Линклар

Туркманистон ҳукуматидан маҳбусларни тирик кўрсатиш талаб қилинди


2002 йилда Туркманистон президенти С.Ниёзовга суиқасд уюштирганликда айбланиб қамалганлардар бири, собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов.

2002 йилда Туркманистон президенти С.Ниёзовга суиқасд уюштирганликда айбланиб қамалганлардар бири, собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркманистон ҳукуматидан собиқ президентга суиқасд уюштирганликда айбланиб қамалган маҳбуслар тақдирига оид маълумотлар ошкор этилиши талаби билан “Уларни тирик кўрсатинг” номли ташаббусни бошлади.

АҚШдаги Crude Accountability ташкилоти, Россиянинг Инсон ҳуқуқлари институти, фуқаролик жамияти ва туркманистонлик фаоллардан иборат гуруҳ аъзолари Туркманистонда узоқ муддатга қамалган маҳбуслар тақдири хусусида хавотир билдириб, “Уларни тирик кўрсатинг” номли ташаббусни бошлади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Туркманистон ҳукуматидан 2002 йилда собиқ президент Сапармурод Ниёзовга қарши уюштирилгани иддао қилинган суиқасддан кейин ҳибсга олинган ва ёпиқ маҳкамада узоқ муддатларга қамалган ўнлаб маҳбус ҳақидаги маълумотлар ошкор этилишини талаб қилдилар.

Россиялик журналист, Марказий Осиё бўйича мустақил таҳлилчи Аркадий Дубнов Озодлик радиосининг туркман хизматига берган интервюсида инсон ҳуқуқлари фаоллари илгари сурган “Уларни тирик кўрсатинг” ташаббусидан кўзланган мақсад 10 йилдан бери ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот берилмай келинаётган ўнлаб маҳбус тақдиридан воқиф бўлиш эканини айтди.

- Ташаббусчилар эришмоқчи бўлган асосий натижа, мен айтиб ўтганимдек, иккита талабнинг бажарилишидир. Биринчи талаб, “уларни тирик кўрсатиш”. Агар бу имконсиз бўлса, улардан қайсилари оламдан ўтганини айтиш. Чунки 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳеч қандай маълумот олинмаган маҳбусларнинг оила аъзолари мислсиз қийноқларни ҳис этиб келмоқдалар. Иккинчи талаб, бу фожиа тафсилотини ўрганиш учун ЕХҲТ ишчи гуруҳининг Туркманистонга боришига рухсат беришдир.

2002 йил ноябрида Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштиргани иддаоси билан қамалганлар орасида Туркманистон собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов, собиқ вазир, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги Туркманистоннинг собиқ элчиси Ботир Бердиев ҳам бор.

Москвадаги “Мемориал” маркази маълумотига кўра, 2003 йил февралида иддао қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланиб 55 киши қўлга олинган.

Аркадий Дубнов қатор давлатлар вакиллари инсон ҳуқуқлари фаоллари илгари сурган “Уларни тирик кўрсатинг” ташаббусини қўллаб-қувватланганини қўшимча қилди:

- АҚШ, Швейцария, Норвегия делегациялари аъзолари, турли давлатлардан келган ноҳукумат ташкилотлар вакиллари бу ташаббусни амалга ошириш учун бор имкониятни ишга солган ҳолда уни қўллаб-қувватлашга ваъда бердилар.

Аркадий Дубнов агар Туркманистон ҳукумати ЕХҲТ, бошқа халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари илгари сураётган ташаббусни бажаришдан бош тортса, бу Ашхобод учун кўнгилсиз оқибатларга эга бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Агар Ашхобод ҳукумати халқаро ҳамжамият аъзоси бўлиб қолишни хоҳласа, бу талабларни бажаришдан бош тортганлик учун қандай жавоб бериши мумкинлиги тўғрисида ўйлаб кўрмаган кўринади. Бу Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва мамлакатдаги режим учун жиддий чақириқ, -деди россиялик журналист Аркадий Дубнов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG