Линклар

logo-print

Сочи-2014 Қишки Олимпиада ўйинлари бошланишига уч ойдан камроқ қолган айни кунларда маҳаллий маъмурият минтақани Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия ва бошқа қўшни мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирларидан тозалашга фаол киришди.

Сочи ҳукумати ғайрат билан шаҳарни мигрантлардан тозалашга киришди. Миграция ва, айниқса, полиция ходимлари ўз мақсадига эришишда ноқонуний йўлларни, зўравонликни қўллаётгани тўғрисида хабарлар тинимсиз келиб турибди.

29 ёшли андижонлик Абдуманноб Раҳмонов Озодлик мухбирига икки кун давомида Сочининг Марказий полиция бўлими ҳовлисида сақланганини гапиради:

- Гаражда эдик, у ерда умуман бардак. Даҳшат! Гаражда совуқ бўлгани сабабли кечаси белим оғриб қолди. Буни кўрган полиция ходимлари тез ёрдамни чақирди, укол қилишди ва кейин яна ўша ерга тиқиб қўйишди. Гаражларда мендан ташқари, чамамда, 40 кишича бор эди. Сал кам икки кун ўтирдим у ерда. Овқат беришгани йўқ, полиция бўлимида дўкондан у-бу нарса олиб кун ўтказдик. Ётадиган жойимиз – тумбочкалар эди. Деярли икки кун ухламадик, дейди избосканлик Абдуманноб Раҳмонов.



Унинг айтишича, полициядаги икки кунлик “меҳмонликдан” кейин қулоғи ва буйраги шамоллаб қолган.

Ўзбекистонлик Абдуманноб ва бошқа бир қанча муҳожирлар ҳуқуқлари поймол этилгани юзасидан Сочи прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Адвокат Александр Попков Раҳмонов иши охирги пайтларда полиция томонидан содир этилаётган юзлаб қонунбузарликлардан биттаси экани гапиради:

- Ҳозирда, иш материаллари билан танишиб чиқиб, гаражда бўлганлар, хусусан Раҳмоновга нисбатан ҳибсга олиш бўйича протокол тузилмаганини анқиладик. Яъни уни ноқонуний қўлга олишган, полицияга олиб келинганидан 3 соат ўтиб унга қандайдир айблов эълон қилиниши керак бўлган. Унга нима учун ушлаб турилганини тушунтиришгани ҳам йўқ. Афсуски, бундай ҳолатлар саноқсиз, конвейерга қўйилган: кунига бу гаражга 40-50-60 одам сақланган, дейди бошқа полиция участкаларида ҳам аҳвол бундай яхши эмаслигини таъкидлаган ҳуқуқ ҳимоячиси Александр Попков.

Авдокатнинг сўзларига кўра, полиция Раҳмоновнинг ҳужжатларини текширишга ҳам уринмаган, ваҳоланки 1 минг рубл турадиган патент муддати тугаганидан кейин октябр ўрталарида Абдуманноб Ўзбекистонга чиқиб кетишни режалаштираётган бўлган.

Попков ўзбекистонлик бу муҳожир патент муддати тугаганидан кейин яна 15 кун Россияда қонунан яшаш ҳуқуқига эга бўлганини қўшимча қилди.

Сочилик ҳуқуқ ҳимоячилари юзлаб марказий осиёлик, босниялик, молдавиялик ва туркиялик меҳнат муҳожирлари полиция, миграция хизмати ва маҳаллий маъмурият зўравонлигию бедодлигидан азият чекаётганига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Бунинг учун маҳаллий ҳуқуқ фаоллари XXII Олимпия ва XI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик пайтида Краснодар ўлкаси маъмурияти мигрантларга қарши олиб қораётган “тозалаш” кампаниясини тўхтатиш талаби билан чиқди.

Улар Интернетда Россия ҳукумат раҳбари, Бош прокурори номига юборилган петиция остида имзо йиғишни ташкиллаштирди.

“Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, минглаб Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Молдова, Туркия ва Россиянинг бошқа минтақаларидан келганлар Сочидаги Олимпия қурилиш объектларида 10 соат ва ундан ортиқ вақт объектларга қилинган сарф-харажатларни қоплаш учун ҳақ тўланмасдан ишлатилмоқда. Айримлар ҳатто уйга қайтиб кетиш учун чипта сотиб олиш имкониятига эга эмас”, дейилади номада.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Краснодар ўлкаси маъмурияти мигрантларни чиқариб юборишга полиция ва казаклар дружиналари ёрдамида облаваларни уюштираётгани, одамлар таҳқирланаётгани ва калтакланаётгани қайд қилиб бормоқда.

Шунингдек, маҳаллий судлар бу одамларнинг депортация қилиш бўйича ноқонуний қарорларни “конвейерда штамповка” қилаётганини гапиради Озодлик билан суҳбатда фуқаровий кўмак ташкилоти аъзоси Валерий Сучков:

- Раҳмоновнинг иши Россия давлати ичкарисида инсонга бўлган муносабатнинг ёрқин ифодасидир. Албатта, бу миграция сиёсати, қонунчилик, сўзсиз регистрация ва миграция назорати бўлиши шарт, аммо полиция ва назорат идоралари уларга юкланган бу вазифаларни қонун доирасида бажара олмаяпти. Шу сабабли улар ўз вазифасини бажариш учун барча қонунбузарликларга йўл қўйишга тайёр.

Бундай инсофсизлик, қаттиққўллик, адолатсизлик нафақат полиция ва миграция хизмати, балки умуман Олимпиадага тайёргарлик руҳини ифодалайди, дейди Валерий Сучков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG