Линклар

Қирғизистон Конституцияси муаллифи талончиликда айбланмоқда


Ўмурбек Текебаев ўзига билдирилаётган айбловларни рад этиб келмоқда.

Ўмурбек Текебаев ўзига билдирилаётган айбловларни рад этиб келмоқда.

Қирғизистон Жазони ўташ бош бошқармаси “2010 йил 7 апрелдаги талончиликларга раҳбарлик қилгани далилланган” парламентдаги ҳукумрон “Ата Мекен” партиясининг 4 депутатини даҳлсизлик мақомидан мосуво этиш масаласида Бош прокуратурага мурожаат қилди.

Қирғизистон Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбари Зарилбек Рисалиев 2010 йил 7 апрелидаги халқ исёни пайтида талончиликларга раҳбарлик қилганларни аниқлаш юзасидан ўтказилаётган терговга масъул қилиб тайинланган эди. Унга кўра, 5 ой мобайнида ўтказилган терговда парламентдаги ҳукумрон “Ата Мекен” партияси вакиллари- Қирғизистон Конституцияси муаллифи Ўмурбек Текебаев, Бўлўт Шер, Туратбек Мадилбеков ва Райкан Тўлўгунов талончиликларга раҳбарлик қилгани тасдиқланган:

-Бу депутатларнинг талончиликларга алоқдор экани далилланди. Бу ҳақда талончликларда айбланиб қамоқда ўтирган 4-5 одам ҳам гувоҳлик берган. Бундан ташқари талончиликда иштирок этган яна 6 одамга нисбатан очилган жиноят ишларини судга жўнатдик. Тергов давомида барча гувоҳлар “мана бу одамлар талончиликда қатнашган”, деб кўрсатма берган. Бир қатор ашёвий далиллар, граната ва милтиқлар мусодара қилинди. Бу ашёвий далилларнинг барчаси ва гувоҳлар кўрсатмалари депутатларнинг талончиликка алоқадор эканини тасдиқламоқда.

Расмийнинг айтишича, талончиликда айбланаётган депутатлар тергов амалларининг бажарилишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Шунинг учун ҳам Жазони ўташ бош бошқармаси мазкур депутатларни даҳлсизлик мақомидан мосуво этиш илтимоси билан Бош прокуратурага мурожаат қилган.

“Ата Мекен” партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев Рисалиевнинг иддаоларини рад этмоқда:

-Зарилбекнинг айтганлари ёлғон. У ўз амалини сақлаб қолиш учун уятсизларча ёлғон сўзламоқда.Унинг айтганлари ёлғон экани тез орада аниқланиб, суд олдида жавоб беради.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса номи тилга олинган депутатларга нисбатан аввал ҳам талончилик айби билан жиноят иши қўзғатилгани, аммо уларнинг айбдор экани исботланмагани учун жиноят ишлари ёпилганини маълум қилди.

Бош прокуратура тарқатган маълумотда айтилишича, айни пайтда Жазони ўташ бош бошқармасининг мурожаати ўрганилмоқда. Ҳозирча бу мурожаат қаноатлантирилиши ёки қаноатлантирилмаслиги аниқ эмас.

Маҳаллий таҳлилчилар “Ата Мекен” партиясидан парламент депутатлигига сайланган шахсларга нисбатан уч йилдан бери билдириб келинаётган бундай айбловлар шу кунгача етарли далилилар билан исботланмаганини қайд этган ҳолда, бу масала сиёсий кураш тусини олганини эътироф этадилар.

-Агар Рисалиев парламент депутатларини жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўтараётган бўлса, билингки, бунинг учун ҳукумат унга рухсат берган. Чунки кейинги пайтларда Текебаев билан президент ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган, -деди таҳлилчи Эмил Жураев.

Ўтган йилнинг августида 2010 йилдаги талончиликларда айбланиб қамалган Абдулла Юсупов талончиликларга “Ата Мекен” партияси раҳбарлик қилгани ҳақидаги маълумотларни матбуотга ошкор қилган эди. Шундан сўнг Бош прокуратура бу ахборот юзасидан жиноят иши очган, бироқ иш беш ойдан сўнг тўхатилган эди.

Жорий йилнинг май ойида эса Зарилбек Рисалиев “Ата Мекен” партияси вакилларининг талончиликлардаги иштирокига оид рад этиб бўлмас далиллар бор экани ҳақида президент Атамбаевга мактуб киритган. Шундан сўнг президент бу ишни тергов қилишни Жазони ўташ бош бошқармас, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси вакилларидан иборат махсус гуруҳга топширган эди.
XS
SM
MD
LG