Линклар

Радиоҳикоя: Кўлобга бориб қолган туякаш қаршиликлар


Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида қаршиликлар истиқомат қиладиган Томошатепа маҳалласи

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида қаршиликлар истиқомат қиладиган Томошатепа маҳалласи

Қашқадарёнинг Қарши шаҳридан бундан яқин юз йил аввал Тожикистонга бориб қолган қаршиликлар Кўлоб шаҳрида муқим яшаб қолганлар. Қаршиликларнинг айтишларича, уларнинг ота-боболари ўтган асрнинг 20-йилларида “Ўзбектранс” уюшмасида туячи бўлиб хизмат қилганлар.

Тожикистон жанубидаги Кўлоб шаҳрининг Томошатепа маҳалласида 400 оиладан иборат икки мингдан ортиқ қаршилик истиқомат қилади.

Бу одамларнинг аждодлари бундан 90 йил муқаддам, ўз туяларида оиласи билан Қаршидан Кўлобга келиб, муқим яшаб қолган.

Кўлобга келган биринчи карвон

Қаршиликлар маҳалласидаги эътиборли оқсоқоллардан бири, узоқ йиллар хўжалик раиси бўлиб ишлаган, айни пайтда “Раҳбар Қосимов” номли кооператив ширкати раиси Искандар Қудратовнинг айтишича, уларнинг ота-оналари ўтган асрнинг 20 йилларида Кўлобга келиб қолган:

“Бизнинг боболаримиз карвонда туякаш эди. Октябр инқилобидан кейин Ўзбекистонда ҳам “Ўзбектранс” ташкилоти тузилган эди. Бу ташкилот ҳозирги автобазаларга ўхшаган бир нарса эди, фақат машиналар ўрнига туялар юк таширди. Боболаримиз ҳам ўз туялари билан “Ўзбектранс”га ишга кирганлар ва Ўзбекистондан Душанбега юк ташиган”, деди Искандар Қудратов.

Тожикистон 1929 йилгача Ўзбекистон ССР таркибидаги мухтор республика бўлган ва шунинг учун ҳам бу ҳудудга “Ўзбектранс” хизмат кўрсатган. 1929 йилда Тожикистон алоҳида республика сифатида эътироф этилиб, “Ўзбектранс” “Тожиктранс”га айлантирилгандан сўнг қаршилик 60 туякаш ўзларининг 80та туяси билан шу ерда ишлаб, яшаб қолган.


Туялар хизматини ўтаб бўлди

Томошатепа қишлоғида истиқомат қиладиган Ўта Қаҳҳоровнинг айтишича, юк ташийдиган машиналар келгач, уларнинг боболари рулга ўтирган:

Томошатепалик Ўта Қаҳҳоров

Томошатепалик Ўта Қаҳҳоров

Шундан кейин бобобларимиз туялари билан Кўлобда қолди. Улар Кўлобдан Балжувон, Ховалинг, Сарихосор, Даштижум туманларига озиқ-овқат олиб бориб, у ердан Душанбе ва Кўлобга мева ташиган. Аҳолининг тоғли ҳудудлардан водийларга кўчишида ёрдам берган. Кейинчалик машиналар кўпайиб, туяларга иш қолмади. Боболаримиз шопирликни ўрганиб, рулга ўтиришган. Шу тариқа биз бу ерда ватандор бўлиб қолдик”, деди Ўта Қаҳҳоров.

Ишимиз асосан чорвачилик

Томошатепалик Камол Қодировнинг айтишича, қаршиликлар асосан чорвачилик билан шуғулланиб келган:
Томошатепалик Камол Қодиров

Томошатепалик Камол Қодиров


“Биз нимаики касб билан шуғулланган бўлсак ҳам, чорвачиликни ҳеч қачон ташламаганмиз. Туяларга хизмат қолмаганидан кейин, биз мол боқишга ўтдик. Бу яқин атрофда молни биздай яхши биладиган одам бўлмаса керак. Мол бозорларидаги асосий савдогарлар ҳам бизлар”, деди Камол Қодиров.

Тожиклар билан бир халқдай яшаяпмиз

Искандар Қудратовнинг айтишича, қаршиликлар Кўлобда тожиклар билан оға-ини, қуда-анда бўлиб кетган:

“Бизда илгари ўзбекча мактаблар кўп эди. Ҳозир ҳам бор. Ким қайси мактабда ўқиши ўзига ҳавола. Кўлобда ўзбек-тожик деган гап йўқ. Биз озод яшаяпмиз. Биз, қаршиликларни ҳамма ҳурмат қилади. Тўю азаларимиз ҳам бир хил. Ўзимизни бегона деб ҳис қилмаймиз. Энг ёмони Ўзбекистон билан виза эканлиги. Қаршида қариндошлар кўп, бироқ борди-келин қийин. Виза олиш азоб. Мана, Қаршига бормаганимга ҳам 20 йил бўлибди", деди Искандар Қудратов.



Қаршилик аёл бошига эркакча кўйлак ташлаб юради

Яқин вақтларгача Кўлобдаги қаршилик аёлларни уларнинг бошига ташлаб юрган эркакча кўйлакдан ажратиб олиш мумкин эди, дейди томошатепалик Назирмад Дўстёров:

“Ҳар бир қаршиклик қиз, тумушга чиққандан кейин бошига эркакча кўйлак ташлаб юрарди. Бу аёлнинг эрли эканлигини билдирарди. Бундай аёлларга ҳеч ким ёмон кўз билан қарамас эди. Иккинчи томондан эса, балки бу собиқ иттифоқда тақиқланган ҳижоб ўрнига бошга ташлангандир, балки. Ҳозир бу анъана аста секин йўқ бўляпти, бошига эркакча кўйлак ташлаган баъзи ёши катта аёлларни кўриш мумкин, холос”, деди Назирмад Дўстёров.

Қаршиликлар маҳалласи Кўлоб шаҳрининг марказида жойлашган ва бошқа маҳаллалардан ҳашаматли уйлари ва баланд деворлари билан ажралиб туради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG