Линклар

Марказий Осиё мусулмонларининг устози ҳисобланган Мавлавий Ҳиндистоний, Абдулҳаким Восиев ва шу каби забардаст олимлар томонидан 21 ёшида “Аллома” мақомини олган, 32 ёшида эса сирли тарзда нобуд бўлган Раҳматулло аллома — "Ўзбек имомлари" туркумининг навбатдаги қаҳрамонидир.


21 ёшида аллома бўлган Раҳматулло

“Ўзбек имомлари” туркумидан бераётганимиз эшиттиришлар давомида Ўзбекистонда собиқ совет замонида яшаб ўтган ва дин, тоат-ибодат мутлақо тақиқланган замонларда ўзи ҳамда юртдошларини ибодатга чақирган ислом олимлари ҳақида ҳикоя қилиб келаяпмиз.

Уларнинг аксарияти оламдан ўтиб кетганлар.

Бугунги қаҳрамонимиз — Раҳматулло аллома шу кунга қадар тилга олганимиз олимлар орасида энг илмлиси, деб тан олинган ва энг қисқа умр кўрган биридир.

Аллома 32 ёшида сирли автоҳалокат боис вафот этган.

Унга 21 ёшида Марказий Осиё мусулмонларининг устози ҳисобланган Мавлавий Ҳиндистоний, Абдулҳаким Восиев, Абдували Мирзаев ва шу каби забардаст олимлар томонидан “аллома” мақоми берилган.

Қизиғи шундаки, бугунги кунга келиб бу одам ҳақида биладиганлар орасида суҳбатлашганларимизнинг аксарияти у кишининг фамилиясини ҳам билмас экан. Яъни, устозлар берган ном билан бу киши халқ тилига тушган ва эрта вафот этгани боис, у ҳақда биладиганлар ҳам озчилик.

Алломанинг ҳозир Қирғизистонда яшаётган қариндошларидан бири орқалигина аниқладикки, 1949 йилда Андижонда туғилган Раҳматулло алломанинг фамилияси Қодиров бўлган.

У киши оддий хизматчи оиласида туғилган.

Ўрта мактабнинг 9-синфларида ўқиб юрган кезларида, кутилмаганда араб тилига қизиқиб қолган ва шу қизиқиш ортидан Ислом динини ҳам ўрганган.


Раҳматулло илмини ҳамма тан олган

Алломани яқиндан таниган, у билан қарийб 10 йил давомида кўп мулоқотда бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур мана буларни сўзлаб берди:

- Фарғонада ишлаб юрган пайтларимда таниганман алломани. Ҳақиқатда, Худо берган олим бўлган. Бунақасини шу пайтга қадар ҳам қайтиб кўрмадик. У пайтда мен ҳам ўқиб, ҳам ишлаб юрар эдим. Худо берган олим бўлибди, деганлардан бири шу Раҳматулло аллома, яна бир Абдували қори эди. Раҳматулло икки йилми-уч йил устозда ўқиган, ҳужрада. Бўлди, кейин қолганини ўзи мустақил ўқиб ўрганган. Мендан ҳам китоблар олиб ўқиган, кечаси билан ухламай китоб ўқирди, дейишадию, - дея хотирлади Абдулазиз Мансур.

Абдулазиз Мансурнинг ҳикоя қилишича, бошқа толиблар бир-икки ойда ўқийдиган китобни у бир-икки кечада ўқиб битирган.

- Энди унинг ёдида сақлаб қолишини айтмайсизми! Хотираси ҳам кучли эди, Худо берган иқтидор эди. Бунақасини бошқа учратганимни эслолмайман. Энди ёш ўтиб кетди, раҳматлик, - дея хотирлади шайх Абдулазиз Мансур.


Ғойибона илм соҳиби

Устозларининг устозлари билан ҳам қизиққан, ёш бўлишига қарамай собиқ совет замонида вафот топиб кетган уламолар ҳақида кўп маълумот йиққан қорасувлик имом Рашод қори Камолов Раҳматуллоҳ аллома ҳақида қизиқ маълумотларни айтиб берди.

- 32 йиллик умр ичида Оллоҳ у кишига лол қоладиган даражада катта ғойибона илм берган экан. Қишлоқларда 8 метрга 4 метрлик уйлар бўлади. Шу биттаси айтиб берганки, бу киши шунақа катта уйни тўлдириб китобларни ёйиб олиб, бирини-бирига солиштириб, илм ўрганган экан. Ўзининг устида ишлашда устозларидан ҳам ўзган эканда. Ўзи Оллоҳ берган ғойибона илм соҳибларига қарасангиз, ақлингиз етмайдики, булар қачон илм ўқиган, қачон оиласи билан бўлган, қачон шунча китобни ёзиб битиргану, қачон шунча толибга дарс беришга улгурган - лол қоласизда! - деди Рашод қори.


“Жаноҳ ут-толиб” – Толибларнинг қаноти

Диний мазмундаги китоблар деярли чоп этилмаган собиқ совет даврида Раҳматулло аллома мусулмонлар орасида қўлма-қўл бўлган китоблари билан эл оғзига тушган.

Унинг энг машҳур китоби “Жаноҳ ут-толиб” – "Толибларнинг қаноти" номли китобдир.

Бу китобни такрор ва такрор ўқиган, ўзи ҳам ўзбек мусулмонлари орасида араб тили грамматикаси бўйича мукаммал илми билан ном чиқарган диндорлардан бири исми сир қолиши шарти билан мана буларни сўзлаб берди:

- Мен яхши кўрадиган китоблари сарф фани бўйича “Жаноҳут толиб”, деган китобни ëзган. Мукаммал китоб. Араб тили грамматикаси бўйича. Наҳв ва сарф. Наҳв синтаксис бўладиган бўлса, сарф фани морфологияга тўғри келади. Яъни, наҳв фани гапни ўрганса, сарф фани сўзни ўрганадида. Шу сўзни ўрганадиган фан бўйича битта китоб ëзган, - деди Раҳматулло алломани ўзига устоз билган ўзбекистонлик диндорлардан бири.

Раҳматулло алломани машҳур қилган яна бир китоб эса дин ва намоз тақиқ бўлган даврларда ислом дини ҳақида энг зарур бирламчи тушунчаларни берган кичиккина қўлланма бўлган.

- "Ислом дини нима?” деган асар ëзган. Кичкинагина китобча. Шу китобча машҳур бўлган ўша пайтларда. Намозни ўрганмоқчи бўлганлар ўша китобдан фойдаланишган, - деди ёш кетган алломанинг шогирдларидан бири.


Қўлёзмада тарқалган илм

Бу китоблар қўлма-қўл, ундаги байтлар эса оғизма-оғиз кўчиб юрган замонларда ксерокипия, деган нарсалар йўқ эди. Халқ орасида тарқалган бу китобларни чоп этиш имконсиз эди.

- Совет замонида ўзи динга боғлиқ ҳамма нарса мумкинмас бўлгану?! Қўлда ëзилган бўлган. Ўша пайтда энди кимлардир қанақадир йўл билан 5-10та қилиб кўпайтирган бўлса керак. Ўша “Жаноҳут толиб” деган китобни биз, билмадим энди у киши вафот қилгандан кейин 10 йиллардан кейинми қўлимизга теккан бўлса керак. Ўшанда ҳам қўлда ëзилганда, копия қилиб кўпайтирилган. Араб ҳарфидагисини айтаяпман. Ҳозир энди кирилл ҳарфида ҳам чиқиб кетди у китоб, - дея хотирлайди Раҳматулло алломанинг шогирди.

Бу шогирд ўзига устоз билган алломанинг яна бир муҳим фазилаятини: "У кишининг фикри кенг бўлгани ва эркин фикр ва ғояси учун курашувчан бўлганидир" деб хотирлайди.


Собиқ совет режимининг кучли танқидчиси

Рашод қори Камоловнинг сўзларига кўра, 1970 йиллардан кейин эл оғзига тушган Раҳматулло аллома умри битиб бораётган собиқ совет режимининг ҳам кучли танқидчиси бўлган.

Айни пайтда у устозсиз, мустақил равишда олган илмидан шаклланган дунёқараши ва фикрлари билан бора-бора атрофдагилари, ҳатто устозларидан ҳам ажралиб чиқа бошлаган.

Фақат ҳали жуда ёш бўлгани ва диний уламоларда бўлгани каби катта минбарларга чиқиш имконига эга бўлмагани боис, бу кишининг маърузалари, қарашлари ўта яқин, хос доиралар ичида қолган.

Айрим суҳбатдошлар фикрича, устоз-шогирдлар мулоқотида баъзи зиддиятли нуқталар ҳам кўрина бошлаган.

Раҳматулло алломанинг яқинларидан бири: "Ўша даврда Абдували қорига ва у кишига ўхшаб, Қуръонни маҳкам ушлаган уламоларга тиркалган тамға – ваҳҳобийлик тамғасини Раҳматулло алломага ҳам тиркаш уринишлари бўлган эди", деб хотирлади.

Аммо, Раҳматулло аллома диндорларнинг бир-бири билан тортишган издиҳомларига кўп вақт сарфламаган.

Шу боис, унга қандайдир тамғаларни ёпиштириш уринишлари бесамар қолган.

- Бу киши ўзига устозлик қилганлар ва бошқа аҳли илмлар томонидан анча танқид қилинган. Лекин шунга қарамасдан, ҳақ йўлида қатъий курашган. Ўзига яраша мустақил сиёсий фикри бўлган ва шунинг учун, КГБнинг назарига тушган. Охир-оқибат, шу КГБ ўлдириб юборган, дейишадику, - дейди Рашод қори.


Тирик луғат

Раҳматулло алломанинг яна бир кенг тарқалган таърифи "тирик луғат" деган ҳазилнамо ибора бўлган.

- Араб тилининг луғат китобларида топилмаган сўзларни келиб Раҳматулло алломадан сўрашар экан. Бу луғатларда 40 мингдан ортиқ сўз бор. Ўша сўзлар орасида топилмаганини Раҳматулло аллома билган экан. Бу энди илоҳий илм бўлганда, - дейди Камолов.


Сирли автоҳалокат

Қорасувлик имом Рашод қори Камоловнинг айтишича, ўн йиллар давомида коммунистик мафкурадан сабоқ бериб келган олимларни бир суҳбати билан иймонга келтириб қўяётган ёшгина йигит тезда собиқ совет тузумининг махсус хизматлари назарига тушган.

Ўша даврда КГБ - Давлат хавфсизлиги қўмитаси, деб номланган идоранинг ходимлари томонидан Раҳматулло алломага тўғридан-тўғри тазйиқ бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Аммо, у кишининг китоблари қўлма-қўл бўлган 1975-1980 йиллар — Фарғона водийсида номи чиққан аҳли илмларнинг аксарияти бот-бот ҳибс қилинган, ҳужра тутганлар ортидан эса КГБ суриштируви кучайган давр эди.

Шу боис, 1981 йилда Наманган-Қўқон йўлида автоҳалокатга учраб, вафот этганида алломани таниган-билганларнинг аксарияти "Буни КГБ уюштирди", деган гумонга боргани айтилади.

- Жуда сирли ўлим бўлганда. Яқинларига кўрсатилмаган, ҳатто. Наманган-Қўқон йўлида аллома бораётган автомобилни иккита юк машинаси келиб урган. Бу ҳалокат кейинчалик суриштирилмаган ҳам. Жуда ноаниқликлар кўп бўлгани учун, жасади кўрсатилмагани ва яна шунақа ҳолатлар кўп бўлгани учун, буни аниқ КГБ уюштирган, деган гап бор, - деди Рашод қори.

Албатта, Раҳматулло Қодировнинг ҳаёти, кучли шахсияти ва сирли ўлими теграсидаги баҳслар ҳозирга келиб тарихга айланди.

Алломанинг вафот этганда бир ўғли билан қолган рафиқаси эса қайта турмуш қурмаган. Алломанинг ўғли ҳозир онаси ва оиласи билан Андижон шаҳрида истиқомат қилмоқда.

Қуйида Раҳматулло алломаган бағишланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.




Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Кўча-куйда тўрт-беш таниши билан икки оғиз суҳбатдан вақт беҳуда кетмасин, деб қочадиган ва имкони борича мутолаа ҳамда китоб ёзишга вақт сарфлаган Раҳматулла алломанинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот жуда оз.

Аммо, у киши ёзган бир неча китоб, жумладан "Жаноҳут толиб" ва "Икки дунё саодати" номли китоблар мустақиллик йилларида "Моварауннаҳр" нашриёти томонидан кирил алифбосида чоп этилди.

Ҳозир ҳам араб тили граммастикасини ўрганишга киришаётган аксар илми толиблар учун у киши ёзган китоб илк қўлланмалардан биридир.

Кичиккина, ихчамгина ва соддагина тилда битилган бу китоб ортидаги буюк иқтидор соҳиби бўлган устозлардан яна бири Раҳматулло аллома ҳақида тўплаганимиз маълумотлар, албатта дарёда томчидир.

Марҳамат, агар сизда ҳам бу киши ҳақида билганларингиз бўлса, бизга билдиринг:

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437
+420 608 549 460

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG