Линклар

Академик Алибек Рустамов Чиғатой қабристонида дафн этилди


Академик Алибек Рустамов 2003 йилдан 2006 йилгача Озодлик радиосининг “Тил ва дил” эшиттириши билан ҳамкорлик қилган эди.

Академик Алибек Рустамов 2003 йилдан 2006 йилгача Озодлик радиосининг “Тил ва дил” эшиттириши билан ҳамкорлик қилган эди.

Таниқли тилшунос олим 5 октябрь куни 82 ёшида вафот этди ва шу куни Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн этилди.

Манбашунос ва навоийшунос олим 2003 йилдан 2006 йилгача Озодлик радиосининг “Тил ва дил” эшиттириши билан ҳамкорлик қилган эди.

Олимнинг шогирдлари ва у билан ҳамсуҳбат бўлган бошқа зиёлилар академик Рустамовни ўзбек тилшунослигининг устунларидан бири сифатида баҳоладилар.


1931 йилнинг 22 апрелида Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрида туғилган Алибек Рустамов нафақат Ўзбекистон, балки постсовет мамлакатлари ва туркий тилли давлатлар тилшунослари ҳурматига сазовор бўлган шарқшунос, эроншунос, навоийшунос, манбашунос олим сифатида танилган эди.

Тилшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик институти домласи Жумали Шабанов ўзини академик Рустамовнинг юзлаб шогирдларидан бири, деб билади.

У 90-йиллар бошида Алибек Рустамов очган Туркий тиллар кафедрасининг шу кундаги мудири. Домла тўғрисида гапирар экан, Жумали Шабанов, жумладан, бундай деди:

- Алибек ака дунё таниган буюк олим эди.Ўзбекистонга кўп меҳнати сингган. 1990 йили Шарқшунослик институтида олдин Олтой тиллари кафедрасини очдилар.91 йилдан Туркиёт кафедраси бўлди. Бугунга келиб у Туркий тиллар кафедраси. Кўп йиллар шу кафедрада мудир ва ўқитувчи бўлиб хизмат қилди. Домланинг Ўзбекистонда юзлаб шогирдлари бор.

Жумали Шабанов устози Алибек Рустамовнинг нақадар камтар ва шуҳрат кетидан қувмаган инсон бўлгани тўғрисида ҳам гапираркан, бундай деди.

- Жуда содда ва камтарин одам эдилар. Ўзларига бериладиган унвонларни ҳам бошқаларга илинардилар. 1989 йилда Навоий мукофотини беришмоқчи бўлганларида, “Менга керакмас, ҳўжандлик Эргашев деган олимга беринглар", дегани эсимда, деди академик Рустамовнинг шогирдларидан бири Жумали Шабанов.

Таниқли ўзбек адиби, ўзбек тилининг ўзига хослиги ва софлиги учун курашиб келаётган адиб ва мунаққид Аҳмад Аъзам Алибек Рустамовни “энциклопедик олим”, деб атади ва у киши тўғрисидаги хотираларини Озодлик билан ўртоқлашди.

- Алибек аканинг ўзбек тили борасида қилган ишлари, ўзбек тили ҳақидаги чиқишлари ҳамманинг ёдида туради ва у ҳаммага ўрнак. Домла билан бир-икки марта ҳамсуҳбат бўлганман. Бир гал Самарқандга домла билан бирга кетганмиз. Ўшанда бундай катта олим мендай бир ёш йигит билан гаплашармикан, деб ўйлаган эдим. Мен ўшанда кўрган эдим буюк олимларнинг нақадар камтар, нақадар содда, диндорлар тили билан айтганда солиҳ бўлишини, деди Аҳмад Аъзам

У Алибек Рустамовнинг “ўзбек тили ҳақидаги чиқишлари” тўғрисида гапирдики, бугун биз бу беназир олимнинг биз билан 2003 -2006 йилларда “Тил ва дил” эшиттиришида ҳамкорлик қилганини фахр билан эслаймиз.

Таниқли шоир Хуршид Даврон Интернетдаги ўзининг саҳифасида эълон қилган Алибек Рустамовнинг тил тўғрисидаги ўгитларидан баъзилари, хусусан мана буниси “Тил ва дил”да (ҳам) домланинг ўз тилидан янграган эди:

«Эркак» сўзини инсонга нисбатан ишлатмаслик керак

Баъзан эрлар кийимини «эркак» сўзини нотўғри тушуниш натижасида «эркаклар кийими» дейилади. Бу тўғри эмас. Чунки ўзбек адабий тилида «эр» сўзи инсонга ва «эркак» сўзи ҳайвонларга нисбатан ишлатилади. «Эр» сўзи «хотин»нинг, «эркак» сўзи эса «урғочи», «мода»нинг зиддидир. «Эркак» сўзи баъзи хотинларнинг нутқида эрни камситиш мақсадида ёки уялиб, тортиниб тилга олиш натижасида эрга нисбатан ишлатилади. Буни ҳисобга олиш керак ва «эркак» сўзини инсонга нисбатан ишлатмасликка ҳаракат қилиш лозим”.


Домланинг меҳнат фаолияти ўтган асрнинг 60- йилида бошланган, у ТошДУда, Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтида, Қоҳирадаги АЙН-Шамс университетида, 1990-йилдан бошлаб эса, Тошкент давлат шарқшунослик институтида ишлаган, 150 дан ортиқ илмий иш, қатор китоблар муаллифи.

Алибек Рустамов 1995 йилнинг 8 июнида манбашунослик мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Фанлар академияси академиклигига сайланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG