Линклар

logo-print


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 5000 сўм бўлган янги пул банкноталарини муомалага чиқара бошлаганига уч ойдан ошди. Аммо банкларда ҳануз ўткир нақд пул танқислиги давом этмоқда.

Бундай ҳолат, Озодлик боғланган мутахассисларга кўра¸ банкларнинг бюджет ташкилотлари олдидаги мажбуриятлар ҳажми ошгани хамда пахта мавсумига кетаёткан харажатлар билан изоҳланмоқда.

Хусусан¸ Агробанк филиалларидан бирининг пул муомаласи бўлимида ишлайдиган ходимнинг таъкидлашича, барча эътибор ҳозирги кунда пахтага қаратилган:

- Сентябр охиридан бошлаб Марказий банкка топшириш керак бўлган нақд пул ҳажми ошириб берилди, вилоятларда пахта терими бошлангани сабабли. Ҳамма пул пахтага кетаяпти! Ундан ташқари¸ биласиз¸ пенсиялар ҳам августдан 15 фоизга ошган. Ўшанга қийин бўлаяпти¸ дейди банк ишчиси.

Ходимдан яқинда муомалага чиқарилган 5000 сўмлик ҳақида сўралганда у қуйидагича жавоб қилди:

- 5000 сўмлик чиққани билан у катта миқдорда муомалада эмас. Пул аҳоли қўлида қолиб кетаяпти. Қанча пул чиқарманг¸ одамлар банкка пул топширмаса ундан нима наф??? Бизда харажат катта¸ аммо нақд пул тушими ҳажми ошмаяпти¸ дейди Озодлик суҳбатлашган банк ходими.

Суҳбатдошга кўра¸ нақд пул тақчиллиги сабабидан тадбиркорлар ҳам ўз пулларини вақтида олиша олмаяпти:

- Бизларга буйруқ бор. Пахта биринчи навбатда. Кейин эса пенсия! Шуларни нақд пул билан таъминлашимиз зарур. Тадбиркорларга пластик карталар хизматини кенг қўллаш тавсия этилган. Ойлик, дивидент ва бошқа пулларини пластик карталарига тушириб бераяпмиз¸ дейди Ўзбекистондаги яна бир банк - Алоқабанк мутасаддиларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган яна бир банк ходими "бўзчи белбоққа ëлчимайди"¸ деган нақлни айтиб¸ нақд пулнинг фақат пахтага кетаëтгани боис¸ банк ходимларининг ўзи ҳам икки ойдан бери маош ола олмаëтганликларини билдирди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бормоқда. Бу муаммони маъмурий-буйруқбозлик усулида ҳал қилишга уринаëтган ҳукумат расмийлари хусусий тадбиркор ва савдогарларга қўйилаëтган нақд пул топшириш мажбуриятини ошириб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG