2000 нафардан зиёд америкаликка тегишли маълумотни ўғирлаб¸ шу маълумотлар ёрдамида АҚШ солиқ идорасидан ортиқча тўлангани иддао қилинган 17 миллион доллар қайтариб берилишини талаб қилган. Солиқ идораси уларга 7 миллион доллардан ортиқроқ пул қайтарган.

Тергов идораларига кўра¸ АҚШ тарихидаги йирик товламачиликда гумонланаëтганлар ҳатто (ҳаётда) йўқ одамлар номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб солиқ идорасига топширган.

Ушбу йирик товламачиликка алоқадорликда гумонланган шахслар ораси 26 яшар Ўзбекистон фуқароси Марсал Медет ҳам бор.

Молиявий фирибгарликларда Ўзбекистон фуқаросининг қандай рол ўйнагани ҳозирча маълум қилинмади.

16 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам йирик товламачиликка алоқадорликда гумонланмоқда¸ ҳозирча улардан фақат бир нафари ушланган.

Тергов материалларига кўра, жиноий гуруҳга Арманистон фуқаролари ёки америкалик арманлар бошчилик қилган. Улар тўртта схема бўйича солиқ идорасидан пул ундирган.

Биринчи схема бўйича, АҚШга студент визаси билан келган хорижлик ёшлар мамлакатда узоқ муддат қола олмагани сабабли жиноятчилар улардан устамонлик билан фойдаланган.

Хусусан, хорижлик ёшлар банкларда ўзларига ҳисоб рақамлари очишган, почта қутиларни ижарага олишган. АҚШ солиқ идораси пулларни айнан ўша почта адресларига жўнатган.

Студентлар келишилган миқдордаги пулни ўзларига олишган ва қолганини товламачиларга беришган. Бу товламачиликка алоқадорликда гумонланган студентларнинг айримлари ўз ватанларига аллақачон қайтиб кетган.

Иккинчи схема бўйича айбланаëтган уч шахс ўғирланган шахсий маълумотлар асосида солиқ идорасига 440 та сохта декларация топширган. Жиноятчилар бу схема орқали тахминан 3 миллион доллар “ишлаб олиш”га умид қилган.

Учинчи жиноят иши бўйича саккиз киши айбланмоқда. Улар Wells Fargo банкининг бадавлат мижозларига оид маълумотларни ўғирлаб, катта миқдордаги пулни ўзлаштиришга муваффақ бўлган. Хусусан, жиноятчилар ўз ташқи кўринишларини ўзгартириб банкларга боришган ва маълумотлари ўғирланган мижозлар ҳисоб рақамларидаги пулларни олтин олди-соттиси билан шуғулланувчи дўконлар ҳисобига ўтказишган.

Кейинроқ тавламачилар тиллачилардан олтин тангаларни олиб ғойиб бўлишган. Жиноятчилар бу схема бўйича 3 миллион доллар ўғирлашни режалаган. Аммо улар 550 минг доллар ўмаришга улгурган.

Тўртинчи жиноят иши бўйича 18 шахс айбланмоқда. Улар пул бўлмаган банк ҳисоб рақамларидан чеклар ёзиш орқали Америка Банкидан 600 минг доллар ўғирлашга маваффақ бўлган.

АҚШдаги тегишли органлар мазкур товламачиликка алоқадорликда гумонланган ва ҳозирча қўлга олинмаган бошқа шахсларни қидирмоқда.

Айни пайтда, АҚШни тарк этган 21 шахснинг кимлигини аниқлаш устида иш олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG