Линклар

Қурбон ҳайити куни Ўзбекистонда расман дам олиш куни ҳисобланса ҳам аксар вилоятларда ҳашарчилар байрамни пахта даласида ўтказишга мажбурланди. Айни пайтда айрим хоразмлик фермерлар Ҳайит байрами муносабати билан теримчиларнинг бир кун дам олишига изн берди.


"Ҳайитни далада нишонлаяпмиз"

Қурбон ҳайити куни суҳбатлашганимиз Жиззах, Сирдарё ва Андижондаги ҳашарчи теримчиларнинг Озодликка айтишича, байрам куни ҳам далада пахта теришга мажбур бўлишган.

“Бугун даладамиз. Ҳайит муносабати билан ҳеч бўлмаса, нормамизни ҳам камайтиришмади. "60 кило терасизлар", деяпти. Домлаларимиздан байрам куни дам олишга рухсат сўрагандик. “Тепадан рухсат йўқ” дейишди. Энди баъзилар домла билан келишиб, пулини бериб уйига кетишди. Биз эса Ҳайитни далада нишонлаяпмиз. Домлаларимиз кечқурин қўй сўйиб, ош қилиб, берамиз, деб ваъда беришди. Кўрамиз, балки ош ермиз”, дейди Жиззах далаларида пахта тераётган Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг талабаси.

Қорақолпоғистоннинг Амударё туманидан олинган хабарга кўра, эрталаб барча қабристонларга бориб яқинларини зиёрат қилган ва кейин яна ҳамма пахта даласига йўл олган.

"Озонда эркаклар намозга борди. Биз аёллар эса қабристонга зиёратга бордик. Қабристон ёнида ширинлик, конфет каби нарсалар сотаяпти экан. Болаларга ҳайитлик деб ўшалардан олдик. Соат тўққиздан қўшнилар билан яна пахтага кетдик", дейди исмини очиқламасликни сўраган суҳбатдошимиз.


"Ҳайит намозига бориш учун пахтадан қочдим"

Андижон институтларидан бирининг ҳашарчи-талабаси эса Озодлик билан суҳбатда Ҳайитни уйда нишонлаш учун пахтадан қочишга қарор қилганини айтади.

“Мен биринчи курсда ўқийман. Курсимиздан 4 киши қочди бугун. Ҳамма ухлаётган пайти ҳеч кимга билдирмасдан қочдим. Такси заказ қилиб, қўйгандим. Ётоқхонамиз ёнига келиб, мени олиб кетди. Ҳайит намозини масжидда ўқишни ният қилгандим. Шунинг учун қочишга қарор қилдим. Кейин Ҳайитни уйда ота-онам билан биргаликда нишонлашни хоҳладим", дейди талаба йигит.

Унинг айтишича, пахтадан қочгани учун домласига 40 минг сўм пул бериб, танбеҳдан қутилиб қолишни режалаштирган.

"Уч кун Ҳайитни ҳам уйда ўтказаман. Кейин бориб домламизга уч куннинг ҳар бир кунига 60 кило учун пул бераман 40 минг сўмга яқин пул бўлади. Шу билан қутиламан. Лекин Ҳайитда ҳамма курсдошларимиз далада. Мен эса уйда нишонлаяпман”, дейди андижонлик талаба йигит.


Хоразмда ҳашарчи- теримчилар ҳам дам олаяпти

Айни пайтда Хоразмдан олинган маълумотга кўра, вилоятнинг айрим ҳудудларида Ҳайит куни далага ҳеч ким чиқмаган.

Янгибозор туманидаги чекка қишлоқлардан бирида яшовчи келинчакнинг Озодликка айтишича, фермерлар барча ҳашарчиларга Қурбон ҳайити муносабати билан бир кунлик дам олиш берган.

- Бизларга фермеримиз бир кунга дам олиш берди. Ҳайит куни пахта термайсизлар, деди. Бир бизнинг фермер эмас, ҳамма фермер теримчиларига дам олиш берди, дейди янгибозорлик келинчак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG