Линклар

Ўзбекистон темир йўл вокзалларида бемор, ногирон, кекса ва ёш болаларини кузатаётганларнинг вокзал биноларига киришига рухсат берилди. Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юки, багажи ва валютасини божхона кўригидан ўтказиш ҳамда расмийлаштириш тартибига киритилган ўзгартишлар вокзалларда ўрнатилган режимни бироз юмшатиши кутилмоқда.


7 октябрдан жорий этилган янги тартиб ҳақидаги ахборот воситалари хабарларини “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компанияси раҳбарияти вакили Озодлик саволларига жавоб берар экан, тасдиқлади, бироқ янгилик тафсилотлари билан таништиришни истамади.

Компаниянинг расмий сайтида бу ҳақда маълумот йўқ – у сўнгги бор 2 октябрь куни янгилангани гувоҳи бўлдик.

Ҳуқуқий ва иқтисодий мавзуларга ихтисослашган Норма.уз сайтига кўра, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси, Молия вазирлиги ва Марказий банкнинг қўшма қарори билан қабул қилинган ва 7 октябрдан кучга кирган янги тартиб бемор, ногирон, кекса ва ёш бола йўловчиларнинг кузатувчиларига тааллуқлидир.

7 октябргача мазкур йўловчиларнинг кутиб олувчилари ёки кузатиб қўювчиларига вокзал биносига киришга рухсат берилмас эди.

Ўзбекистон вокзалларига иши тушмаган тингловчи тилга олинган вазият тўғрисида ўзини Замирахон, деб таништирган тингловчимизнинг мана бу гапларидан тасаввур пайдо қилиши мумкин:

- Мени Тошкент вокзалига олиб келган таксистдан сумкамни вокзалга олиб кириб беришини илтимос қилсам, “мени киритишмайди”, деган. Кейин юк ташувчилар 3-4 минг сўмга вокзалга олиб кириб берган. Вокзалдан поездга ўзларининг сотрудниклари пулимни олиб, обориб берган.

7 октябрдан бошлаб бемор, ногирон, кекса ва ёш бола йўловчиларни кутиб олувчилар ва кузатувчилар вокзал биносига кириши мумкин. Лекин улар вокзал ҳудудига кириш учун хавфсизлик кўригидан ўтиши ҳамда вокзалнинг рухсатномалар бюросидан махсус рухсатнома олиши керак.

Ўзбекистоннинг аэропорт ва вокзалларида жорий этилган хавфсизлик чоралари жаҳоннинг бирон бир мамлакатида мисли кўрилмаган эканлигини кўпчилик йиллардан бери айтиб келади.

Ўзбекистонлик Рафиқжон Новосибирск темир йўл вокзалида поездга минганини тасвирлар экан, бундай деди:

- Ҳеч қанақа досмотр йўқ. Сумкангизни ҳеч ким кўрмайди. Сумкамиз вокзалнинг камера хранениясида эди, уни олиб ер ости йўлагидан юриб бориб поездимизни топганмизу чиқиб кетаверганмиз.

7 октябрдан кучга кирган янги тартибга биноан йўловчи поездга вазни 200 кгдан оғир бўлган юк билан ҳам чиқиши мумкин. Лекин бу хоҳлаган йўловчи 200 килодан оғир юк билан поездга чиқавериши мумкин, дегани эмас. Айтилишича, бунинг учун поезднинг багаж бўлимида жой мавжуд бўлиши, юк учун тариф бўйича ҳақ тўланиши лозим.

Норма.узга кўра, аввал 200 килодан оғир юк билан поездга миниш учун рухсатнома талаб қилинган.

Мавзуни ўрганар эканмиз, Россияда ишлаб юрган 10 га яқин ўзбекистонлик орасида мухтасар сўров ўтказдик. Маълум бўлишича, темир йўл транспорти улар орасида урф эмас. Кўпчиликнинг Россияга автобусда бориши маълум бўлди.

Ўзбекистонлик Рафиқжон буни поезд чиптасининг қимматлиги билан изоҳлади.

- Поезднинг хизмати қиммат. Мен Россияга 2011 йилда келган эдим. Ўша пайтда поезд билети 600 минг сўм атрофида эди. Бу қиммат. Шунинг учун мен автобусда келганман 350 минг сўмга.

Меҳнат муҳожирларининг бир гуруҳи эса, Ўзбекистонга қайтиш учун автобусни танлашини ўзбекистонлик йўловчилар Қозоғистон ҳудудида шу мамлакат чегарачилари, полициячилари ҳамда божхоначиларининг тамагирлиги ва юлғичлигидан безор бўлгани билан изоҳлади.

- Поездга тушсанг, Қозоғистонда текширавериб гаранг қилишади. Автобусда бемалол олиб кетаман, деяпти шўпир, деди меҳнат муҳожирларидан бири.

“Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг ўз мижозлари ҳуқуқ ва эркинликларига лоқайд эканлигидан дарак берувчи гаплар Интернетдаги шу мавзуга бағишланган форумларда ҳам кўп.

Масалан, ўзини Қадамбой, деб таништирган юзер Термиз вокзалидаги вазиятни тасвирлар экан, бундай деб ёзган:

“Вокзалнинг марказий биносига билет олиш учун аввалгидай киритишмаяпти. Автобус бекатига яқин ўнгдаги,касса ишламаяпти. Ҳамма вокзалнинг сўлидаги кассага ўзини урди. Кассанинг ҳар бир ойнаси олдида 25-30 кишилик тартибсиз оломон. Бу ерга 12 дан 05 ўтганда келган эдим. Ҳориб-чарчаб, терга ботиб 3 га яқин чиқдим, даҳшат!” деб ёзган Қадамбой, деган юзер.

Охир-оқибат чипта сотиб олганми-йўқми – Қадамбой хабар қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG