Линклар

logo-print
"Европа бизнеси ассоциацияси" жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россиядаги савдоси 35 фоизга қисқаргани қайд этилган ҳисоботини эълон қилди. “GM-Uzbekistan” қўшма корхонасининг Россиядаги бир қатор дилерлари ҳам автомобиллари савдоси 2013 йилда кескин қисқариб кетганини тасдиқламоқда.


Татаристондаги “Лидер-Авто” ширкати вакили Озодлик саволларига жавоб берар экан, бу йил Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси қисқариб кетганини эътироф этди.

- Вазиятни ҳатто автомобиллар нархи 20 минг рублга арзонлатилгани ҳам ўнглай олмаяпти. Одамларни шу ҳам, негадир, қизиқтирмай қўйди, - деди “Лидер-Авто” ширкати вакили.

Нижний Тагилдаги “Мирпаёзов” фирмаси вакили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналар савдоси “икки бараварга қисқариб кетганини” хабар қилди.

Савдонинг қисқариб кетгани Барнаулда ҳам кузатилаётганини шу шаҳардаги “Альфа-Авто” ширкати билан боғланиб билдик. Лекин бу ерда Нижний Тагилдагидай “икки баравар” эмас, савдодаги пасайиш “анчайин”дир.

“GM-Uzbekistan”нинг Череповец шаҳридаги дилери фикрича, ўзбек автомобилларининг бозори чаққон бўлишини таъминлайдиган омиллар етарли.

- Биринчидан, - деди у, - ўзбек автомобиллари “General Motors” заводида ишлаб чиқарилади ва бинобарин сифат устидан назорат дунё бўйлаб қандай бўлса, шундай бўлиши керак,иккинчидан, нархи билан сифати мутаносиблиги ҳам ёмон эмас ва ўзбек автомобилларини чўнтакбоп, дейиш мумкин,- деди “GM-Uzbekistan”нинг Череповец шаҳридаги вакили.

Красноярск шаҳридаги “Крас-Авто” ширкати ҳам “GM-Uzbekistan”нинг дилери. Унинг вакилига кўра, Красноярскда ўзбек автомобилларининг савдоси қисқарган эмас. Бунинг сабабини у ҳам нархнинг арзонлигидан, деб билади.

- Оддий седанларнинг нархи 284 минг рублдан бошланади,- деди “Крас-Авто” вакили.

Татаристондаги “Лидер-Авто” ширкатида “Матиз”нинг база моделини "264 минг рублга сотиб олиш мумкин". Ширкат вакилининг айтишича, бундан бир-икки ой олдин худди шу машинани 244 минг рублга сотиб олиш мумкин эди.

Қиёслаш учун: Ўзбекистонда 14 494 750 сўм (2013 йил, 10 июлидаги маълумот).
Лекин бу нархга бетўхтов сотиб олиш мумкин эмаслигини, нархнинг 85 фоизи тўлангач, машина келаси йил қўлга тегишини ҳар бир ўзбекистонлик билади.

"Европа бизнеси ассоциацияси"нинг жорий йил 9 ойига оид ҳисоботига кўра, "GM Uzbekistan” қўшма корхонаси Россия ҳудудида 43 093 та автомобиль сотган. Бу 2012 йилнинг 9 ойидаги кўрсаткич (66485та) дан 35 фоизга оздир. Жорий йил сентябридаги кўрсаткич (6 508 та) ўтган йилнинг сентябридагидан (7 033 та) 7 фоизга оз.

Россиядаги автосалонлар вакилларининг баъзилари Озодлик саволларига жавоб берар экан, ўзбек автомобилларининг касодга учраётганини "АвтоВАЗ" маҳсулотининг бозори чаққонлашиб қолгани билан ҳам изоҳлади.
Улардан бири - “Лидер-Авто” ширкати вакили: “АвтоВАЗ” машиналари ҳозирда анча харидоргир бўлиб қолган”, деди.

“Лидер-Авто” ширкати вакилининг бу гапи “АВТОСТАТ” аналитика агентлиги таҳлилчиси Азат Тимерхановнинг жорий йил февралида Озодлик саволларига жавобан “АвтоВАЗ” маҳсулотларига оид айтган мана бу гапини ёдга солди:

- “Калина” ва “Приора”нинг янги замонавий моделлари ишлаб чиқилди ва сотувга қўйилди. Шунингдек, бу компания “Рено-Ниссан” автомобиллари платформаси асосида янги замонавий автомобилларни ишлаб чиқаришга киришди. Бундай вазиятда Uz-Daewoo ўзининг “Матиз” ва “Нексия”си Россияда “энг арзон ва энг сифатли” машина бўлиб қолиши мумкин-ми? - деган эди таҳлилчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG