Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:44

Ўзбекистонлик 5200 зиёратчи Саудияга етиб борди


Ҳаж маросимларини адо этиш учун йўлга чиққан зиёратчиларнинг ҳаммаси Саудий Арабистонига етиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Айни пайтда Мадинаи Мунавварада бўлиб турган зиёратчилар Масжиди Набавийга қўшни бўлган “Ажниҳа ат-Тоййиба” меҳмонхонасида, Маккаи Мукаррамадаги зиёратчилар эса Каъбатуллоҳдан 4-5 километр наридаги “Солиҳия” меҳмонхонасида жойлаштирилгани айтилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, Маккадаги зиёратчилар Ҳарамга қулай автобусларда борадилар. Уларга 30 нафар ҳожибоши, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат қилаётгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Саудия Ҳаж вазирлиги Ҳарамда таъмир ишлари олиб борилаётгани туфайли турли мамлакатлардан бўлган зиёратчилар учун квотани 20 фоизга қисқартиргани маълум бўлганди. Айни пайтда бу чеклов ўзбекистонлик зиёратчиларга дахл қилмаслиги билдирилган. Хусусан, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳукуматига бу борада жўнатилган расмий мактубда 2013 йилда бу мамлакатдан 5200 зиёратчи келиши мумкинлиги таъкидланган.

Аввалроқ бу йилги мавсумда ўзбекистонлик зиёратчилар учун белгиланган квота ҳам қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ бу маълумот кейинроқ ўз тасдиғини топмаганди.

Саудия Ҳаж вазирлиги томонидан дунё давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон учун бир кишидан квота белгиланган.

Ўттиз миллиондан зиёд одам яшайдиган Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, аҳолининг 93 фоизи мусулмон бўлиб ҳисобланади.

Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистонга тақрибан 28 минг кишилик квота берилиши лозим. Аммо Ўзбекистон расмийлари ҳар йили Ҳаж қилувчилар сони 5200 нафардан ошмайди, дея квота белгилаттириб келади.
XS
SM
MD
LG