Линклар

Россия Федерал миграция хизмати Домодедово аэропортининг транзит зонасида қолаётган ўзбекистонлик Зулхумор Алижонованинг сиёсий бошпана сўраб ёзган аризасини навбатдан ташқари тартибда кўриб чиқадиган бўлди. Унга қадар Зулхуморнинг у билан бирга аэропорт ҳибсхонасида сақланаётган тўрт фарзандининг депортацияси тўхтатиб турилади.


Россия Федерал миграция хизматининг Москва бўйича бошқармаси Зулхуморнинг фарзандларига вақтинчалик қочқинлик сўраб топширган аризасини тез муддатда кўриб чиқишга қарор қилди.

Бу ҳақда бошқарма вакили Залина Корнилова Озодликка маълум қилди:

- Айнан ҳозирга келиб бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳақиқатан, уларнинг ҳужжатлари тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади. Бундан ортиқ бирор маълумот бера олмайман, - деди Москва ФМС бошқармаси вакили.

Москванинг Домодедово аэропортида қолаётган Зулхумор Алижонованинг Бишкекдан учиб келган тўрт фарзанди ортга депортация қилиниш хавфи остида қолмоқда.

Ажабланарлиси, Домодедово божхоначилари Зулхуморнинг ўзига ҳеч қандай эътирози йўқлиги, сурати онасининг паспортига киритилмагани боис болаларини Россияга киритиш мумкинмаслигини айтмоқда.

Аэропорт маъмурияти болаларнинг юкини Бишкекка қайтариб юборгани боис юпун аҳволда панжара ортида сақланаётган болаларга эса ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб иссиқ овқат берила бошлади.

Ўзбекистонлик вояга етмаган қочқинларни ўз ҳимояси билан Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси ва Россия Омбудсмани Владимир Лукин шуғулланмоқда.

4 кундирки фарзандларининг аэропортдан чиқишини Россиядан қочқинлик мақомини олган отаси (Исмини айтмасликни сўраган - Таҳр.) ҳам интизорлик билан кутмоқда.

Россия Федерацияси БМТнинг қочқинлар мақомини белгиловчи 1951 йилги Женева Конвенцияси ва 1967 йилги Протоколига 1992 йилда қўшилган.

Ўрнатилган тартибга кўра, вақтинчалик қочқинлик мақомини сўраб бораётган шахсларнинг аризаси давлат чегарасида қабул қилинади. Бундай аризани катта ёшли шахслар билан бирга вояга етмаган болалар ҳам топшириши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш эса икки босқичдан иборат. Биринчи босқич 5 кун, иккинчи асосий босқич эса 3 ойгача давом этиши мумкин.

Айрим вазиятларда қочқинлик аризасини кўриб чиқиш муддати яна 3 ойга узайтирилиши ҳам мумкин.

Ариза киритган шахс бу муддат давомида Россияда вақтинчалик яшаб туришга ҳақли ва бунинг учун унга қочқинлик мақомини сўрагани ифода этилган гувоҳнома берилади. Шунингдек, Россия Федерациясида қочқинлик мақомини сўраётганлардан мажбурий тиббий кўрик ва дактилоскопия қайдидан ўтиш ҳам талаб қилинади.

Талабгор шахснинг аризасини кўриб чиқиб, унга қочқинлик мақомини бериш жараёни учун эса 3 йиллик муддат белгиланган. Бу муддат ичида қочқинлик мақомини сўраган шахснинг бошқа мамлакатга чиқариб юборилиши мумкин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG