Линклар

Ўзбекистондаги Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси, деб аталувчи норасмий ташкилот фаолларининг Озодликка айтишларича, шанба куни эрталаб Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида милиция ходимлари ўттиздан зиёд мардикорни пойтахтда пропискадан ўтмаганини пеш қилиб, мажбурий тарзда пахтага олиб кетган.

Сирдарёлик 32 ёшли Ҳусниддин ўзи қатори бошқа мардикор йигитлар билан тирикчилик илинжида шанба куни эрталаб Тошкентдаги Қўйлиқ бозорига чиққанида милиция ходимлари тарафидан ўраб олиниб, пахтага олиб кетилганини айтади:

-Тирикчилик қилиш учун Қўйлиқдаги бозорга чиққан эдик, мен билан бирга бўлган ўттиздан зиёд ишчини бугун милиция автобусга босиб олиб кетди. “Бекор юрибсизлар, прапискасиз, давай пахтага ҳамманг”, деб олиб кетди. Мен зўрға қутилиб қолдим. Билишимча, улардан текин ишчи сифатида фойдаланишаётган экан.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийлари бу юзадан изоҳ бермади.
Ўзбекистондаги Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси фаолларига кўра, бу милиция ходимларининг ўзбошимчалиги бўлиши ҳам мумкин.

- Ҳозир давлат ҳизматчилари пахтага ҳайдаляпти. Пахтага боришни хоҳламаганлар ўрнига мардикорни ёллаб, пулга пахта тердириши ҳоллари кўпайиб кетди. Кимдир шу пешона тери билан тирикчилигини қилаётган мардикорларни қўрқитиб, уларни меҳнатидан бепул фойдаланмоқчи бўлаяпти, шекилли. Чунки, пахтага олиб кетилган танишларимнинг айтишича, улар бепул ишлатиляпти. Милиция: "Пахта термасанг вилоятларингга ҳайдаворамиз", деб қўрқитаётган экан, -дейди Ўзбекистондаги Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси фаолларидан бири Фаҳриддин.

Кузатувчиларга кўра, мажбурий болалар меҳнати боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий тарзда жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Болалар ўрнига ҳукумат пахтани қўлда териб олиш жараëнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, жумладан, шифохона ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини мажбур этмоқда.

Сўнгги йилларда эса пахта мавсумида мардикорларнинг ҳам бозори чаққонлашгани кузатилади.

-Ҳозир тирикчилигимиз пахтадан бўляпти. Килосига ўзи 200 сўм атрофида оламиз. Лекин айрим давлат ишида ишлайдиганлар килосига 300 сўмдан ҳам беради. Ўзи пахта термай уйида ўтиради, уни ўрнига биз терамиз, - дейди исмини айтмаган ўзбек мардикорларидан бири.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқаросини, жумладан, ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларни оғир шароитда пахта теришга мажбур қилган.

Шу кунга қадар дунёнинг юздан зиёд чакана савдо ширкати мажбурий меҳнат эвазига етиштириладиган Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG