Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:58

Узун юбка кийган ўқувчини қирғиз тили ўқитувчиси дарсдан қувди


Бугун аксар мактабларда рўмол ўраб, дарсга қатнаётган муслима-ўқувчи қизлардан бири.
Бугун аксар мактабларда рўмол ўраб, дарсга қатнаётган муслима-ўқувчи қизлардан бири.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида рўмол ўраган, узун юбка кийган ўқувчи қизларни дарсга қўймаган ҳамда уларга қўпол муносабатда бўлган ўқитувчи устидан ота-оналар прокуратурага арз қилди. Ўқувчи қизлардан бирининг Озодликка айтишича, қирғиз тилидан дарс берадиган ўқитувчиси эътироз билдиргани учун унга нисбатан куч қўллаган.



Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳакимахон (Исми ўзгартирилди - Таҳр.) шаҳарнинг Каримжон Раҳимов номидаги 68-мактабида ўқийдиган қизининг узун юбкаси ўқитувчиси томонидан дарсдан қувилганидан норози бўлиб, Озодликка қўнғироқ қилди.

- У аёл қирғиз тили ўқитувчиси, ҳам зовуч бўлиб ишлайди. Узун юбка кийгани учун дарсдан чиқарворган. Директорига йиғлаб киргани учун орқасидан бориб бехосдан урворган. Уч-тўрт марта урган, бошига қаттиқ урган. Директори билан кутубхоначиси зўрға қўлидан тортиб олибди қизимни, - деди Ҳакимахон.

Ҳакимахоннинг Озодликка айтишича, 14 яшар қизи Наргизани (Исми ўзгартирилди - Таҳр.) калта юбка кийиш ва рўмолини ечтиришга уриниш бунга қадар ҳам бўлган. Аммо, қизнинг отаси мактаб раҳбари билан муроса қилиб, узун юбка кийишга рухсат олган.

Бу аёлга кўра, шунга қарамасдан исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчи нафақат Наргиза, балки бошқа узун юбкали рўмол ўраган ўқувчи қизларни ҳам дарсга киритмаяпти.

Озодлик мухбири номи тилга олинган мактаб директори билан ҳам боғланди. Аммо, мактаб раҳбари бу ҳодисани ҳозирча изоҳламади.

Озодликка сўзлаган Наргиза эса ўша кунги калтакланишидан буён ўзини ёмон ҳис қилаётгани ва мактабга боришдан чўчиб қолганини айтади.

- Бошим айланиб, кўнглим озаяпти. Ҳозир ўша воқеани эсласам, қўрқиб кетаяпман. Чунки, нохосдан урвордида, мен ўзимни билмай қолдим, - деди Наргиза.

Наргизанинг айтишича, уни дарсга киришига қаршилик қилаётган ўқтувчи ўз эътирозига мактаб низомини асос қилиб келтирмоқда.

Мактаб низоми билан яна бир бор танишган она эса талаб қилинган тартибда қизларини кийинтираётгани айтади.

Унга кўра, қизалоқ-ўқувчилар кияётган юбкалар айтилганидан бироз узун ва бу узунлик мактаб раҳбарияти билан келишилган.

- Низомни бугун яна кўриб келдим, юбкаси тиззасидан 10-15 сантиметр пастда бўлиши керак дейилган. Колготки, дейилган. Лекин бу ўқитувчиси капрон пайпоқ киясан, деяпти экан. Ибо-ҳаёсини сақлаган қизларимиз у мактабда ўқий олмайдими энди?! - деди Ҳакимахон.

Унга кўра, 68-мактабнинг исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчиси ҳаракатларидан норози бўлган бир неча ота-она Қорасув шаҳар прокуратураси ва ИИБ га ариза киритган.

Қирғизистон жанубида аксариятни ташкил қилувчи муслима ўқувчилар ҳақида 24 сентябр куни чиқиш қилган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматов ўқувчиларга нафақат рўмол, балки ҳижоб тақиқланмагани ҳақида гапирган эди.

Ҳоким мамлакатда махсус мактаб кийими ҳақида қонун бўлмагани боис, ўз қўли остидаги мутасаддиларни рўмолли ва ҳижобли ўқувчиларнинг ҳаққини бузмасликка ҳам чақирган.

Мамлакат жанубидаги мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмол ва узун кийим кийишларига қаршилик кўрсатиш ҳоллари мунтазам равишда кузатилади.
XS
SM
MD
LG