Линклар

Абдурашид Дўстум ўтмиш хатолари учун кечирим сўради


Генерал Абдурашид Дўстум 2014 йилги сайловларда вице-президентликка даъвогар.

Генерал Абдурашид Дўстум 2014 йилги сайловларда вице-президентликка даъвогар.

Афғонистондаги энг қаттол уруш қўмондонларидан бири сифатида кўриладиган Абдурашид Дўстум фуқаролик уруши давридаги роли учун мамлакат аҳолисидан узр сўради. Ëзма тарзда эълон қилинган бу баëнот¸ келаси йилги президентлик сайловларида вице-президентликка даъво қилаëтган Дўстум томонидан ўтмишдаги қилмишлар учун сўралаëтган илк кечиримдир.

Афғонистонлик этник ўзбек генерали Абдурашид Дўстум мамлакатдаги қонли фуқаролик уруши даврида қилган хатолари учун жамоатчиликдан узр сўраган илк дала қўмондони бўлди ва шу боис бу баëнот ҳам Афғонистон ичкариси¸ ҳам хорижда шов-шув уйғотди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан оғир жиноятларда айбланиб келинаëтган генерал Дўстум¸ 7 октябрь куни эълон қилинган ëзма баëнотида ўтмишдаги қилмишлари учун чуқур афсусда эканини билдирди.

"Фуқаролик уруши даврида жуда кўп хатоликларга йўл қўйилди. Бугун ана шундай салбий сиëсатимиз оқибатида талофат кўрган афғон халқидан узр сўраш вақти келди. Мен шу йўлда биринчи қадамни қўймоқчиман ва зўравонлик ҳамда фуқаролик урушидан азият чекканларнинг барчасидан узр сўрамоқчиман”¸ дейилади генерал Дўстум баëнотида.

СССР Афғонистондан ўз аскарларини олиб чиқиши ортидан турли афғон қуролли гуруҳлари ўртасида бошланиб кетган ўзаро уруш оқибатида 1992-96 йиллар давомида юз минглаб одам нобуд бўлди¸ мамлакат инфратузилмаси буткул вайронага айланди.

“Кейинги 20 йил давомида орамизда ўзини оппоқ кабутар қилиб кўрсатиши мумкин ҳеч ким қолмади. Мамлакат ҳаëтида янги саҳифа очишни истар эканмиз¸ биз фуқаролик урушига тортилган барча гуруҳ ва қўмондонларни ўзларида жасорат топиб хатоларни тан олиш ва халқдан кечирим сўрашга чақирамиз. Фақат шу йўл билангина бу хатоларнинг келажакда яна такрорланиши олдини олиши мумкин”¸ дейилади Дўстум баëнотида.

Дўстумнинг очиқдан-очиқ қилинган бу иқрор ва узри¸ Афғонистон яқин тарихида мисли кўрилмаган ҳодисадир.

Озодлик билан суҳбатда Афғонистон Мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси матбуот котиби Рафиуллоҳ Бидар¸ гарчи бу баëнот адолат қарор топганини англатмаса-да¸ тўғри йўналишда ташланган илк қадам эканини айтади:

- Дўстумнинг бу баëноти ўта муҳим. Зотан у уруш қурбонлари ярасига қай маънодадир малҳам бўлиши мумкин. Аммо бундай кечирим ва бундай сўзлар етарли эмас ва улар адолат ўрнини боса олмайди¸ дейди Бидар.

Яқинда Афғон миллий армияси штаби бошлиғи лавозимидан истеъфога чиққан Дўстум¸ фуқаролик уруши даврида¸ сўнгра собиқ Шимолий иттифоқ таркибида Толибонга қарши можарода оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб келади.

Унга қўйилаëтган айблар орасида оддий фуқаро ва маҳбусларни қирғин қилиш¸ бутун бошли қишлоқ ва шаҳарларни ëппасига вайрон қилиш каби жиддий уруш жиноятлари ҳам бор.

Шундай айблардан бирига кўра¸ Дўстум 2001 йил декабрида Қундузда таслим бўлган 2000 га яқин толиб жанггарисини метал контейнерга солиб¸ уларнинг бўғилиб ўлишини уюштирган. Аммо Дўстум бундай ваҳшийликлар ҳақидаги иддаоларни рад қилиб келади.

Ўтмишдаги бундай амалларига қарамай¸ Дўстум каби собиқ уруш қўмондонлари АҚШ билан ҳамкорликда ишлаëтган бугунги Кобул ҳукуматида жиддий таъсирга эга ва ҳозирга қадар мамлакатдаги юқори сиëсий ва ҳарбий лавозимларни эгаллаб келмоқда.

2007 йилда Афғонистон парламенти уруш жиноятларида айбланган барча шахс¸ хусусан қўмондонларни ëппасига авф этди ва уларга ҳуқуқий дахлсизлик берди.
Дўстумнинг афғон халқидан узр сўраш ҳақидаги баëноти¸ ўзбек генерали 2014 йил апрелига белгиланган президент сайловларида вице-президентликка даъвогар сифатида рўйхатга олинганидан саноқли соатлар ўтиб эълон қилинди.
Дўстум бу сайловларда президентликка даъвогар собиқ Молия вазири Ашраф Ғани билан жуфтликда қатнашиш режасида.

Human Rights Watch ташкилотининг маҳаллий тадқиқотчиси Аҳмад Шужа фикрича¸ бундай кетма-кетлик Дўстумнинг сайловолди имижини яхшилаш учун қилингани борасидаги тахминларга асос бўлади.

Айни пайтда¸ кузатувчи фикрича¸ бундай кечирим¸ ҳукуматнинг ўтмишдан келажак томон илгарилиши учун туртки бўлиши мумкин :

- Бундай узр сўраш ҳукуматга умуммиллий¸ барча гуруҳ ва қатламларни ўз ичига олувчи ҳақиқий адолат дастури яратиш¸ уни ривожлантириш имконини беради. Бундай дастурга собиқ қўмондонлар баробарида улар қурбонлари ҳам бирдек қўшилишлари мумкин¸ дейди Шужа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG