Линклар

Обид Саидов “Тоштурма”да акаси билан учраштирилмади


Дилмурод Саййид.

Дилмурод Саййид.


Ҳуқуқ фаоли ва журналист ва Дилмурод Саййид 6 октябрь куни Навоийдаги қамоқхонадан “Тоштурма”га этап қилинди.

Уни кўриш учун “Тоштурма”га борган Обид Саидов акаси билан учраштирилмаганини айтади:


- Тоштурмага 7 октябрда бориб келдим. Ўша ердаги сержантлар спискасидан қараб топди. Передачани олиб қолиш учун аризамга “транзит” деб ёзиб берди. Ҳозир ўша ерда экан. Kарточкаси чиқди. Кийим-кечаклар олиб борган эдим. Кийим-кечакларни тортмас экану лекин 12 килограмм озиқ-овқатни тортиб олиб қолишди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда маҳбуснинг укаси.

Обид Саидов акаси билан учрашиш учун 5 октябрь куни Навоийдаги қамоққа борганида навбатчи милиционер Дилмурод Саид этап қилинганини айтган¸ аммо қаерга жўнатилганини маълум қилмаган.

Обид Саидов акасидан хат келмагунча унинг Тошкентга этап қилингани сабаби ҳақида бирон тахминни илгари суришдан тийилишини айтди.

Айни пайтда, Обид Саидов акасининг “Тоштурма”га этап қилингани кўнглида яхшиликка умид уйғотганини қўшимча қилди:

- Мен ўйлаётганим яхши ният. Балки шу “Тоштурма”дан чиқариб юборишадими. (АҚШ) Сенаторлар(и) бизани президентга хат ёзган эканку. Балки шу ҳал бўляптими, деб яхши ният қилиб ўтирибман, дейди Обид Саидов.

Жорий йил июнида 12 нафар АҚШ сенатори Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолияти туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист ва бир ҳуқуқ фаолини “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирган эди.

Президент Каримовга йўлланган мактубда АҚШ Конгресси вакиллари журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғунов тақдиридан хавотир билдирилган.

Мактубни имзолаганлар орасида АҚШ Конгрессининг нуфузли вакилларидан бири Жон Маккейн ҳам бор.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййид 2009 йил февралида ҳибсга олинган эди.

2009 йил июнида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисмига мувофиқ 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Яқинларининг суд қарори юзасидан барча инстанцияларга қилган шикояти натижасиз тугаган.

Дилмурод Саййид шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг Навоий шаҳридаги 64/36-муассасасида жазо муддатини ўтаб келётган эди.
XS
SM
MD
LG