Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Россияда Кулиев ўгирган Қуръон сотувдан олинмоқда


Россияда исломшунос Элмир Кулиевнинг суд қарори билан тақиқланган "Қуръони карим маъноларининг рус тилига таржимаси" китоби Қорачой-Черкес Республикаси марказидаги бозорлардан йиғиб олинди. Маъмурлар бу ҳаракатига Новороссийск шаҳридаги Октябрь туман суди қарорини асос қилиб келтирмоқда.

2 октябрь куни Қорачой-Черкес Республикаси Ички ишлар вазирлиги тарқатган пресс-релизда республика пойтахти Черкесск шаҳри марказидаги савдо нуқталарида Қуръон маънолари таржимаси ва шарҳи ўрин олган 10 дан ортиқ китоб тортиб олингани маълум қилинди.

Ушбу ҳужжатда китобларнинг "Новороссийск шаҳри Октбярь туман суди томонидан экстремистик мазмунда, деб топилган китотоблар" экани айтилди.

Айни пайтда Элмир Кулиев таржима қилган "Қуръони карим маъноларининг рус тилига таржимаси" китобини сотган сотувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарликни кўзда тутган протоколлар тузилгани ҳам айтилди.

Бу хабар Россия ижтимоий тармоқларидаги мусулмон фойдаланувчиларни яна жунбушга солди.

Зеро, 17 сентябр куни Новороссийск суди томонидан мамлакатда танилган исломшунос, файласуф олим Элмир Кулиевга оид Қуръон маънолари таржимаси экстремистик, деб топилгани ва уни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарилгани катта норозолик уйғотган.

Новороссийск шаҳар Транспорт прокуратураси давогар бўлган бу маҳкама қарорида Элмир Кулиев таржимаси "мусулмонларни номусулмонлардан устун қўйгани" ва "давлат миллий хавфсизлигига таҳдид солгани" учун тақиқлангани айтилган.

Аммо, 23 сентябр куни суд қарори устидан шикоят аризаси киритилди ва бу ариза октябр ойи бошида суд томонидан қабул қилинди.

Шу боис, Черкесск шаҳрида Қуръон маънолари таржимасини йиғиб олишга уринган полиция ходимлари ҳаракати ноқонуний, деб ҳисобланмоқда ва бу шошилинч қадам Россияда 20 миллиондан ортиқни ташкил қилувчи мусулмонлар норозилигини янада кучайтирмоқда.

Жумладан, 1 октябр куни Москва, Тюмень, Қозон ва Челябинск шаҳарларидаги жамоат жойларида "Россия исломга қарши: 17 сентябрда Қуръон тақиқланди" деб ёзилган плакатлар осиб чиқилди.

Москва шаҳри метросининг бир неча гавжум бекатларида "Россия исломга қарши. Ҳижобни тақиқладилар", "Россия исломга қарши. Қуръонни тақиқладилар" мазмунидаги плакатлар осилди.

Тюмень, Қозон ва Челябинск шаҳарларида эса "Россияда ислом тақиқланган. Аммо, Оллоҳ ягона ва Муҳаммад унинг расулидир" мазмунидаги плакатлар ёпиштирилди.

Шунингдек, бу шаҳарларда ёш йигитлар қўлларида плакат тутган ҳолда, бир кишилик пикетлар ўтказдилар.

Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғанутдин Новророссийск суди қарорини бекор қилишини сўраб президент Владимир Путинга мактуб ёзган. Ҳозирча бу мактубга жавоб бўлгани ҳақида бирор хабар берилгани йўқ.

Мусулмонлар учун фақат исломий ва ҳалол интернет хизматини тақдим этиш мақсадида тузилган SalamWorld ижтимоий тармоғи ташкилотчиларидан бири Абдул-Воҳид Ниёзов бу қарорни “провокация” деб баҳолади.

- Бу ерда нафақат таржима, балки дунёдаги энг йирик диний конфессиянинг муқаддас бирламчи китобининг ўзини тақиқлаш ҳақида гап бормоқда. У ерда таржимагина эмас, Қуръоннинг асли ҳам келтирилганку?! Боз устига, бундай қарорнинг қанақадир туман суди томонидан берилиши мутлақо абсурд, - деди Абдул-Воҳид Ниёзов.

Россияда бунга қадар 2012 йилнинг май ойида ҳам Бошқирдистон Олий суди Қуръоннинг бир неча оятини экстремистик, деб топиш бўйича киритилган даъво аризасини кўриб чиққан эди.

Ўшанда суд қошидаги лингвистик таҳлил гуруҳи экспертлари суд ишига тиркалган LiveJournal сайтида эълон қилинган мақола ичидаги Қуръон оятларидан 5 тасини экстремистик мазмунда, деб хулоса берган эди.

Жумладан, Тоҳо сурасидаги оятлардан бири суд экспертлари томонидан “исломдан бошқа динларга қарши салбий муносабат уйғотувчи” деб топилган ва экстремистик адабиёт сифатида тақиқлаш ҳақида хулоса берилган эди.

20 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қиладиган Россияда туман судларининг мусулмонларни жунбушга солувчи бундай қарорлар чиқараётганига ҳали Кремл расмийлари муносабат билдиргани йўқ.

Россияда танилган, асли озарбайжонлик исломшунос файласуф Элмир Кулиев эса шу кунга қадар бу ҳақда матбуотга бирор баёнот бергани йўқ.

Аммо, файласуф билан яқин алоқада бўлган россиялик жамоат арбобларининг айтишича, Кулиев Октябрьский туман суди қароридан кескин норози ва айни дамда ўз ҳаққи ва муҳими, Қуръони карим ҳимояси учун адвокат ёллаган.

Элмир Кулиев ўгирган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" 20 миллиондан ортиқ россиялик мусулмонлар орасида И.Ю.Крачковский ва В.М.Пороховалар ўгирган русча Қуръондан кейинги учинчи ўринда турадиган диний адабиёт сифатида тига олинади.
XS
SM
MD
LG