Линклар

Борис Шихмуродов тақдирини аниқлаш бўйича кампания бошланди


Turkmenistan -- Former foreign minister Boris Shikhmuradov, 1994

Turkmenistan -- Former foreign minister Boris Shikhmuradov, 1994

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва бир гуруҳ туркман фаоллари Ашхобод ҳукуматидан 2002 йилда умрбод қамалган собиқ вазир Борис Шихмуродов ва яна элликдан зиёд маҳбус тақдирига ойдинлик киритишни талаб этмоқда.

2002 йилдаТуркманистонда мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродов ва у қатори яна ўнлаб одам мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Сапармурат Ниёзовга суиқасд фитнасида айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм этилгандилар.

Ўшандан буён Туркманистон қамоқхона тизимида улардан ном нишон йўқ. Халқаро ташкилотлар босимига қарамай туркман расмийлари шу пайтгача уларнинг на тирик ва на ўлик экани ҳақда маълум қилган.

Маҳкумларнинг қариндошлари ҳам қамоқдаги яқинларининг тақдири ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Яқинда бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Борис Шихмурадов ва у билан бирга умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган одамлар тақдирини аниқлаш бўйича кампания бошлади.

Шу ой бошида Варшавада бир орага келган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари Туркманистон раҳбариятидан ўн йилларча олдин бир умрга қамалган элликдан зиёд одам тақдирига ойдинлик киритишни, агар улар тирик бўлишса оила –аъзоларининг қамоқхонага ташрифига рухсат беришга чақирди.

Мазкур кампания аъзоларидан бири россиялик журналист Аркадий Дубнов Ашҳобод ҳукуматига иккита талабни қўяётганликларини айтади.

- Маҳбусларга нима бўлганини айтинг ва улар ёнига киришга рухсат этинг! Мана шу талаблар. Ўн йил ўтди, хали ҳам 2002-2003 йиллардаги воқеалар ҳақида аниқ маълумот йўқ, 2002 йил ноябр ойидаги иш бўйича қамалганларнинг тақдири ҳақида ҳеч кимга маълум эмас, улар тирикми ё ўлик, ҳеч ким билмайди. Уларни ўшандан буён қариндошлари ҳам адвокатлари ҳам, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимлари ҳам кўрганлари йўқ, - дейди Дубнов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 1993-1999 йилларда Туркманистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарган Борис Шихмурадов билан бирга яна 54 одам ўша пайтда Ниёзовга қарши фитнада айбланиб қамалган эди.

Улар орасида собиқ вазирнинг укаси Константин Шихмуродов, Туркманистоннинг ЕХҲТдаги собиқ элчиси Ботир Бердиевлар ҳам бор эди.

Шихмуродов Хитойга элчи этиб юборилганидан сал ўтиб унинг президент Ниёзов билан алоқалари совуқлашди ва кейинчалик элчилик вазифасидан истеъфо берганини айтиб, мухолифат томонига ўтаётгани ҳақда билдирди.

2002 йил оҳирларида Шихмуродов ва унинг шериклари Туркманистон ичкарисида қўлга олинадилар. Уларга Ниёзов жонига суиқасд қилиш уриниши билан боғлиқ айблар қўйилади.

Шунингдек, ўша пайтда туркман расмийлари собиқ вазир Борис Шихмуродов қўлга олингунга қадар бир ой давомида Ашхободдаги Ўзбекистон элчисининг қаророгоҳида яширинганини айтишганди.

Шихмуродов Туркманистон давлат телевидениесида охирги марта кўринган пайт ўзига қўйилган барча айбловни бўйнига олишини айтганди.

Халқаро ташкилотлар эса шу пайтгача 2002 йилги воқеаларнинг туркман расмийлари айтаётган версиясини шубҳа остига олиб келишади.

Борис Шихмуродовнинг телевидениедаги иқрори, уларга кўра, қийноқ остида олинган.

Ҳозирга қадар Туркманистон расмийлари Шихмуродов ва у билан бирга қамалганларнинг қаерда ва қандай аҳволда эканлиги борасида маълумот беришдан бош тортиб келмоқда.

2003-2007 йилларда бошқа иш бўйича қамалиб чиққан ва ҳозирда Туркияда яшаётган туркманистонлик собиқ сиёсий маҳбус Оқмуҳаммад Байхонов қамоқдалиги пайти Шихмуродов ва у билан бирга қамалганлар ҳақида ҳеч нарса эшитмаганини айтади.

- Оводон Депе қамоқхонасида ўтирганимда улар ҳақда ҳеч нарса эшитганим йўқ, - дейди Байхонов.

Ҳуқуқ фаоллари Шихмуродовнинг Ашхобод чеккасидаги Оводон Депе қамоқхонасида эканини таҳмин этиб келишаётган эди.

2006 йилда президент Сапармурот Ниёзовнинг ўлими ортидан ҳокимият тепасига келган Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакатда шаффофликни таъминлаш борасида ислоҳот ўтказишига умид қилинган эди.

Лекин Туркманистон хали ҳам дунёдаги энг ёпиқ режимлардан бири бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG