Линклар

Москвада истиқомат қилаётган мусулмонлар Қурбон байрамини нишонламоқда. Шаҳар полициясидан олинган маълумотга кўра, бу йилги байрам намозига 103 мингдан зиёд мусулмон йиғилган. Буларнинг аксарияти Қурбон байрамини нишонлаш учун Москва шаҳрига борган меҳнат муҳожирларидир.


Москва шаҳридаги масжидлар бу галги Қурбон ҳайити кунида ҳам намозхонлар билан тўлиб-тошди. Намозхонлар йиғинини кучайтирилган тартибда кузатган Москва полицияси 103 мингдан зиёд мусулмон масжидларга йиғилганини маълум қилди.

Москва шаҳрининг "Тинчлик" проспектидаги жоме масжид атрофидаги кўчалар полиция ва ОМОН аскарлари назорати остида транспорт воситалари учун ёпилди.

Москва шаҳар ички ишлар бошқармаси расмийлари Бирюлёводаги ҳодисалардан кейин провокациялар олдини олиш мақсадида шаҳарда тинчлик ва тартибни сақлаш учун 4 мингдан зиёд полиция ҳамда Ички ишлар ҳарбийлари жалб қилинганини маълум қилди.

Намоз ўқилишидан олдин диндорлар олдида Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин маъруза қилди.

- Бугун мамлакатимиз, давлатимиз келажаги айнан бизга - ислом жамоаси ва православ христианлар жамоасига боғлиқ. Биз хотиржамлик, тинчлик ва тотувлик борасида жон куйдирмоғимиз зарур. Қонундан четга чиқаётганларга эса зинҳор ва зинҳор осойишталигимиз, ҳамжиҳатлигимизни бузишга имкон яратмаслигимиз керак, деди Россия Бош муфтийси байрам маърузасида.


У Россия президенти Владимир Путин, Бош вазир Дмитрий Медведев, Москва мэри Сергей Собянин ва Татаристон президенти Рустам Миннихановларнинг Қурбон ҳайити муносабати билан юборган байрам табрикларини йиғилган жамоага ўқиб эшиттирди.

Ҳайит намози "Олимпийский" спорт мажмуаси ёнидаги жоме масжиди, Татарский кўчасидаги "Тарихий" масжид, Поклонная майдонидаги "Хотира" масжиди ва Отрадное мавзесидаги "Ёрдам" ва "Инъом" масжидларида ўқилди.

Москва мэрияси жорий йилда масжидлардан ташқари “Сокольники” паркидаги 2-павилёнда, “Изумрудний” спорт комплексида, шаҳар жанубидаги "Октябрнинг 60 йиллиги" паркида намозхонлар учун қулайликлар яратди.

Ўтган йили октябрь ойида Россия пойтахти кўчаларига 150 мингдан ортиқ мусулмон чиққани расман маълум қилинган эди.

Бундан ташқари, байрам кунлари Москва жоме масжиди ва "Тарихий" номли масжидлар атрофидаги мавзеларда спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди.

Бу йили Москва шаҳар ҳокимияти ва Россия муфтийлар кенгаши махсус буйруқларига кўра, қурбонликка келтирилаётган жониворларни ҳалоллаш учун Москва вилоятида махсус кушхоналар ташкил этилди. Зеро, шаҳар ҳудудида қурбонлик сўйиш маҳаллий аҳоли талаби асосида тақиқланган.

Москва жоме масжидида ўқилган Ҳайит намози “Россия” телеканали
орқали жонли эфирга узатилди.

Полиция бошқармасида 15 октябр куни Москвада бирор ножўя вазият ёки тартиб-интизом бузилиши ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилишди.

Шу билан бирга, Москванинг турли савдо марказлари, бозорлари ва мева-сабзавот омборларида оммавий текширув ишлари ва “зачисткалар” давом этмоқда.

Москва мэри Сергей Собянинг президент Владимир Путин олдида юзага келган вазият борасида ҳисобот берар экан, шаҳар квартираларида яшаётган шахсларнинг қайд ҳужжатлари текширувдан ўтказилиши ва миграция қонунчилигининг бажарилиши текширилишини ваъда қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG