Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

Қумтор "сиёсий куз"нинг бош мавзусига айланди


Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан ўтказилган митинглардан бири.
Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан ўтказилган митинглардан бири.

Қумтор олтин кони Қирғизистонда жорий йилдаги “сиёсий куз”нинг асосий мавзусига айланди. Бу масала атрофида 7 октябрда бошланган ва тартибсизликларга айланиб кетган митинглар 10 октябрда ҳам давом этиши кутилмоқда. Бугунги нисбатан осойишта кунни ҳам парламент депутатлари Қумтор масаласига бағишлади.

Қирғизистон матбуотининг ҳукумрон доиралардаги нуфузли ишончли манбадан олингани иддао қилинган хабарларида 7-8 октябр кунлари Иссиқкўл вилоятида содир этилган тартибсизликларни собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов молиялаштиргани айтилади.

Қирғиз матбуоти ”ишончли” экани айтилаётган манбага таянган ҳолда Қумтор олтин кони миллийлаштирилиши талаби билан митинг сифатида бошланиб, тартибсизликлар тарзида ниҳоясига етган бу воқеаларнинг маънавий онаси собиқ президент Роза Ўтунбаева, ижрочиси эса ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги вакили Эмил Қаптагаев эканини иддао қилмоқда.

Қирғиз матбуоти тартибсизликларни уюштиришда айблаётган шахслар бу иддаоларни кескин рад этдилар. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса Роза Ўтунбаева, Ўмурбек Бабанов ва Эмил Қаптагаевлар бу каби “ноўрин ва калтафахмларча ҳаракатларни амалга оширишига ишонмаслиги” ҳақида баёнот берди. Президент Иссиқкўлдаги воқеаларни “бандитизм” дея баҳолади.

Бироқ Иссиқкўл воқеалари қирғиз парламенти учун Қумтор олтин кони масаласини кўриб чиқиш ҳамда ҳукуматга ишончсизлик билдириш ташаббуси учун бир сабаб бўлди. Депутатларнинг асосий қисми Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан чиқаётган норозилар ҳақ эканини, бироқ бу талаб тартибсизликлар орқали ҳукуматга босим кўрсатиш воситасида бажарилмаслиги кераклигини эътироф этадилар.

9 октябрда парламента Қумтор масаласини муҳокама қилган депутатлар фикрича, Қирғизистон Канада томонидан ўзлаштирилган Қумтор олтин конининг камида 67 фоизига эгалик қилиши зарур. Қирғизистон ҳукумати эришган шартномада эса бу улуш 50/50 тарзида кўрсатилган. Ақаев ва Бакиев президентлиги даврида эса бу кўрсаткич 30 -40 фоизни ташкил қилар эди.

Қирғизистонлик сиёсатчилар қирғиз жамоатчилиги талаб қилгани каби Қумторни миллийлаштириш хато бўлишини, бу борадаги ҳар бир талабдан сўнг олтин кони акцияларининг жаҳон бозоридаги нархи тушиб бораётганини, оқибатда мамлакат миллионлаган доллар зиён кўраётганини ҳам айтиб ўтдилар.

Қумтор олтин кони Қирғизистон бюджетининг 30 фоизини қоплаши айтилади. Расмий маълумотларга қараганда, Қумтор кони ишчиларидан олинган даромад солиғининг ўзи йилига камида 20 миллион долларни ташкил қилади.

Айни пайтда Қумторни миллийлаштириш талаби билан 7-8 октябрда тартибсизликларга айланиб кетган митингларнинг давоми 10 октябрда Талас, Норин ва Бишкек шаҳарларида бўлиши кутилмоқда. Бу митингларни мухолифатдаги “Қаршилик кўрсатиш” ҳаракати лидери, генерал Ўмурбек Суваналиев уюштирмоқда. Унинг ўзи бу ҳақда 8 октябр куни қирғиз матбуотида эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG