Линклар

Тожикларнинг машҳур футболчиси гол ургани учун жазоланди


Ахтам Ҳамроқулов ўйнаëтган Регар-ТадАз финалда президентнинг ўғли клубига ютқизиб қўйди.

Ахтам Ҳамроқулов ўйнаëтган Регар-ТадАз финалда президентнинг ўғли клубига ютқизиб қўйди.

Тожикистон жанубидаги Қўрғонтепа шаҳри ҳокимияти асли қўрғонтепалик футболчи Ахтам Ҳамроқулов ўз шаҳри командасига қарши ўйинга тушиб¸ иккита гол ургани учун ундан ўзига хос ўч олди – ўйин тугаши билан унинг Қўрғонтепадаги уйи электр ва сув таъминотидан узиб қўйилди.

Ҳозирда футбол бўйича Тожикистон миллий жамоаси ҳужумчиси¸ Регар-ТадАз клуби ўйинчиси Ахтам Ҳамроқулов тожикистонлик футбол ишқибозларига яхши таниш.

Аввалига Қўрғонтепанинг Вахш клубида ўйнаган Ҳамроқулов¸ ўз маҳорати ошгач¸ маҳаллий клубни қўйиб¸ каттароқ пул эвазига қўшни Турсунзода шаҳар клубига ўтиб кетди.

1 октябр куни Тожикистон биринчилиги доирасида Ҳамроқулов Регар-ТадАз клуби сафида ўз собиқ клуби Вахшга қарши Қўрғонтепа стадионида ўйинга тушди ва ўйин давомида иккита гол уриб¸ Вахшнинг мағлубиятини таъминлади.
Унинг ўз маҳаллий клубини шу зайил “шарманда” қилганини Вахш ишқибозларидан кўра ҳам шаҳар ҳокимлиги кечира олмади.

Ҳамроқуловнинг Озодликка айтишича¸ ўйин тугаши билан у икки футболчи дўсти билан ўзи туғилиб ўсган ота уйига бориб¸ ТадАз ғалабасини нишонлаб ўтирган пайтда шаҳар ҳокимияти ва коммунал хизмат расмийлари кириб келган.
Шаҳар электр тармоқлари¸ Водоканал ва Тожикстандарт вакиллари ўз ҳамшаҳарлари дарвозасига иккита гол ургани учун қасос олинишини айтиб¸ электр симларини кесиб¸ ҳисоблагичга муҳр босиб¸ сув берилишини тўхтатиб кетганлар.

Боз устига¸ Ҳамроқуловнинг айтишича¸ отасининг коммунал хизматлар учун қарзи бўлмагани ҳолда¸ унга электрдан қарздорлик учун 1259 сомоний (тахминан 225 АҚШ доллари)¸коммунал хизматлар қарздорлиги учун эса 1590 (305 доллар) миқдорида жарима ëзиб кетганлар:

- Биз коммунал хизматлар ҳақини доим 100 фоиз тўлаб келамиз ва буни тасдиқловчи квитанциялар ҳам турибди. Шунинг учун мен улардан жарималарини олиб¸ уйдан чиқиб кетишларини сўрадим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда тожик футболчиси.

Қўрғонтепа шаҳар коммунал хизмат бошқармаси бошлиғи Мирзо Ашуров Ҳамроқулов уйида шундай воқеа бўлганини тасдиқлади. Бироқ расмийлар томонидан қилинган бу ҳаракатнинг Ҳамроқулов Вахш дарвозасига иккита гол ургани учун олинган ўч эканини инкор қилди:

- Мен Ҳамроқулов киму унинг қайси клубда ўйнашини ҳам билмайман. Биз бу қадар паст кетмаймиз. Аммо қарзини вақтида тўламаган оилаларни огоҳлантириб¸ уларни тармоқдан узиб қўйишимиз бор гап¸ деди Озодлик боғланган шаҳар коммунал хизмат бошқармаси бошлиғи.

Ўзига ойига 6000 доллар маош тўлаëтган Турсунзода клуби олдидаги мажбуриятини бажаргани учун Қўрғонтепа ҳокимияти томонидан 600 долларлик жаримага тортилган Ахтам Ҳамроқулов¸ бу воқеа юзасидан Тожикистон Футбол федерацияси раиси¸ президентнинг ўғли Рустам Раҳмонга арз қилган:

- Муаммо бугунга келиб ҳал бўлди. Мен федерацияга шикоят қилдим. Биз 4-5 куни электрсиз қолдик. Шаҳар расмийларининг бундай қасоси юзасидан Рустам Имомалига шикоят қилганимдан кейин масала ҳал бўлди¸ дейди Ахтам Ҳамроқулов.

Бундай ëрдам Ҳамроқулов ҳужумчилик қилаëтган Регар-ТадАз Душанбенинг Истиқлол клубига Тожикистон биринчилиги учун финал ўйинда ютқизиб қўйганидан келди. Истиқлол клуби эгаси эса¸ Рустам Раҳмондир.

Ҳамроқулов эса¸ ўз шаҳри клубига қарши яна ўйинга тушиш эҳтимолини соқит қилмаган ҳолда¸ келаси ўйинларда эҳтиëткорроқ бўлишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG