Линклар

logo-print

"Ўзбекистон темир йўллари транспортдан кўра, кўпроқ сиёсат воситаси"


Душанбе-Конибодом йўналишида кетаëтган Тожикистонга қарашли йўловчи поезднинг Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани ҳудудида 10 октябрь куни эрталаб ҳалокатга учрагани поезд эгаси бўлган мамлакат темир йўл транспортининг хавфсизлиги даражаси тўғрисида ҳам, авария юз берган мамлакат темир йўллари хавфсизлиги тўғрисида ҳам ўйлаб кўришга ундади.

“Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компанияси вакиллари кейинги йилларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида сезиларли ишлар амалга оширилганини айтмоқда.

Бироқ, айни пайтда, ҳалокатлар статистикаси темирйўлчилар оптимизмига тўла қўшилишга изн бермайди.

Ҳалокатнинг муҳтамал сабаблари

“Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компанияси мутахассисларидан бири 10 октябрь кунги ҳалокатнинг тахминий сабаблари тўғрисида фикр юритар экан, бундай деди:

- Йўлда носозлик бўлиши мумкин. Йўллар кенгайиб кетиши мумкин. Шаблондан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Ёки стрелкалардан айб чиқиб қолиши мумкин...

Мутахассис, айни пайтда, Ўзбекистон темир йўлларида кейинги йилларда хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар самара бераётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

"Ўзбекистон темир йўлларида ҳалокатлар камайган"

Соҳада 18 йилдан бери хизмат қилиб келаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, темир йўлдаги ҳалокатлар “олдинги йиллардан кўра сал камайган. Олдин йўлларимиз шпалли эди. ҳозир бетонли бўлиб қолди”, деди темир йўлчи.

“Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг техник-технологик бошқармаси вакили Озодлик саволларига жавоб берар экан, жумладан бундай деди:

- Компаниямиз раисининг ҳаракат хавфсизлиги бўйича 2009 йил, 5 январда чиққан 1-буйруғига биноан кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Ишимизда нуқсонларга йўл қўйилгани йўқ. Бунга асосий сабаб – ишчиларнинг билим даражасини кўтариш, улар билан ишлаш, ҳаракат хавфсизлигига рахна соладиган омилларни бартараф этишдир.

Бошқарма вакилига кўра, Ўзбекистон темир йўлларида, ҳаракат хавфсизлиги тўла таъминланган, бироқ компаниянинг қуйироқ лавозимли вакилидан бошқачароқ маълумот эшитдик.

Бир йилда тақрибан 20 та ҳалокат содир бўлади

- Бир йилда 20та ҳалокат бўлиши мумкин. Мисол учун, кесишмаларда машиналар авария бўлиб кетади. Унақа воқеалар бўлиб туради.


Озодлик: Бу Ўзбекистон бўйича айтаяпсизда-а ë ўзингиз ишлайдиган участкадами?

- Ўзбекистон бўйича бу. Бизга телеграмма келади. Ҳар сешанба ўқиб бизга тушунтиришади.

Ҳалокатлар статистикаси

Темирйўлчи айтаётган “йилига 20 нинг атрофидаги” темир йўл ҳаракати ҳодисаларининг кўпчилиги тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган эди.

2012 йилнинг 16 июнида Жиззах шаҳри ҳудудида “Афросиёб” тезюрар поезди 30 ёшли Наргиза Сараевани уриб юборган ва аёл воқеа жойида вафот этган эди.

2011 йилнинг сентябрида Сурхондарё вилоятида юк поезди изидан чиқиб кетган, натижада ёнғин чиқиб, айрим маълумотларга кўра, 4 фуқаро халок бўлган, камида 16 киши касалхонага ётқизилган эди.

2010 йил июлида Оҳангаронда юк поезди ҳалокатга учраган эди.

Сўнгги уч йилда Ўзбекистон темир йўлларида содир бўлган авариялардан учтасини эсладик.

Инсоф юзасидан шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, темир йўл ҳалокатлари бошқа мамлакатларда ҳам юз бериб туради. Бироқ ғарблик мутахассислар ўз вақтида Ўзбекистон темир йўллари сифатидан жиддий хавотирлар билдирганини эслашга тўғри келади.

Ўзбекистон темир йўллари ҳорижликлар назарида

Масалан, Washington Post газетаси 2011 йилнинг 3 июлида Афғонистондаги АҚШ ва НАТО ҳарбийлари таъминоти учун қарийб ҳаëт-мамот йўлига айланиб қолган Шимолий таъминот тармоғининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи қисми Вашингтон расмийлари учун қўрқув манбаига айланиб бораётгани тўғрисида ёзган эди.
Бу соҳада Тошкент – Вашингтон ҳамкорлигининг бугунги аҳволи тўғрисида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бундай фикрда:

- АҚШнинг катта жиддий лойиҳаси бор. Унинг номи “Янги ипак йўли”. Афғонистон, Марказий Осиë, Кавказ ва собиқ иттифоқ давлатлари орқали Европани боғлаш, эркин иқтисодий ҳудуд яратиш орқали Американинг, Ғарбнинг таъсирини, айнан Американинг Марказий Осиëга таъсирини кучайтириш жиддий лойиҳа эди. Лекин бу лойиҳанинг амалга ошиши анча қийин бўлаяпти ëки бу лойиҳа инқирозда турибди дейиш мумкин. Бунинг иккита асосий сабаби бор.

Озодлик: Ўзбекистон темир йўллари омили борми бу лойиҳанинг муваффақияти ëки ҳалокатида?

- Албатта бор. Бу ерда иккита сабаб бор. Биринчиси, Ўзбекистонда темир йўллар давлат монополиясида қолаяпти ва у хусусийлаштирилмаган ва Ўзбекистон темир йўллари компанияси иқтисодий категориялар билан фикрламайди ва ундай имконият берилмайди. Иккинчиси, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан конфликтлари жуда ҳам кучли. Масалан Тожикистон ўзининг лойиҳаларидан воз кечиши учун Ўзбекистон Тожикистонни изоляция қилиш сиëсатини амалга ошириб келаяпти. Бу сиëсат тўхтагани йўқ. Мана шу икки-уч сабаб орқали яъни хусусийлашмаганлиги ва қўшниларга босим ўтказиш воситаси сифатида ишлатилиши бугунги кунда Ўзбекистонга бўлган ишончнинг ва бу лойиҳанинг анча касод бўлишига олиб келди.

Ўзбекистон билан Тожикистоннинг темир йўл масаласидаги можароларини сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эслатмаса ҳам, 10 октябрь кунги ҳалокат беихтиёр эсга солди.

Икки қўшни орасидаги ТЕМИР йўл

Мана бир неча йилдирки, Тошкент билан Душанбенинг темир йўлга боғлиқ можароси давом этиб келади. Тожикистонга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистонда тўхтаб қолиши ҳолатларини ёки 2011 йил 17 ноябрга ўтар кечаси Ғалаба-Амузанг темир йўлида содир бўлган сирли портлашни эслаш кифоя.
Тожикистонга қарашли поезднинг Ўзбекистон ҳудудида 10 октябрь кунги ҳалокати икки қўшни ўртасидаги темир йўл можаросини кучайтириб юбориши мумкинми?

Бу саволни яна сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга бердик.

- Бу имконият ўтган йилларда тўлақонли, яъни 100 фоизлик даражада амалга оширилди. Ўзбекистон ойлар давомида Тожикистон поездларини тўхтатиб қўйди ва уларни платформадан четга олиб ташлади. Бундан ортиғи бўлмайди. Умуман Тожикистондан ташқари Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига, яъни ўтказиш, транспортировка орқали олинадиган даромадларнинг ўзи йилига тахминан 100 миллион доллардан ошади. Бу Тожикистон томонининг ҳисоб-китоби бўйича. Шу йилнинг ўрталарида Омонулла Ҳикматуллаев интервью берган эди. Унинг айтишича, йилига Ўзбекистонда камида 100 миллион доллар йўқотади. Фақатгина Тожикистоннинг юк поездларини ўтказмаслиги сабабли 100 миллиондан ортиқ йўқотади. Лекин Ўзбекистон, ўйлайманки, бу сиëсатдан ҳозирги кунда воз кечмайди. Чунки бу сиëсатнинг архитектори Каримов. Тожикистон ўзининг Роғун лойиҳасидан воз кечмас экан ва бошқа баъзи бир Тошкент томонидан талаб қилинаëтган лойиҳалардан воз кечмас экан Ўзбекистон босимда давом этаверади деб ўйлайман, деди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG