Линклар

Лондон консуллиги паспортга қўшиб чиқиш визани ҳам янгилаб беради


Буюк Британияда юрган ўзбекистонликлар Лондондаги ўзбек консуллиги фаолияти ҳақида бошқа давлатларда эшитмаганимиз баъзи янгиликларни сўзлаб берди. Маълум бўлишича, бу консуллик фуқароларнинг паспортини алмаштириб, унга янги чиқиш визасини олиб бермоқда. Бундан ташқари, бу консулликка борганлар бошқа давлатдаги консулликлардан кўра камроқ навбат кутаётганини ҳам айтмоқда.


Консул билан гаплашдик, аммо...

“Ўзбек элчихонаси эшигида...” эшиттиришининг бугунги сонида биз Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси консуллик хизмати фаолиятига тўхталмоқчимиз.

Лондон шаҳрининг Holland Park 41 уйида жойлашган Ўзбекистон элчихонасининг консуллик хизмати ҳафтанинг уч куни – душанба, чоршанба ва жума кунлари маҳаллий вақт билан соат 10 дан 13га қадар ишлайди.

Элчиликнинг расмий саҳифасида берилган телефон рақамлари орқали консул билан боғланиш имконига эга бўлганимизни алоҳида айтиб ўтиш керак.

Зеро, ўзбек консулликлари билан боғланиш учун берилган телефон рақамлари орқали қайта ва қайта уринишлардан сўнг, одатан консулнинг ўзи билан эмас, балки бирор ходим билангина боғланиш мумкин бўлади.

Ўзини консул Рустам Исмоилов, деб таништирган мулозим жуда хушмуомалалик билан суҳбатлашар экан, интервю олиш учун расмий мактуб жўнатишни сўради.

Биз мактубни вебсайтда берилган манзилга жўнатдик ва жавобни кута бошладик.

Орадан бир неча ҳафта ўтди, аммо жавоб келмади. Консул жанобларига яна қўнғироқ қилдик. Ҳеч куттирмасдан телефонга жавоб берган Рустам Исмоилов мактубни олганини тасдиқлади.

Аммо, жавобни яна кутишга тўғри келишини айтди ва яна хушмуомалалик билан Озодликни сабрли бўлишга чақирди. Унга кўра, у мактубни элчихона “раҳбарият”ига берган ва у ҳам жавоб кутмоқда.

Орадан икки ҳафта ўтказиб яна Рустам Исмоиловдан жавоб олишга уриндик, аммо бунга муваффақ бўлмадик ва ҳанузгача жавоб йўқ.

Афтидан Рустам Исмоиловга ҳам элчихона “раҳбарияти”дан ҳозирча жавоб берилмаган ёки бу масалага, Ўзбекистоннинг аксар расмий ташкилотларида бўлгани каби, масъулиятсизлик билан ёндошилган.


Ҳам даромад, ҳам илм имкони

Лондондаги элчиликка иши тушган ўзбекистонликларнинг ҳикояларидан бу давлатдаги ўзбек консуллигининг фаолияти бошқа давлатлардаги консулликлардан фарқ қилишини сездик.

Хуллас, Буюк Британия – Ўзбекистондан ўқиш, иш ва бошпана учун чиқаётган ўзбеклар кўп борадиган давлатлардан биридир.

Европанинг энг замонавий ва бой давлатларидан бўлган Британияда ёшлар учун ўқиш имкони нақадар катта бўлса, ишлаб пул топиш имкони ҳам шу қадар кенг.

Эшиттиришни тайёрлаш асносида Буюк Британиянинг турли шаҳарларида ишлаётган, ўқиётган ва британиялик билан оила қуриб яшаётган бир неча ўзбекистонликлар билан суҳбатлашдик.


5 фунтлик ишга 200 фунт сарфладим

“Ўзбек элчихонаси эшигида...” эшиттириши учун Лондондаги консуллик фаолияти мавзуи танлангани ҳақидаги эълонни берганимиздан сўнг бу консулликка иши тушган ўзбекистонликлардан ҳам кўплаб мактублар келди.

Бизга каттагина мактуб ёзган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган тингловчи Лондондаги элчилик билан боғлиқ бутун бошли ҳикоясини йўллади.

Тингловчи консулликдан фарзанди учун Ўзбекистондан туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишга урингани ва бу гувоҳномани қарийб икки йил кутгани ҳақида ёзди.

Унинг мактубидан иқтибос:

“Buyuk Britaniyada tugilgan farzanddimga tugilganlik guvohnomasini olish uchun kop vaqt va kop pul sarfladim... Elchihonaning konsullik va Ozbekiston fuqarolariga hizmat korsatish yer-tolada - podvalda amalga oshiriladi. Keluvchilar tor joyga sigmasdan - navbat kochaga chozilib ketardi. qor-yomgir tagida turib kutishga togri keladi... Elchihona ozi havftasiga 3 kun ishlardi, dushanba, chorshanba va juma. 10 dan 13 gacha, уaniy havftasiga 9 soat...Yana bir narsa: pasportni hamma betidan nusxa. Mayli uni ham qildim, lekin borganimda – passportni ustini – yashil gilofini- gerb tusgan tomonini va orqasini ham foto nusxa qilib kelishimni sorashdi. Hullas, ancha ovvoragarchilik bilan farzandimga guvohnomani qolga kirittim. Bunga bir necha oy va 200 Britan funtini sarfladim. Qoshimcha qilib shuni aytishim kerakki: Buyuk Britaniyada tugilgan har bir bolaga (hususan Ozbekiston fuqarolariga ham) rasmiy tugilganlik guvohnomasi beriladi. Bu guvohnomani olish uchun menga 20 minut vaqt va 5 Britan funti kifoya boldi.
Ozbek,
Buyuk Britaniya”.


Паспортга қўшиб, визани ҳам консулликда янгилаш имкони

Аммо, бу эшиттиришни тайёрлаш асносида Ўзбекистоннинг бошқа давлатларидаги элчихоналари консуллик хизматларида ҳозирча учратмаганимиз баъзи тажрибалар ҳақида ҳам эшитдик.

Улардан бири Буюк Британияда ўқиётган ўзбекистонлик талабанинг муддати битган паспорти консуллик томонидан алмаштирилгани ҳақида.

Муҳими, унинг паспорти алмаштирилиши билан бирга фуқаро Британияда бўлгани ҳолида унинг янги паспортига 2 йиллик чиқиш визасининг ҳам уриб берилишидир.

Аслида: “Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик хизматлари ёрдамида паспортни алмаштириш мумкинми?” деган савол Озодликка кўп берилган.

Тингловчиларнинг бундай саволлари билан қилган мурожаатига Озодлик ҳали бирор ўзбек консуллигидан бунинг мумкинлиги ҳақида расмий жавоб олгани йўқ.

Консуллик ходимлари билан ўзаро суҳбатда паспортни алмаштириш учун Ўзбекистонга бориш шартлиги, чунки чиқиш визасини олиш учун фуқаронинг ўзи ИИВ мурожаат қилиши шартлигини айтган эдилар.

Ҳозир Лондонда ўқиётган ва фамилиясини айтишни истамаган ўзбекистонлик Хайрулла исмли талаба консуллик орқали паспортини алмаштиришга муваффақ бўлганини сўзлаб берди.

Хайрулланинг сўзларига кўра, консуллик хизмати орқали муддати битаётган паспортини алмаштирган ва Ўзбекистондан юборилган паспорти ичида янги – 2 йиллик чиқиш визасини ҳам олган ягона талаба эмас.

Хайрулланинг сўзларига кўра, паспорт муддати битиш пайтида Ўзбекистонга бора олмаслигини етарли далиллар билан асослаб берган ҳар қандай талаба Ўзбекистоннинг ўзи яшаб турган хориж давлатидаги консуллигида паспортини алмаштириши мумкин.

“Паспортни алмаштирар экансиз, у автоматик тарзда янги чиқиш визаси билан келади, менинг билишимча”, дейди Хайрулла.

Унинг сўзларини Ҳозир Лондонда яшаётган ўзбеклардан бири – Акромжон ҳам тасдиқлади.

Афсуски, Лондондаги элчиликдан бу борада бирор тасдиқ ёки инкор, ёҳуд қўшимча маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.


Фуқаронинг хорижлик эрига виза олиш муаммоси

Буюк Британияда яшаётган, ишлаётган, ўқиётган ўзбекистонликлар орасида аввал учратмаганимиз яна бир ҳолат Ўзбекистон фуқаросининг хорижлик турмуш ўртоғи учун Ўзбекистонга бериладиган виза масаласидир.

Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ўзбек қизлари болалари учун виза ололмай қийналишини сўзлаган ва кейинчалик бу масалалар қайсидир кўринишда ечимини топгани ҳақида тўхталган эдик.

Ҳозир Лондонда яшаётган Акромжон икки фарзанди билан Ўзбекистонга сафар қилишга қийналаётган британиялик ҳамкасбининг тарихини сўзлаб берди.

Унинг ҳикояси ва “Ўзбек элчихонаси эшигида...” эшиттиришининг бугунги сонини тўлиқ қуйида тинглашингиз мумкин.



Лойиҳамизда иштирок этинг!

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан боғлиқ конкрет ҳолатлар бўлса, бизга билдиринг.

Лойиҳада иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460


Ушбу лойиҳа доирасида Озодлик билан ҳамкорлик қилаётган тингловчилар ва консуллик хизматларига чуқур миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!
XS
SM
MD
LG