Линклар

logo-print

“ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги миллатчи саҳифалардан бирида пайдо бўлган видеороликда ўзини “империячи славянлардан” эканини иддао қилган шахс тақирбош-ирқчилар кийим-кечак ва байроқларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганини исботлаб берди. Айни пайтда, ўзбек мардикорлари қўли билан тикилган кийимни кийиб олган рус миллатчилари Москва марказида навбатдаги оммавий юришга ҳозирланмоқда.

“Made in Uzbekistan”

2 октябрь куни “ВКонтакте” тармоғида “Евпатий Коловрат” Славян радиоси саҳифасида пайдо бўлган видеонинг пайдо бўлиши миллатчилар орасида катта тортишув келтириб чиқарди ва “миллий славян ғоясига” жиддий путур етказишга улгурди.

“Ўзбеклар миллатчилар учун кийим тикмоқда, айни пайтда “ВКонтакте”даги рус гуруҳлар уни бошқа русларга тарқатмоқда. Ажойиб!”, деб сарлавҳаланган бу видеонинг ким томонидан суратга олингани ҳозирча номаълум қолмоқда. Аммо унинг муаллифи “славян биродарлари” эътиборини бундай ҳамкорликнинг “фожиа”сига қаратади:

- Хайрли кун, менинг рус оғайниларим, славян биродарлар... Нима учун мен бу видеода “ВКонтакте”даги рус гуруҳларида сотиб олинган байроқ, поло, ватанпарварлик футболкаларини тасвирга олаётганимни тушунтирмоқчиман, дея бошлайди ролик муаллифи ва деворда чиройли қилиб осиб қўйилган “Россия империяси” ёзуви битилган футболкаю миллатчиларнинг қора-сариқ-оқ рангдаги “империя” байроқларини кўрсатади.

У кийим-кечакни айнан миллатчи руслардан сотиб олганини гапирар экан, мухлисларга яна бир бор рус миллатчилиги ғояларини эслатиб қўяди:

- Биз, рус миллатчилари, ноқонуний миграция билан курашаяпмиз, Россияни Ўрта Осиёдан келган миллионлаб легал ва нолегал мигрантлар эгаллаб олишига қарши курашаяпмиз. Энди сотиб олаётган ва сотаётган кийимларимизга эътибор берайлик. Мана поло кийими – кўринишидан чакки эмас, уни кийиб юришни ёқтираман, лекин лейблига эътибор бериб, кўзим тушган нарсани қаранг: “Made in Uzbekistan”. Этим жунжикиб кетди буни кўриб! дейди севимли футболкасини ўзбеклар қўли билан ишлаб чиқарилганини тасаввур қилганидан ўзини ёмон ҳис қилганини айтаëтган рус миллатчиси.



У кейинги футболкани ҳам намойиш этиб, унинг ёрлиғида русчалаб чиройли қилиб “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб ёзилганини кўрсатади:

- Бу алаҳсирашку, чин сўзим, ақл бовар қилмайди! дея якунлайди ўз видеосини миллатчи йигит.

Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаётган видеога келган изоҳлардан бирида “Павел Тернулин” номи остида қолдирилган шарҳда киноя билан “Улар (миллатчилар.- таҳр.), шунингдек, ўзбеклар тозалаётган кўчаларда юради, ўзбеклар юваётган подъездларда яшайди, ўзбеклар қураётган ва таъмирлаётган уйларда яшайди”, дейилади.

“Бу видеони ўзбекларга кўрсатманг: улар ёрлиқларни ўзгартиришга тушади!”, дея ҳайқиради “Угон Трамваев”.

Изоҳ қолдирган яна бир шахс Москвада неофашистлар учун кийим сотишга ихтисослашган Thor Steinar дўкони сотувдаги барча кийимлар Исроилда ишлаб чиқарилишини маълум қилди.

Рус миллатчилари юришга тайёргарлик кўрмоқда

Ижтимоий тармоқда пайдо бўлган видеодан ҳануз ўзига кела олмаётган Москва миллатчилари ва тақирбошлари ўз асосий душманлари деб кўриладиган мигрантларга қарши оммавий юришларда иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Озодлик олган маълумотга кўра, шу йилнинг 4 ноябрь куни ўтадиган “Рус марши”га миллатчилар яланғоч келиш ниятида эмас. Зеро бу намойиш ўтадиган кун Москвада ҳаво ҳароратининг совуқ бўлиши кутилмоқда.

“Русские” миллатчилар ташкилоти раҳбари Александр Белов-Поткин чоршанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида¸ бу маршга 30 минг кишини жалб қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Бу маршда православ миллатчилар гуруҳларининг ҳам иштирок этиши айтилмоқда. Миллатчилар лидерларидан бўлган Владимир Тор маршга Навальний, Собянин ва ҳатто президент Владимир Путин ҳам таклиф этилганини билдирди. У “Рус марши” йилдан йилга оммалашиб бораётгани ва деярли барча йирик шаҳарларда ўтказилади, деди.

9 йилдан бери ўтаётган бу маршларда ҳозирга қадар 20 мингдан зиёд йиғилмаган.

Москванинг Люблиноси эмас, қоқ марказида ўтказишга тайёрланаётган бу йилги намойиш 14 ҳарфдан иборат шиор остида ўтиши кутилмоқда.

Москванинг Люблиноси эмас, марказида ўтказишга тайёрланаётган бу йилги намойиш 14 ҳарфдан иборат шиор остида ўтиши кутилмоқда.

- Бу 14 ҳарф тоабад “Рус марши”нинг шиори бўлиб қолади. “Биз Рус еримизни ўз келажагимиз ва рус болаларимиз келажаги учун сақлаб қолишимиз керак!” мана бизнинг шиоримиз, дейди “Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат”и қонун томонидан таъқиқланганидан кейин “Русские” ҳарақатини тузиб уни бошқариб келаётган Александр Белов-Поткин.

Қўшимча қилиш жойизки, шиор муаллифи Дэвид Лэйн 14 кодини “88” рақами билан бирга ишлатгани, у рақам эса “Хайл Гитлер” маъносини англатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG