Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:37

Самарқандлик журналист ўз набирасини пахтага чиқармади


Самарқандлик мустақил журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев 15 яшар набирасининг мажбурий пахта теримига жалб қилинишига изн бермади.

Мажбурий болалар меҳнатига қарши бўлган бу тадбирни ўз блогида изоҳлаган журналист 15 яшар коллеж ўқувчисининг ўрни пахта даласида эмас¸ балки синф хонасида бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

“15 ёшли пахтакор. Бўлиши мумкин эмас!” дея сарлавҳаланган мақолада журналист “Нега бошқарма набирамни пахта теримидан олиб қолганимга қаршилик қилмади?” деган саволга жавоб беради.

64 ёшли журналист ўз набирасини мажбурий меҳнатдан озод қилиш учун қилган ҳаракатларини мақола мобайнида батафсил ëзади.

“Самарқанд шаҳар коллежларидан бирида таҳсил олаётган набирам ўтган ҳафта ўзи ўқиётган гуруҳни пахта теримига юборишаётганлигини айтиб қолди. Мен коллеж директорига учрашиб, набирам шу йилнинг сентябрь ойида 15 ёшга кирганлиги, уни пахта йиғим-теримига жалб қилиш мумкин эмаслигини эслатдим. Аммо раҳбар ҳеч нарса қилолмаслигини, вилоят ҳокимлигининг кўрсатмасини бажараётганлигини уқтирди“, дейилади мақолада.

Ана шундан кейин мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқанд вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган пахта штабига бориб, масалани тушунтиради.

У Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг “Ўн саккиз ёшдан кичик шахслар меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги 2009 йил 26 июндаги қарори мавжудлигини пахта штаби мутасаддиларига англатади.

Ўз блогида Раҳматуллаев болалар меҳнатига барҳам бериши лозим бўлган бу қарорнинг 2009 йилнинг 29 июлида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганини урғулайди.

Шу ўринда журналистга ўз набирасинини пахтадан пора бермасдан қонуний олиб қолишга имкон берган қарор ҳақида бироз эслатсак.

Қарорга илова қилинган рўйхатнинг 28-бўлимида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўн саккиз ёшдан кичик шахслар меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари санаб ўтилган. Булар қуйидагилар:
- Ипак қурти заводларида банд бўлган ишчилар;
- Иссиқхоналар ичидаги ишларда банд бўлган ишчилар;
- Тамакини йиғиш, ташиш ва бирламчи ишлов беришда банд бўлган ишчилар;
- Пахтани қўлда суғориш билан банд бўлган ишчилар;
- Пахтани қўлда теришда банд бўлган ишчилар.

Самарқандлик мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев бошқарма пахта штабидагиларга коллеж ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигини ҳижжалаб тушунтирганини ëзади.

Бу гапларни инобатга олган Самарқанд вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган пахта штаби мулозимлар коллеж директорини юқоридаги қарор мазмун-моҳиятидан хабардор қилишга ваъда беришади.

Журналистнинг 15 яшар набираси бу ҳаракатлар самараси ўлароқ пахтага жалб қилинмайди.

“Айни кунларда коллежда пахтадан қолган ўқувчилар учун ўқув машғулотлари давом этмоқда¸” деб ëзади ўзи ва набирасининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб, муваффақият қозонган самарқандлик блогер Тошпўлат Раҳматуллаев.

Тошпўлат Раҳматуллаев 1997 йили “Ўзбекистоннинг энг яхши журналисти” деган номга сазовор бўлган эди.

Раҳматуллаев Самарқанд вилоятидаги ижтимоий муаммоларни ëритиб келаëтган мустақил блогер сифатида ҳам танилган.
XS
SM
MD
LG