Линклар

logo-print
Президент қизи Гулнора Каримова Инстаграмдаги Realgoogoosha номи билан қайд этилган блогида Твиттердаги аккаунтининг йўқолиб қолганини навбатдаги фитна, деб шарҳлади. Каримова хоним иддаосича, бу шу ой охирида Тошкентда ўтажак Style.uz тадбирига қарши қилинаётган провокациядир.


Инстаграмда Realgoogoosha номи билан қайд этилган блогида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билан мулоқот қилган Гулнора Каримова Твиттердаги аккаунтининг йўқолиб қолганига оид саволларга жавоб берди.

Т виттердаги аккаунтимга нимадир бўлди... Style.uz олдидан бу тадбирни барбод қилишга уринишлар бўлади, бу мени ҳозир ажаблантирмай қўйган.
Сийқаси чиққан йўллар билан менга қарши қора пиарлар қилишади, Sting бир ҳовуч бойлар даврасида кўнгилхушлик қилиш ва оила учун қандайдир "сарой"да чиқиш қилиш учун келади ва ҳоказо гаплар..."
деб ёзди Каримова хоним.

Шунингдек, у бу тадбирни мамлакат ичкариси ва хориждан туриб бузишга уринаётганларни "янги соғлом бирига ҳасад ва қўрқув билан қараётганлар" деб таърифлади.

"Ҳафталикка келадиган меҳмонлар ва тадбир қатнашчиларига ўйлаб топилган ташкилотлар номидан боғланиш ва уларни қўрқитиш бўйича фантазиялари тугаб-битмайди, гўёки, бу ташкилотлар Ўзбек мода ҳафталигида иштирок этгани учун уларни "шарманда" қилишармиш... Аянчлики, буни ўзимизникилар, шахсий амбицияларига енгилиб янги соғлом бирига ҳасад ва қўрқув билан қараётган, одатан чет элликларга суянганлар қилаяпти", деб ёзди Каримова.

Гулнора Каримова ўз тадбирларига ҳалақит қилаётган фитнакорлар чет эллардаги “Ўзбекистонни кучли ва қарам бўлмаган ҳолда кўришни хоҳламаётган” гуруҳлар эканига ишора қилди.

Гулнора Каримовага тегишли @GulnaraKarimova аккаунти уч кун аввал ўчиб қолган, унинг тарафдорлари аккунт ҳакерлик ҳужумига учраганини айтганди.

Твиттердаги Googoosha фан-клуби тарқатган маълумотга кўра, @GulnaraKarimova аккаунтининг 39 минг фолловери (муштарийси) бор эди. Унда Каримова ёзган твитлар сони эса 15 мингдан ошиб кетган.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Брюсселдаги бўлими мутахассиси Эндрю Стролайн Гулнора Каримова билан Твиттерда бир неча марта мулоқот қилган.

- У кимдир аккаунтига ҳужум қилгани, шу сабаб Твиттердан узилиб қолганини иддао қиляпти. Лекин, у Твиттерда ҳеч қачон очиқ мулоқот қилмаганку?! Анча жиддий саволларни жавобсиз қолдирган. У билан етти, балки саккиз марта мулоқот қилган бўлсак, барчасида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолари билан боғлиқ саволларга жавоб бермаган. Мен унга очиқ хат ҳам ёзганман, декабр ойида, ҳалигача жавоб йўқ. Менинг назаримда ҳамма Ўзбекистондаги қаттол режимга алоқадорлигини унинг юзига пеш қилавергач, у Твиттердан ўчган бўлиши мумкин, - дейди Стролайн.

Googoosha фан-клуби ҳам @GulnaraKarimova аккаунт эгасининг ўзи томонидан ўчириб юборилган бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқдалар.

Хусусан, Твиттер фойдаланувчиларидан бири @uzchase хабарига таянган ҳолда, “Гулнара Каримова шахсий профилини ўчириб юбориши ва тез фурсатда янги профиль очиши ҳақида ёзма хабар қолдирган”ини ёзадилар.

Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг Твиттердаги @GulnaraKarimova аккаунтини айрим кузатувчилар унинг ташқи дунёга туйнуги ўлароқ қабул қилган эди.

Унда Каримова хонимнинг ярим расмий, ярим норасмий талқинлари-таҳлиллари-танқидлари-таъналари акс этиб борарди.

Лекин, Эндрю Стролайн Ўзбекистон президенти қизининг Твиттер аккаунти ташқи дунёга туйник бўлган, деган фикрдан йироқ эканини айтади.

- Яна бир бор айтаман, Каримова Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси ўлароқ ҳеч қачон ўз аккаунтида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий саволларга жавоб бермаган, ҳолбуки ўзбек расмийси ўлароқ у жамоатчиликни ўйлантираётган жиддий масалаларни четлаб ўтмасдан, жавоб бериши керак эди, - дейди Стролайн.

Гулнора Каримованинг сўнгги йилларда Твиттерда анча фаол бўлгани кузатилди.

Твиттердаги саҳифасида муштарийлари ва айни дамда хорижда танилган инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар билан очиқ мулоқотлар юритди.

Шунингдек, айни шу тармоқда шахсий ҳаёти, жамоатчиликка қоронғу қолаётган отаси билан муносабатларига оид баъзи маълумотларни очиқлади.

Твиттердаги саҳифасида Гулнора Каримова Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий-маданий тадбирларига оид мамлакат ичкариси ва ташқарисида берилаётган баҳоларга ҳам муносабатларини билдириб борди.

Каримова хонимнинг бу фаоллигини, айрим таҳлилчилар, унинг президент отасига ворис бўлиш иштиёқидан дарак, деб ҳам баҳолаётган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG