Линклар

АҚШ Афғонистон билан хавфсизлик шартномаси имзоланишига умид билдирди


АҚШ Афғонистон билан хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома яқин фурсатда имзоланишига умид билдирди. Бироқ Афғонистон президенти Оқсоқоллар кенгаши қандай қарор қабул қилса, ҳукумат уни бажаришини баён қилди.


Вашингтон 2014 йилда хорижий кучлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин АҚШ қўшинларининг бу мамлакатдаги роли борасида Кобул билан яқин фурсатда келишувга эришилишига умид билдирди.

Давлат департаменти матбуот вакили Мария Ҳарф томонлар бу масалада муваффақиятга эришаётганини билдирди.

- Афғонлар билан хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома имзолаш устида иш давом этмоқда. Биз бундай шартнома қатор сабабларга кўра имзоланиши муҳим деб ҳисоблаймиз. Биринчи сабаб, бу АҚШ ва НАТО нинг режалари учун муҳимдир. Афғонистон кучлари ҳам ўз имкониятларини оширишда катта муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга мамлакат ва халқни ҳимоя қилиш учун Афғонистон кучларига халқаро ҳамдамиятнинг қўллови зарур, деди Мария Ҳарф.

Давлат департаменти мулозимининг ушбу баёноти янграшидан бир неча соат олдин президент Ҳамид Карзай АҚШ ва НАТО кучларини Афғонистон суверенлигини бузаётганликда айблади.

Карзай АҚШ-Афғонистон ўртасида шартнома имзолаш масаласини муҳокама қилиш учун Лоя Жирға — Оқсоқоллар кенгашининг йиғилиши ўтказилишини айтди.

- Афғонистон халқи Қўшма Штатлар ва Ғарб билан шартнома имзолашни хоҳлайди. Бироқ бу дўстлик ва келишув Афғонистон миллий манфаатларини сақлаб қолиши шарт. Миллий манфаатлар халқнинг хавфсизлиги, деганидир. Халқ толиблар ва террорчилар таҳдидлари, шунингдек, Қўшма Штатлар ва иттифоқчилари ҳужумларидан халос бўлиши шарт. Шу сабабли ҳозиргача келишувга эришилмади. Халқ қандай қарор қабул қилса, ҳукумат унга риоя қилади, - деди Ҳамид Карзай.

Афғонистон президентининг ушбу баёноти НАТО учқичлари 5 октябр куни Нангархор вилоятини бомбардимон қилганидан кейин янгради.

Кобул ҳукумати ҳужум оқибатида тинч аҳолидан беш киши ҳалок бўлганини иддао қилди.

НАТО расмийлари эса халқаро кучлар фойдаланаётган аэропортга ҳужум уюштириш учун тайёргарлик кўраётган исёнчилар нишонга олинганини билдирди. НАТО расмийлари воқеа юзасида текширув олиб бормоқда.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, АҚШ ва Афғонистон ўртасида қарийб бир йилдан бери олиб борилаётган музокаралар душанба куни ҳам давом этган.

Таҳлилчиларга кўра, сўзлашувларда асосий эътибор икки масалага қаратилган.

Биринчидан, Покистон томонини назарда тутган Кобул келажакда Афғонистонга хорижий интервенция бўлмаслигини кафолатлашни АҚШдан талаб қилмоқда.

Экспертлар тахмин қилаётган иккинчи масала эса Қўшма Штатлар мамлакатда қолдирмоқчи бўлган аксил террор кучларининг келажакдаги роли масаласидир.

Таҳлилчиларга фикрича, томонлар октябр ойи охиригача келишувга эришишни хоҳламоқда. Айни пайтда 2014 йилда халқаро кучлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин мамлакатда қанча аскар қолдириш режасини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кун тартибида турибди.

Ҳозир Афғонистонда халқаро коалиция кучларининг 87 минг аскари бор. Уларнинг 52 мингини америкалик аскарлар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG