Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:01

Россия тожикистонлик мигрантларга имтиёзлар бериши мумкин


Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия Давлат Думаси спикери Сергей Наришкин билан Душанбеда 7 октябрь куни учрашди.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия Давлат Думаси спикери Сергей Наришкин билан Душанбеда 7 октябрь куни учрашди.

Россияда меҳнат қилаётган Тожикистон фуқароларига 3 йилгача ишлашга рухсат берилиши мумкинлиги тўғрисида Душанбеда баёнот берган Россия Давлат Думаси спикери Сергей Наришкинга кўра, тегишли ҳужжат икки мамлакат миграция хизматлари томонидан ҳозирланмоқда. Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари эса ўзларига нисбатан босим кучайиб бораётганини гапирмоқда.

Тожикистонликларга 3 йиллик ишга рухсатнома берилади

Россия парламенти ва ҳукумати делегациясининг Душанбега сафари давомида Россия Давлат Думаси спикери Сергей Наришкин Россия-Тожикистон университети талабалари ва ўқитувчилари олдида қилган чиқиши чоғида меҳнат миграцияси масаласига ҳам тўхталди.

Россия парламенти қуйи палатаси раиси Россияга иш излаб бораётган тожикистонлик муҳожирларга ишга рухсатномалар 3 йиллик муддатгача узайтирилиши мумкинлиги тўғрисида гапирар экан, бундай деди.

- Тожикистон фуқароларининг Россия Федерациясида яшаши, меҳнат қилиши шароитлари МДҲнинг бошқа мамлакат фуқароларига нисбатан анча қулайдир. Албатта, бундай шароитлар Божхона Иттифоқига кирган мамлакатлар фуқаролари учун ҳам яратилган.


Россия делегацияси раҳбари ҳозирда икки тарафлама музокаралар якунига етаётгани ва мамлакатларнинг миграция хизматлари юқорида зикр этилган масала юзасидан тегишли ҳужжат ишлаб чиқаётганини ҳам қўшимча қилди.

Айтилишича, тожикистонлик меҳнат муҳожирларига шу пайтгача 1 йил муддатга бериб келинган ишга рухсатнома 3 йилгача узайтирилиши, Россия ичкарисига кирганидан кейин миграция қайдига туриш муддати эса 3 кундан 15 кунгача узайтирилиши мумкин. Сергей Наришкин бу ўзгариш Тожикистон фуқароларига “қайддан ўриш процедурасини осонлаштириш” учун қилинаётганини айтди.

Тожикистонга сафар қилган Россия делегацияси таркибида Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский, "Россотрудничество" бошлиғи Константин Косачев ва КХШТ бош котиби Николай Бордюжалар бор.

Россия парламенти раиси Сергей Наришкининг тожик муҳожирларига берилажак имтиёзлар тўғрисидаги баёноти Владимир Путиннинг шу масаладаги сўнгги баёнотидан бир кун ўтиб янгради. 7 октябрь куни Россия президенти АТЭС саммитида қилган чиқиши чоғида МДҲга аъзо давлатлар билан виза тартиби жорий этилмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Россия миграция қонунчилигини... ўзбекистонликларга нисбатан кучайтирмоқдами?

Россия ФМХи тарқатган маълумотга кўра, 2013 йил бошидан буён Россия миграция қонунчилигини бузган 250 мингдан зиёд муҳожирга мамлакатга кириш тақиқланди; 30 мингдан ортиқ мигрант депортация қилинган ёки чиқариб юборилган; ўтган 10 ой давомида миграция ходимлари томонидан миграция қонунларини бузганлар устидан 2 миллиондан зиёд протокол тузилган.

Айни пайтда, Дума депутатлари маҳаллий боғча ва мактабларга мигрантлар болалари қабулини чеклаш назарда тутилган қонун лойиҳасини киритди.

Москва шаҳар Думаси депутатлари эса маъмурий қонунбузарлик устида икки марта қўлга тушган муҳожирни депортация қилишни таклиф этмоқда.

Россия ҳукумати миграция соҳасида қонунчиликни кучайтираётган бир пайтда мигрантлар орасида энг ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қолаётганлар айнан ўзбек ишчилари бўлмоқда.

Муродбек исмли ўзбек муҳожирларидан бири Озодликка бундай деди:

- Мен бир-иккита мелисадан ўзбекларни нима қиламиз, деган гапларни эшитдим. Қисқаси, мени бир кун камар тақмаганлигим учун тўхтатишди. Ёзаман-ёзаманга тушди. Пул бераман десам, “Э, бу ўзбекларни ҳаммасини йўқотиш керак!”, деб куляпти. Кеча ФМСга тушган жойимда ҳам асосан ўзбеклар турибди, 10 кишича бор. Бир-иккита тожик, қолгани молдаван ва бошқалар. Ўзим билан ишлаётган болалардан нечтасини депорт қилиб юборди...

Йўлда ушлаб кетяпти, мелисахоналарда пулларини олиб юришибди-да. Ўзбекларни ушласа камида 500 рубл олмаса қўйиб юбормаяпти. Мен билан тушган бола ҳам тожикистонлик эди. Уни савол остига қўйишди, мени эса “200 фоиз гарантия – депорт қиламиз!”, дейишди. Ваҳоланки, иккаламиз ҳужжатларимиз бир хилда. Мен 5 минг рубл берганимдан кейин у ҳам чиқиб кетди мен билан бирга, дейди ўзбеклар Москвада энг ҳуқуқсиз катламга айланиб бораётганидан афсусланган Муродбек.


Россия Меҳнат вазирлиги 2014 йилга хориж ишчи кучига бўлган квоталарни ҳам қисқартириб, 1,6 миллион ишга рухсатнома беришни ҳукумат мажлисига олиб чиқди.
XS
SM
MD
LG