Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:56

Озарбайжонликлар президент сайламоқда


Бугун Озарбайжонда президентлик сайлови бўлиб ўтаяпти. Сайловда давлат раҳбари лавозимига 10 киши даъвогарлик қилмоқда.

Президентликка даъвогарлар орасида амалдаги президент Илҳом Алиев ва мухолифатдаги Демократик кучлар миллий кенгашидан ягона номзод Жамил Гасанли ҳам бор.

Гарчи сайловда 10 киши иштирок этаётган бўлса-да, таҳлилчилар унда иқтидордаги президент Илҳом Алиев сайлов ғолиби сифатида эълон қилинишини осонгина таъминлаши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Илҳом Алиев президентликка учинчи маротаба ўз номзодини қўйган. 2009 йил март ойидаги референдумда мамлакат конституциясининг бир шахс давлат раҳбари лавозимига чекланган миқдорда сайлана олиши мумкинлигига оид бандига тузатиш киритилганди, шундан сўнг Илҳом Алиев ўзи истаганча президентликка номзодини қўйиш имкониятига эга бўлганди.

Илҳом Алиев беш йил олдинги сайловда қарийб 90 фоиз овоз билан президентликка сайланган. Ғарб бу сайловни эркин бўлмаган ва адолатсиз сайлов ўлароқ танқид қилганди.

Айни пайтда Озарбайжон мухолифати Илҳом Алиевни коррупция ва инсон ҳуқуқларини оёқости қилишда айблаб келади. Президент тарафдорлари эса Алиев ҳукмронлиги йилларида мамлакатда иқтисодий кўрсаткичлар ўсганини даъво қиладилар.

Озарбайжонда 5 миллиондан зиёд одам овоз бериш ҳуқуқига эга. Расмийлар иддаосича, 9 октябр кунги сайловда овоз бериш ва берилган овозларни санаш жараёнида шаффофликни таъминлаш учун мамлакат бўйлаб очилган мингдан сайлов участкаларига веб-камералар ўрнатилган.

Озарбайжондаги президентлик сайловини кузатиш учун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан 280 нафар қисқа муддатли кузатувчи келган. Улар аввалроқ келган 30 нафар узоқ муддатли кузатувчи билан биргаликда президентлик сайловида мониторинг олиб борадилар. ЕХҲТ вакиллари сайлов ҳақидаги дастлабки хулосаларини 10 октябр куни тушдан кейин очиқлашлари кутилмоқда.

Озарбайжондаги президентлик сайловини 87 мамлакатдан бўлган 34 ташкилот вакиллари кузатиб борадилар.
XS
SM
MD
LG