Линклар

logo-print

"Вестминстер университетининг Тошкентдаги бўлимига тўққиз йил давомида ҳукумат тарафидан тайинланган собиқ КГБ офицери ректорлик қилиб келган". Бу ҳақда Wikileaks ошкор этган маълумотлар Британия жамоатчилиги орасида шов-шувга сабаб бўлмоқда.


Британияда чиқадиган The Guardian газетасининг Wikileaks ошкор этган махфий ҳужжатларга асосланиб ёзишича, Вестминстер университетининг Тошкентдаги филиали очилган 2002 йилдан бошлаб тўққиз йил давомида унга собиқ КГБ офицери Абдужаббор Абдувоҳитов ректорлик қилган.

Шунингдек, мазкур билим даргоҳи бошқарувига Каримов режимига ишловчи Миллий хавфсизлик ходимлари ҳам кириб қолгани ҳақида ҳам тахминлар бор.

9 октябрь куни Wikileaks ошкор этган махфий ҳужжатлардан аён бўлишича, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Пурнел 2006 йилги ëзишмаларидан бирида Вестминстер университети Тошкент бўлимининг британиялик проректори айтганларига таяниб, университет бошқарувига Каримов режимининг махфий хизматларига ишловчи одамлар кириб қолгани ҳақда ёзган.

Жаноб Пурнел ўз ёзишмасида Абдувоҳитовнинг 2005 йилда намойишчилар ўққа тутилган Андижон вилояти Миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ бошлиғи бўлганини ҳам қўшимча қилган.

Вестминстер университетининг Лондондаги бош қароргоҳи вакиллари Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги кампуси собиқ ректорининг ўзбек махсус хизматлари билан алоқадорлиги ҳақида маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

АҚШ элчиси ўз ёзишмасида тилга олган Вестминстер университетининг Тошкентдаги бўлими проректори Алан Франсдир.

Жаноб Франс The Guardian мухбири билан суҳбатда АҚШ элчихонаси расмийси билан 2006 йилда қилган суҳбати Wikileaks сайтида пайдо бўлганини кўриб шокка тушганини айтган.

Ўз суҳбатининг айрим жиҳатлари нотўғри талқин этилганини таъкидлаган Франс¸ собиқ ректор Абдужаббор Абдувоҳитовнинг ўтмиши ҳеч кимга сир бўлмаганини ҳам билдирган.

Британиянинг етакчи олийгоҳларидан бири саналган Вестминстер университети халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан дунёдаги энг шафқатсиз режимлардан бири деб кўриладиган мамлакатда 2002 йилда ўз кампусини очган эди.

"Айнан ўша йили Британия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон қамоқхонасида икки маҳбус тириклайин қайноқ сувга солиб ўлдирилиши юзасидан ташвиш билдирган. 2005 йилда эса Форин офис Андижонда юзлаб одам ўлдирилишини қаттиқ танқид қилган эди"¸ деб ёзди The Guardian.

Вестминстер университетининг Тошкентдаги бўлими ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўқув жараёни тўлалигича Британия тизими бўйича ўқитилиши, Ўзбекистон ҳукуматининг ўқув жараёнига аралашмаслигини таъкидлади:

- Ўзбекистонда давлат бизнинг ўқув жараёнимизга аралашмайди, фақат Британия тизими бўйича ишлаймиз. Ўқитувчиларнинг 20 фоиз чет эллик, 80 фоизи ўзбекистонликлар. Лекин ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг ҳаммаси чет давлатда билим олиб келган мутахассислар. Фанларнинг ҳаммаси Британияники. Масалан¸ Британияда Business administration курси бор, бизда ҳам худди шундай. Ўзбекистондаги ҳеч қайси фан киритилмаган, дейди Вестминстер университетининг Тошкентдаги бўлими ходими.

The Guardian газетасининг ёзишича, Британиядаги яна камида бешта университет Тошкентдаги Британия Кенгаши қўллаб қувватлови остида Ўзбекистондаги олийгоҳлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Булар Кэмбриж, Бата, Шарқий Англия, Лондон Метрополитан университетлари ҳамда Лондон Фэшн коллежидир.

Озодлик боғланган Тошкентдаги Британия Кенгаши вакили маориф соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиниши тўғри эканини таъкидлади:

- Ўзбекистондаги билимга ташна одамларни иҳоталаб қўйгандан кўра¸ у ерда янги авлод етакчиларини тайёрлаш, маориф ва маданият соҳаларида ижобий ҳамкорликни йўлга қўйган тўғрироқ¸ деб ҳисоблаймиз, деб жавоб берди Британия Кенгаши расмийси Озодлик саволига 10 октябрь куни.
XS
SM
MD
LG