Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:43

HRW Сочидаги муҳожир овидан ташвишда


Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Сочида полициянинг муҳожирларни тутиш бўйича ўтказилаётган рейдларга қарши чиқди.

Муҳожирларнинг кўпи ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ғайриинсоний деб баҳолаган шароитларда сақланмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Олимпиада арафасида оммавий “облавалар” ва қўлга олишлар бас қилиниши лозим.

Полиция рейдлари Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткачёв 3 сентябр куни Сочини ноқонуний муҳожирлардан тозалашга чақириғи билан чиққанидан кейин бошланганди.

Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Андрей Королевнинг хабар қилишича, ўлка расмийлари чет элликларни қўлга олиш ва уларни вақтинча сақлаш марказларига кузатиб қўйиш, сўнгра эса депортация қилишлари лозим бўлган куч ишлатар тизим ходимлари, Федерал миграция хизмати вакиллари ва казаклардан иборат 60 та мобил гуруҳ тузганларини маълум қилганлар. Краснодар ўлкаси губернатори мазкур акцияни гастарбайтерлар шартнома муддати тугаганидан кейин ҳам жон-жаҳдлари билан Россияда қолишга уринаётганлари ва яшириниб юрганлари билан изоҳлаган.

Human Rights Watch ташкилоти Сочидаги олимпия объектларидаги қурилишларида ишлаётган муҳожирлар муаммолари ҳақида биринчи марта баёнот бераётгани йўқ.

“Сочидаги кўплаб ширкатлар томонидан меҳнат муҳожирларига, жумладан, асосий олимпия объектларида ишлаётганларга нисбатан муносабат аввал ҳам расво бўлган, ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда, - дейди Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Жейн Бюкенен. – Аммо расмийлар Сочида меҳнат муҳожирлари эксплуатациясига барҳам бериш бўйича самарали чоралар кўриш ўрнига, афтидан, барча кучларни уларни “овлаш” ва “сургун қилиш” учун ташлаган”.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Сочидаги қурилишларда аксарияти Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган ўн минглаб ишчи меҳнат қилади.

HRW ҳақ-ҳуқуқсиз муҳожирлар эксплуатация қилинганига оид кўплаб ҳужжатларга эгалигини таъкидлайди. Мазкур ҳужжатларда уларга ойлаб маош тўланмагани ёки қилинган иш учун умуман ҳақ тўламангани, муҳожирларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатлари тортиб олингани, улар билан меҳнат шартномаси имзолаш ёки иш учун рухсатнома расмийлаштиришдан бош тортилгани кабилар акс этган.

Ҳуқуқ фаоллари бу каби қонунбузарликларга ишчилар асосий спорт мажмуалари бўлмиш Олимпия қишлоғи, марказий олимпия стадиони ва асосий медиамарказ қурилишларида ҳам дуч келганларини урғулайдилар.

Бироқ Россия расмийлари бунақа қонунбузарликлар бор бўлган тақдирда ҳам, улар оммавий характерга эга эмаслигига ишонтиришга уриниб келмоқдалар.

“Халқаро ҳисоботга арзигулик бунақа кўламли шикоятлар тушмаган. Агар бундай ҳодисалар оммавий характерга эга бўлса эди, мен бу ҳақда албатта билган бўлардим”, - деганди, жумладан, аввалроқ Россия бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Козак.

Human Rights Watch ташкилоти вакилларига кўра, Халқаро олимпия қўмитаси бу каби қонунбузарликлар Олимпия хартиясининг инсоний қадр-қиймат тамойилларига зид келиши ҳақида расмий билдириш билан чиқиши лозим.

“Келажакдаги ўйинларга тайёргарлик чоғида бундай қонунбузарликларга йўл қўймаслик учун Халқаро олимпия қўмитаси доирасида Олимпия ўйинларининг ҳуқуқни муҳофаза қилишга оид жиҳатларини мониторинг қилиш учун доимий қўмита тузилиши керак”, деб ҳисоблайди HRW вакиллари.
XS
SM
MD
LG