Линклар

logo-print

Москвада тайёрланган норин Гиннес рекордлар китобига киритилди


Рекорд ўрнатган норинни ҳозирлаш жараëнига ўзбекистонлик таниқли ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилик қилди ва унинг сўзларига кўра, бу рекордга олти кун давомида тайёргарлик кўрилган.

Рекорд ўрнатган норинни ҳозирлаш жараëнига ўзбекистонлик таниқли ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилик қилди ва унинг сўзларига кўра, бу рекордга олти кун давомида тайёргарлик кўрилган.

3 октябрь куни Москвада янги очилган “Қозон” ўзбек ресторанида қарийб бир ҳафта ҳозирланган норин Гиннес рекордлар китобига киритилди. Оғирлиги ярим тоннадан ошган бу норинни ҳозирлаган Россиядаги ўзбек ошпазлари Наманганнинг Норинида 2011 йилда ўрнатилган олдинги рекордни ортда қолдирдилар.

Россия шеф-ошпазлари Миллий гилдияси ва Рекордларни қайд этиш бўйича “Интеррекорд” халқаро агентлиги 3 октябрь куни Москвадаги “Қозон” ўзбек чойхонасида дунёда энг катта норин тайёрлаш бўйича рекорд ўрнатди.

Ўзбекларнинг шоҳ таомларидан саналган норин тайёрлашга Россия шеф-ошпазлари Миллий гилдияси раҳбари Александр Филин ва машҳур ўзбек ошпази, ўзбек таомлари бўйича қатор китоблар муаллифи фарғоналик Ҳаким Ғаниевлар таклиф этилди.

Рекорд ўрнатиш тадбирига Россия бизнеси, сиёсати, санъати ва спортининг таниқли намояндалари таклиф этилди.

Жумладан, рекордга даъвогар норин тақдимотига таклиф этилган меҳмонлар орасида қўшиқчи Наталья Нурмуҳамедова, депутат Алексей Митрофанов, бошловчилар Анна Шатилова, Владимир Гомельскийлар, бодибилдер Александр Невский, “рус ботири” номига сазовор бўлган “Жаҳоннинг энг кучли одами” Александр Муромский, қизиқчи Лион Измайлов, Анна Терехова, “Москва гўзали” Элина Глазунова, актёр Александр Пятков ва бошқалар бўлди.



Норин рекордини ўрнатиш ғояси, ресторан раҳбарларидан бирининг сўзига кўра, бир неча йил олдин пайдо бўлган:

- Бу ғоя Ўзбекистоннинг Норин шаҳрида бундан икки йил олдин 211 килоли норин тайёрланганини эшитганимиздан кейин бизда пайдо бўлди. Биз бу рекордни осонлик билан уриб ташлашимизни тушундик. Бугун эса буни барчангиз олдида исботлашга уриниб кўрамиз. Москва мана шунақа рекорд ўрнатишга иштиёқманд шаҳар! Биз келажакда нафақат норин, балки умуман меҳмонларимизни ўзбек ошхонасининг энг ажойиб овқатлари билан меҳмон қилиш ниятидамиз, деди ресторан эгаси.

Норинни ўз қўллари билан тайёрлашда иштирок этган кеча меҳмонлари ва мезбонлари ўзбек таомларига “севги” изҳор этиб, Ўзбекистон билан боғлиқ ўтмишдаги хотиралари билан ўртоқлашди.



Кечага ташриф буюрган қизиқчи Лион Измайлов Тошкентда ош ошаганини эслади:

- Раҳматли қизиқчи дўстимиз Александр Иванов билан Тошкентда бўлганимизни эслайман. Бир урф бор экан: мезбон меҳмоннинг оғзига “ғишт” қилинган ошни солиб юборар экан ва уни ютиб бўлиб, меҳмон ўз исми шарифини тўлиқ айтиши керак экан. Сашани оғзига ошни солишганидан кейин у анчагача юта олмасдан дами ичига тушиб ўтирди, кейин ошни қайтариб қўлига олиб “Қизиқчи Александр Иванов!”, деди, деб кулади Лион Измайлов.

Норин кесишга чақирилган актриса, бошловчи Анна Терехова онаси – машҳур рус актрисаси Маргарита Терехова урушдан кейин Тошкент шаҳридаги Қорақамишда улғайгани, Тошкент Давлат университетининг физика-математика факултетини битиргани ва ўзбекча таом тайёрлашда уста бўлганини эслади.

Машҳур бошловчи Анна Шатилова эса бир инглиз дўстига палов тайёрлаб бериб, уни бир зумда ўзбек ошхонаси шинавандасига айлантира олгани билан фахрланди.

Депутат Алексей Митрофанов норинни советлар даврида татиб кўргани ва унга муносиб баҳо берганини айтди.

- Мен ўзбек ошхонасини Россиядa энг машҳур деб ҳисоблайман, деди Озодлик билан суҳбатда сиёсатчи.

Россия шеф-ошпазлари Миллий гилдияси раҳбари Александр Филин Озодликка нима учун айнан норин рекорди ўрнатишга киришишганини гапиради:

- Менимча, ўзбек ошхонаси россияликлар, москваликлар учун шу даражада ўзимизникилашиб кеттики, мана шундай улкан норинни тайёрлашга қўл урдик. Сиз уни татиб, кейин баҳо беринг. Билишимча, бундан катта норинни ҳеч ким тайёрламаган, деди Александр Филин.

Ўзбекистонлик ошпаз Ҳаким Ғаниев норин масаллиқлари махсус Тошкентдан келтирилганини гапиради:

- Қази махсус Тошкентдан. Хамирини мана бу йигитларимиз билан бирга тайёрладик, кесдик. Ошпазларимиз ҳам ҳаммаси Ўзбекистоннинг турли жойларидан келган, дейди ўз “асарини” намойиш қилган Ҳаким Ғаниев.

Бош ошпазнинг сўзларига кўра, бу рекордга олти кун давомида тайёргарлик кўрилган.

Норинни тарозида ўлчашга тадбир бошловчиси Олег Назаров бодибилдер Александр Муромскийни ёрдамга чақирди. Норинни тортишдан олдин Муромский ошхона маъмуриятига лол қолган мухлислар кўз олдида қўллари билан қоғозга ўхшатиб ўраб берган товани совға қилди. “Интеррекорд” вакили Влад Копилов эса тарозидан ўтган нориннинг оғирлиги 500 килою 300 граммни ташкил этганини эълон қилди.

Норин рекорди ташаббусчилари “Тошкент, Ўзбекистон” деганда¸ албатта¸ “Ялла” гуруҳини ёдга олишларини гапириб, тайёрланган нориндан таниқли бу гуруҳ аъзоларига экспресс-почта орқали жўнатилганини билдиришди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG