Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:33

"Фуқаролиги йўқ шахс"ларга “чиқиш виза”си бериш олти ойгача чўзилаяпти


Яшил паспортга эга бўлиш Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган хорижлик ўзбекларнинг аксарияти учун қарийб чорак асрдан буён орзулигича қолмоқда.
Яшил паспортга эга бўлиш Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган хорижлик ўзбекларнинг аксарияти учун қарийб чорак асрдан буён орзулигича қолмоқда.
Ўзбекистонга қўшни давлатлардан кўчиб келган ўн минглаб одамга 20 йилдан буён фуқаролик берилмаяпти. "Фуқаролиги йўқ шахс"ларнинг хорижга чиқишига рухсат берувчи визаларни олиш жараëни эса¸ Озодлик суҳбатлашган расмийлар иқрорича¸ олти ойгача чўзилмоқда.

Ўзбекистонда кўп йиллардан буён "Фуқаролиги йўқ шахс" гувоҳномаси билан юрганлар энг фундамендал ҳақлари ҳам муттасил бузилиб келаëтганидан шикоят қилади.

Озодликнинг электрон почтасига келган мактублардан бирида бу ҳақда бундай дейилади:

“Фуқаролиги йўқ шахслар учун чет элга чиқиш кириш ва фуқаролик бўлими (ХЧКваФ олдинги ОВИР) томонидан чет элга чиқиш визаси 15 иш кунида кўриб чиқилиши қонунда белгиланган. Лекин бечора фуқаролиги йўқ шахслар 6 ой кутишга мажбур бўлмоқда. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳри ХЧКваФ бўлимларида давом этиб келаётганлигини аниқ айтоламан. Балки бошқа вилоятларда ҳам шундайдир”, деб ёзилади мактубда.

Собиқ иттифоқ тарқалганидан сўнг, Ўзбекистонга қўшни давлатлар, асосан 1992-97 йилларда фуқаролик уруши домига тортилган Тожикистондан ўн минглаб одам кўчиб келган.

“Фуқаролик тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига мувофиқ фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистонда беш йил яшаганидан сўнг Президент номига ариза ёзиб, фуқаролик берилишини сўрашлари мумкин.

Бироқ шу пайтгача, бу ҳақда ёзилган минглаб аризалар жавобсиз қолмоқда. Фуқаролиги йўқ шахсларнинг хориж давлатларига чиқишга рухсат сўраб ёзган аризаларига эса ойлар давомида жавоб берилмаяпти.

Тошкент ҳукумати қарори билан нафақат хориждан келган ўзбеклар, балки маълум бир муддат мамлакатни объектив сабаблар билан тарк этган ўзбекистонликларга ҳам фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномалари берилган.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида истиқомат қиладиган муҳандис-механик Отажон Аминбоев (исм-шарифи ўзгартирилган –таҳририят) 1988 йилда Россиядаги университетлардан бирига ўқишга кетган.

У 1994 йилда ўқиб қайтганидан сўнг қайдга олинган, бироқ унга Ўзбекистон паспорти берилмаган:

- СССР пайтида Россияга ўқишга кетган эдим. 1991 йилда СССР бузилиб кетди. 1994 йилда муҳандис бўлиб Ўзбекистонга қайтдим. 1999 йилда паспортларни алмаштирдилар. Кейин менга айтдиларки¸ 1992 йилда Фуқаролик тўғрисидаги қонун чиққан, сиз шундан кеийн келгансиз, яшил паспорт бермаймиз, дейишди. Беш йилга фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси берамиз, кейин паспорт берамиз дейишди, дейди Отажон.

Унинг айтишича, орадан неча беш йиллар ўтиб кетганига қарамай, Отажон ўз туғилган юртида фуқаролиги йўқ шахс мақомида қолмоқда:

- Икки марта, ҳар беш йилда президент номига ариза ёздим. Жавоб бўлмади. Ўзбекистон парламентига, Миллий хавфсизлик хизматига ўнлаб аризалар ёздим, ҳамма ёқ жим-жит. Фақат кейин Хоразм вилояти ОВИРидан чақириб, сиз нега ариза ёздингиз¸ деб пўписа қилиб, тушунтириш хати ёзиб олдилар. Мен жуда қийналиб кетдим. Бу гувоҳнома билан бошқа давлат визасисиз ҳеч қаерга чиқа олмайсиз, деди Отажон.

Фарғоналик 33 ёшли дурадгор Аслиддин ҳам 1993 йилда Тожикистондаги фуқаролик урушларидан сўнг ота-онасининг тарихий ватани Ўзбекистонга кўчиб келган. У ҳам 20 йилдан буён фуқаросизлик қисматидан азоб чекаётганини айтади:

- Биз ўзбекмиз, бувим СССР пайтида Душанбега келин бўлиб тушган эди. Урушда қайтиб келдик. Бироқ бувимга ҳам, кейинчалик бизга ҳам "Фуқаролиги йўқ шахс" гувоҳномаси беришди. Ўзим Тошкентда, бошқа шаҳарларда устачилик қиламан. Милиция кўчада ушлаб олса роса қийнайди. Ҳозир ҳам Тошкентда бир хонадонда бир ойдан буён кўчага чиқмай ишлаяпмиз, дейди Аслиддин.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда фуқаролиги йўқ шахсларга чиқиш визаси берилиши кечикаётганини тасдиқлар экан, бунинг сабабларини шундай изоҳлади:

- Фуқаролиги йўқ шахсларга четга чиқиш визасининг берилиши олти ойлаб чўзилиши бор нарса. Бунинг сабаби, бу шахсларнинг четга чиқишини биргина биз текширмаймизда. Биздан юқорида турадиган идоралар бор. Масалан¸ МХХ. Улар қачон рухсат берса¸ кейин биз берамиз, бу бизга боғлиқ эмас, дейди бошқарма ходими.

Суҳбатдошимиз, шунингдек, фуқаролиги йўқ шахсларга нега фуқаролик берилмаётгани сабабини ҳам изоҳлади:

- Қонун бўйича фуқаролик беришга рухсат бор. Лекин бу аризаларни ҳам юқори ташкилотлар ва президент девони кўриб чиқади. Улар бир нима демаса¸ биз ҳеч нарса қилолмаймиз, деди ИИВ ходими.

Ўзбекистонда "Фуқаролиги йўқ шахс" деган мақомда юрганлар сонига оид расмий маълумот йўқ.

2005 йилгача Ўзбекистонда фаолият юритган БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Абдул Карим Гул мамлакатда Тожикистондан келган 39 минг муҳожир бор эканлигини, уларга "Фуқаролиги йўқ шахс" гувоҳномаси берилганини айтган эди.

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ¸ собиқ иттифоқдаги бошқа давлатлар СССР тарқаганидан сўнг ўз тарихий ватанига қайтиб келганларга фуқаролик беришни йўлга қўйган.

Мустақил ҳамдўстлик давлатлари орасида фақат Ўзбекистон "Фуқаролиги йўқ шахс"ларни ана шу мақомда 20 йилдан буён сақлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG