Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

ЕХҲТ Озарбайжонда ўтказилган президент сайловини танқид қилди


ЕХҲТнинг кузатувчи миссия раҳбари Т.Зулуэта.
ЕХҲТнинг кузатувчи миссия раҳбари Т.Зулуэта.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари чоршанба куни Озарбайжонда ўтказилган президент сайловида “жиддий муаммо ва камчиликлар” кузатилганини баён қилди. Пайшанба куни Бокуда уюштирилган матбуот анжуманида ЕХҲТ миссияси расмийлари “сайлов кунидаги барча жараёнларда” муаммолар кузатилганини таъкидлади.


Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси тузган кузатувчи миссия раҳбари Тана де Зулуэта матбуот анжумани иштирокчиларига сайлов жараёнида йиғилиш ўтказиш ва сўз эркинлиги каби фундаментал ҳуқуқлар чеклаб қўйилганини айтди:

- Сайловга тайёргарлик жараёнида гувоҳлар қўрқитилгани ва хатто журналистларга жисмоний ҳужумлар бўлгани ҳақидаги иддаолар кузатувчилар миссиямизга етиб келди. Биз сайловда жиддий камчиликлар кузатилди деб ҳисоблаймиз, деди Тана де Зулуэта.

ЕХҲТ кузатувчилари 37 та сайлов участкасида қутиларга ортиқча бюллетенлар ташланганига “аниқ ишоралар борлиги”ни маълум қилди.

Тана де Зулуэта сайловдаги энг қўпол қонунбузарлик овозларни санаш жараёнида кузатилганини қўшимча қилди.

ЕХҲТ кузатувчилари гапираётган пайтда ҳукуматпараст журналистлар уларнинг гапини бўлиб, қичқириб халал бергани сабабли матбуот анжумани хаосга айланди.

Айни пайтда, Европа Кенгаши Парламентлараро ассамблеяси Озарбайжонга жўнатган кузатувчилар миссияси эълон қилган баёнотда, сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар кузатилганига қарамасдан, 9 октябр кунги овоз бериш шаффоф ва демократик бўлгани қайд этилган.

Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси деярли барча овозлар санаб бўлингани ва Илҳом Алиев 84,6 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилди.

Озарбайжон мухолифати тузган Демократик кучлар миллий кенгашининг президентликка муштарак номзоди Жамил Ҳасанли сайловчиларнинг 5,5 фоиз овозини олган.

Ҳасанли Бокуда ўтказилган матбуот конференциясида сайлов натижалари юзасидан судга шикоят қилишини билдирди:

- 9 октябр кунги натижалар президент сайлови эркин, адолатли ва демократик бўлмаганини кўрсатди. Мен унинг натижалари бекор қилиниши учун ҳамма қонуний имкониятни ишга соламан, дея баёнот берди Жамил Ҳасанли.

Демократик кучлар миллий кенгаши 12 октябр куни Бокуда норозилик намойиши ўтказишни режалаган. Ҳукумат рухсат берган намойиш пойтахт марказига яқин жойлашган стадионда ўтказилади.

Озарбайжонни узоқ йиллар бошқарган Ҳайдар Алиев 2003 йилда вафот этганидан кейин унинг ўрнини ўғли Илҳом Алиев эгаллади.

Ўтган ўн йил давомида Озарбайжон иқтисодиёти Европага асосан нефт ва газ экспорти ҳисобига барқарор ривожланди.

Айни пайтда коррупцияда айбланган Алиев режимининг ўзгача фикрловчиларга нисбатан муносабати мамлакат ичида ва хорижда танқидларга учради.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларга кўра, Озарбайжондаги президентлик сайлови арафасида мухолифатнинг кўплаб аъзоси сохта айбловлар билан ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG