Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:03

Қочоқ келинни ўлдиришга фатво берган мулла шариатни бузганликда айбланмоқда


Ота-онаси томонидан суймаганига эрга тегишга мажбурланган ëш Ҳалима тўй арафасида севгани билан қочиб кетади. Унинг изига тушиб¸ қўлга олган қишлоқ аҳли маҳаллий мулла фатвоси билан қизни жамоат олдида қатл қилади.

Бу - Ўзбекистон ҳудудидан кўп ҳам узоқ бўлмаган афғон қишлоғида 21-асрнинг 13-йилида содир этилаëтган жиноят.

Ҳалимани ўлдириш ҳақида фатво берган мулла шариатга асосланган Афғонистон қонунларини бузганликда айбланиб 17 йил озодлик маҳрум қилинган бўлса-да¸ хотин-қизларга қарши қилинаëтган бундай зўрлик ва зўравонликнинг аксар қисми¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸ жамоатчилик назаридан четда қолиб келмоқда.

Бадғис вилоятининг Кукчейл қишлоғида бир-бирига ошиқ икки ëшнинг муҳаббат ҳикояси фожиа билан тугади.

Ўз севгани билан турмуш қуришга ота-онаси изн бермасдан¸ уни зўрлаб бошқага узатишидан олдин йигити билан қочиб кетган Ҳалима бир неча кун ўтмай қўлга олиниб¸ қишлоқ аҳли кўз ўнгида отиб ташланди.

Афғонистонда тарқаб кетган бу қатл видеотасвирида¸ маҳаллий мулла Абдул Қаюмнинг жамоага ваъз қилгани ва сўнгра икки қуролли эркакнинг бурқага ўраниб ерда ўтирган Ҳалимани Оллоҳу Акбар қичқириғи остида отиб ташлагани акс этади. Видеода мулланинг ваъзи¸ унда нималар дегани эшитилмайди.

Маҳкама томонидан Ҳалиманинг июн ойида қатл этилиши учун асосий айбдор деб топилган мулла Абдул Қаюмга бирламчи суд ҳукми билан 17 йиллик қамоқ жазоси берилди. Айни кунларда мулла юқори инстанция судига шикоят қилиб¸ ўзининг адолатсизлик қурбони эканини иддао қилмоқда.

Муллага кўра¸ унинг бу қатлга алоқаси йўқ¸ Ҳалимани ўлдириш қарори куëвнинг ота-онасидан чиққан ва уни ижро этган иккала шахс ҳам қочиб¸ жазодан қутулган.

- Ҳалимани жазолаш қарори куëв бўлмишнинг оиласидан чиқди ва энди ҳамма диний фатвога айбни тўнкамоқда. Мулалар¸ улар қатори мен ҳам¸ бу ишни расмий идораларга ошириш кераклигини айтдик. Мен ҳам ўз ваъзимда иш қози ва ҳукумат идорасига оширилсин деганман. Аммо одамлар менга қулоқ солмай¸ уни қатл қилди. Энди ҳамма айбни менга тўнкашмоқда. Қилғилиқни қилганлар жазосини олсин¸ дейди мулла Абдул Қаюм.

Гарчи оила номусини ҳимоя қилиш иддаоси билан ўлдиришлар афғон жамияти учун анъана бўлиб келган бўлса-да¸ Ҳалиманинг мулла фатвоси билан ўлдирилиши хотин-қизлар ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар¸ қолаверса¸ афғон ҳукумати расмийлари эътирозига учради.

Бадғис вилоят ҳокими Аҳмадуллоҳ Ализай биринчи инстанция маҳкамаси чиқарган 17 йиллик қамоқ жазосини асосли деб баҳолаб ва бундай қарор афғон ҳукуматининг хотин-қизлар ҳақларини ҳимоя қилиш борасидаги қатъияти ифодаси эканини таъкидлади.

“Хотин-қизларга қарши бундай зўравонлик қилганларнинг бари жазога тортилади”¸ дея баëнот берди ҳоким шу муносабат билан.

Афғонистон қонунчилигини яхши биладиган мутахассислар ҳам муллага чиқарилган ҳукмнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўғри эканини айтмоқда.

Кобул университетининг ҳуқуқшунослик профессори Насруллоҳ Станикзай Бадғис суди ҳукми ҳам Жиноят Кодекси¸ ҳам шариат қонунларига мос эканини таъкидлайди:

- Ҳам исломий¸ ҳам афғон қонунларига кўра¸ шахсни суд қилиш фақат маҳкамага оид ҳақдир. Маҳкамадан бошқа ҳеч кимда бундай ҳуқуқ йўқ. Ҳатто маҳкама ўлимга ҳукм қилган тақдирда ҳам¸ бу дарҳол ижро этилмасдан¸ у яна икки инстанция суди томонидан кўриб чиқилиши¸ тасдиқдан ўтиши¸ сўнгра президент томонидан маъқулланиши лозим. Шундан кейингина ўлим ҳукми махсус муассасада ҳакам ëки мулла эмас¸ балки қатл қилишга рухсат берилганлар томонидан ижро этилади¸ дейди профессор.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш гуруҳлари нафақат Бадғис¸ балки бутун Афғонистон бўйлаб хотин-қизларга қарши зулм-зўравонликнинг кенг тарқалганини таъкидлаб келмоқда.

Уларга кўра¸ бундай зўрлик аксар ҳолларда оила сири сифатида сақланади ва зулмкорлар жазосиз қолади.

Ҳозирча Ҳалимани олиб қочган йигитнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Тахминларга кўра¸ у хорижга қочиб кетган. Ҳалиманинг ота-онаси эса¸ ҳозирга қадар бу қотилликка муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG