Линклар

logo-print
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли @GulnaraKarimova аккаунти икки кундан буён ишламаяпти. Буни Каримова хонимнинг мухлислари ҳакерлар ҳужуми ўлароқ баҳоласа, мустақил экспертлар мазкур қадам пиар акция бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяптилар.

Маълумотларга кўра, Твиттер микроблогидаги @GulnaraKarimova аккаунти 5 октябр куни деактивация қилинган (фалажланган). Гулнора Каримова мухлислари томонидан очилган GOOGOOSHAFC.UZ сайтининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи шахсий профили ҳакерлар ҳужумига учраган. Айни пайтда Googoosha фан клуби вакиллари “барчаси айнан қандай содир бўлгани ва бошқа маълумотларни фақат Гулнара Каримованинг ўзигина билади”, дея қўшимча қилишни унутмайдилар.

Googoosha мухлислари маълумотига кўра, @GulnaraKarimova аккаунтининг 39 минг фолловери (муштарийси) бор эди, унда Каримова ёзган твитлар сони эса 15 мингдан ошиб кетганди.

Айни пайтда Каримованинг мухлислари @GulnaraKarimova аккаунт эгасининг ўзи томонидан ўчирилиб юборилган бўлиши мумкинлигига ҳам ишора қилиб кетадилар. Хусусан, улар Твиттер фойдаланувчиларидан бири @uzchase хабарига таянган ҳолда, “Гулнара Каримова шахсий профилини ўчириб юбориши ва тез фурсатда янги профил очиши ҳақида ёзма хабар қолдирган”ини ёзадилар.

Шу маълумот ҳақиқатга яқинроқ эканини урғулаган мустақил экспертлар @GulnaraKarimova профилининг йўқолида ҳакерлар қўли борга ўхшамайди, демоқдалар.

- Чунки асосан ҳакерлар синдирилган аккаунтларда дефейсинг (deface) амалга оширади, яъни аккаунт эгаси номидан твитлар қолдириб кетади. Умуман, Твиттерда аккаунтни бирданига ўчириб юборишнинг иложиси йўқ. Дастлаб аккаунт 30 кунга деактивация қилинади. Шу вақт мобайнида твиттерчи ўз аккаунтини қайта жонлантирмаса, аккаунт автоматик тарзда бутунлай ўчириб юборилади.

Гулнора Каримованинг ўзи аккаунти орқали ҳакерлар ҳужумига учраганини айтгани ҳам шубҳали. Чунки ҳакерлар тарафидан қўлга олинган аккаунтнинг пароллари ва электрон манзиллари одатда ўзгартирилади.
Гулнора Каримованинг ўз аккаунтини деактивация этишига бир қанча сабаблар бўлиши мумкин. Биринчиси – пиар акция. Яъни, ҳакерлар ҳужумини важ қилиб кўрсатиб, аккаунтга ва унинг эгасига бўлган эътиборни ошириш.

Иккинчиси – Твиттердан чарчаш. Бу Твиттер фойдаланувчилари, айниқса фаол фойдаланувчилари орасида тез-тез учраб туради. Улар ўзларича “тарки дунё” қилиб, аккаунтларини деактивация этишади, лекин бир неча кунлик танаффусдан сўнг яна Твиттерга, яна эски аккаунтига қайтишади, - дейди янги медиалар бўйича эксперт Тўлқин Умаралиев.

Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг @GulnaraKarimova аккаунтини айрим кузатувчилар унинг ташқи дунёга туйнуги ўлароқ кўрардилар. Унда Каримова хонимнинг ярим расмий, ярим норасмий талқинлари-таҳлиллари-танқидлари-таъналари акс этиб борарди.

Твиттер микроблогида Гулнора Каримовага тегишли @realgoogoosha аккаунти ҳам бор, бироқ бу аккаунт шу йилнинг 5 январидан буён фалажлигича турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG