Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилди


Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Қонликўл туманларида мактаб ўқувчилари кун оралаб пахта теримига сафарбар этилмоқда. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, пахта теримига мактабларнинг юқори синф ўқувчилари чиқарилмоқда. Бироқ Қорқалпоғистон Халқ таълими вазирлиги буни инкор этмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қиладиган, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган деҳқонга кўра, Одурдиев овул фуқаролар йиғини ҳудудида бўлган 9-умумтаълим мактабининг 8-9-синф ўқувчилари шанба куни дарсдан тўғри пахтазорга олиб кетилган:

- Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мактаб ўқувчилари пахтага чиқмайди деган қарори бор эди. Лекин бугун 9-мактабнинг 8-9-синф ўқувчилари мактабнинг ўзидан пахтага олиб кетилди. Мен ўз кўзим билан кўрдим. Улар Болтабой Ҳомидов деган фермернинг даласида пахта теряпти, деди тўрткўллик деҳқон.

Тўрткўллик деҳқоннинг бу ҳақдаги хабаридан бир кун олдин, 11 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида яшайдиган Озодлик манбаси ҳам 7-8-9-синф ўқувчиларининг пахтага чиқарилганини айтган эди:

- Қонликўл туманидаги аксарият мактабларнинг 7-8-9-синф ўқувчиларини пахтага ҳайдади. Уч-тўрт кундан буён эрталаб уларни озиқ-овқати, фартуги билан пахтага кетаётганини кўряпман, деди қонликўллик манба.

Қонликўл тумани газ таъминоти идорасида ишлайдиган мутахассис ҳам, унинг саккизинчи синфда ўқийдиган ўғли бир кун пахтага олиб чиқилганини айтди:

- Бугун мактабга кетди. Бир кун пахтага чиқаришди, ўғлим саккизинчи синфда ўқийди, деди қонликўллик газчи.

Озодлик Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қарорига амал қилинмаётганига муносабат олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан боғланди.

Ўзини вазир ёрдамчиси Сулаймон Абиев деб таништирган шахс, Озодлик саволларига жавоб берар экан, мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилаётганини кескин рад этди.

Кейинги икки йил давомида мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган.

Бундан ташқари, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Айни пайтда¸ 2011-2012 йиллардаги пахта йиғим-терими мавсумида, ҳатто Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалар, клиникалар, савдо муассасалари зиммасига ҳам пахтага теримчи йўллаш топшириғи юкланди.

БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари шу кунларда Ўзбекистон пахта далаларида терим жараëнини кузатиб¸ унда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини махсус ўрганишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG