Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Навальнийнинг 5 йиллик қамоқ жазоси шартли жазога алмаштирилди


Киров шаҳарида апелляция суди Россия мухолифати лидерларидан бири Алексей Навальний ишини кўриб чиқиб, аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирди. Айни пайтда, ҳакамлар Навальнийга берилган беш йиллик қамоқ жазосини шартли жазога алмаштирди.

Киров шаҳарида апелляция суди Россия мухолифати лидерларидан бири Алексей Навальний ишини кўриб чиқиб, аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирди. Айни пайтда, ҳакамлар Навальнийга берилган беш йиллик қамоқ жазосини шартли жазога алмаштирди.

Киров шаҳар суди 18 июл куни Алексей Навальнийни 2009 йилда Киров вилояти губернатори маслаҳатчиси бўлиб ишлаган пайтда “Кировлес” ширкатига тегишли 16 миллион рубль (тахминан $500 минг) маблағни ўзлаштирганликда айбдор, деб топиб, уни беш йилга, ҳамкори Пётр Офицеровни тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Навальний ўзига қўйилган айбловлар сохта экани ва жиноий иш сиёсий асосга эга бўлганини таъкидлаб, суд ҳукми юзасидан юқори органларга шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

16 октябр куни Киров вилоят суди ҳакамлари Навальний ва Офицеров ишини кўриб чиқди ва уларга белгиланган қамоқ жазосини шартли жазога алмаштириш ҳақида қарор чиқарди.

Суд қарорида Навальний ва Офицеровга доимий яшаш жойларини алмаштиришга рухсат берилмади.

Шунингдек, улар зиммасига ойга икки марта полиция назоратчиси билан учрашиб туриш мажбурияти юкланди.

Суд қарори эълон қилинганидан кейин Алексей Навальний журналистларга ўз сиёсий фаолиятини давом эттиришини айтди.

“Мен ҳам, ҳамкасбларим ҳам сиёсий курашни тўхтатмаймиз. Кураш давом этади!”, дея баёнот берди Алексей Навальний.

- Ҳукм табиий ва қонун асосида чиқарилган бўлишига қарамай, биз уни адолатли деб ҳисобламаймиз. Ҳа, бу шартли жазо. Афтидан, одамлар ғазабини қўзғамаслик учун шундай қарор қабул қилинган. Ҳа, мен озодман. Бироқ кичкина маъмурий қонунбузарлик ушбу шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига айлантириши мумкин, деб баёнот берди Алексей Навальний.

Мухолифат етакчиси ҳакамлар қарори юзасидан яна апелляция судига мурожаат қилиш ниятида эканини айтди.

Ўтган ой Москва мэри лавозими учун ўтказилган сайловда Навальний иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Чоршанба куни Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Михаил Фёдоров агар парламент амнистия ҳақидаги фармонни қабул қилса, Навальний тўлиқ амнистия қилиниш ҳуқуқига эга бўлишини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин яқинда қилган чиқишларидан бирида шу йил охирида маҳбуслар амнистия қилинишини тилга олган эди.

Ўтган ҳафта Россиянинг Конституциявий суди оғир жиноятлар содир этган шахслар давлат идораларидаги лавозимларга сайлана олмаслиги тўғрисидаги қонун дарҳол ўзгартирилиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор Алексей Навальний ва Кремлнинг бошқа мухолифларига сайловларда иштирок этиш имкониятини яратиши мумкин.
XS
SM
MD
LG