Линклар

Сўхнинг Ҳушёрида болаларнинг “90 фоизи” гепатитга чалинди


Жорий йил бошида қўшнилари - боткенликлар билан бўлган можаро оқибатларидан ҳанузгача қутула олмаган Ҳушёр аҳли ташвишларига янгиси қўшилди.

Жорий йил бошида қўшнилари - боткенликлар билан бўлган можаро оқибатларидан ҳанузгача қутула олмаган Ҳушёр аҳли ташвишларига янгиси қўшилди.

Фарғона вилояти, Сўх тумани, Ҳушёр қишлоғида болалар сариққа чалинаётгани тўғрисида шу қишлоқда истиқомат қиладиган ва шу кунда “сариқ”қа чалинган фарзандларини касалхонада олиб ётган икки фуқаро хабар қилди.

Сўх туман Марказий касалхонаси бош врачи “ваҳимага асос йўқ”, деди. Лекин касалхона бошқа бир ходимининг айтганларидан вазиятнинг чиндан ҳам ташвишли эканлиги билиниб қолди.

Ўзини Мамиржон,
деб таништирган сўхлик йигит 16 октябрь куни эрталаб Озодликка мана бу хабарни етказди:

- Сўхда ҳозир бир ярим ойдан буëғига бир ярим яшардан 6-7 яшаргача болалар ҳаммаси, аксарияти - 95 фоизи сариқ касалга чалинган. Назорат деган нарса йўқ...

Озодлик: Маъмуржон сиз даҳшатли рақамларни айтаяпсиз. Сиз қаердан олдингиз бу рақамни?

- Мен ўзим анализ топширгани борганимда 47 нафар боладан иккитасини соғлом деди. Қолгани касал.

Озодлик: Сизга ким айтди буни?

- Мен ўзим ўша ерда эдим.


Озодлик: “47 боладан деярли ҳаммаси касал”, деган гапни ким айтди? Сиз кимдан эшитдингиз?

- Мен ўзим гувоҳман. Мен билан анализга борганлар ҳаммаси, шу больницада ўзим олиб ëтаяпман болани, ҳаммаси шу ерга келиб ëтаяпти.


Ҳушёр қишлоғи касалхонасида фарзанди даволанаётган Ўлмасжон билан ҳам гаплашдик.

- Ўғилчамни олиб ëтибман.

Озодлик: Ўғилчангизга нима бўлди?

- Бу ҳам сариқ касалга чалинибди. Ўшанга олиб келувдик.


Озодлик: Докторлар сариқ дейишдими?

- Докторлар сариқ дейишди. Ҳушëр больницасига ëтқиздик икки кун бўлди.


Ўлмасжоннинг айтишича, касалхона сариққа чалинган беморлар билан тўлган.

- Залда ҳам одамлар ëтибди. Коридорда. Жой йўқлиги учун. Кабинетда ҳам битта катта ëшли эркак қизчасини олиб ëтибди.

Ҳушёрлик Мамиржон касаллик тарқалиши сабаблари тўғрисида мана бундай деди:

- Бизда сел келган. Кучли ëғингарчилик, кучли сел келган. Ўша селдан бери ëмғир ëғмаган. Сел ифлос нарсаларни олиб келган. Улар қуриб, ҳавони заҳарлаяпти. 90-95 фоиз болалар ҳаммаси касалга чалинган. Больницага ҳар кун учта-тўртта келаяпти, бешта-олтита бола олиб келаяпти. Ҳаммасининг иситмаси бор.

Сўх – Ўзбекистоннинг атрофи Қирғизистон ҳудуди билан қуршалган эксклави бўлиб, Ҳушёр қишлоғи чегарада жойлашган. Касаллик давлат чегарасини тан олмайди. Лекин Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг Боткен вилоят бош врачи билан боғланиб аниқлашича, Ўзбекистоннинг Ҳушёр қишлоғига қўшни Қирғизистоннинг Чорбоқ ва Сўғмент қишлоқларида гепатит билан боғлиқ ғайриодатий ҳодиса кузатилмаяпти. Маълум бўлишича, қўшни қишлоқлар сув таъминоти ҳозирда мустақилдир.

Исми сир қолишини истаган яна бир сўхликнинг айтишича, Ҳушёр қишлоғи аҳлини таъминлаб келган булоқ суви энг сўнгги селдан кейин қишлоққа келмай қолган.

Сўх туман марказий касалхонаси ўзини Нўъмонжон ака, деб таништирган бош врачи тумандаги сариқ билан боғлиқ вазият тўғрисидаги саволимизга жавоб берар экан, “касаллик кескин кўпайди” деган маънони берувчи “вспышка” сўзини ишлатди:

- Эпидемиологик ҳолат ёмон эмас. Вазият назоратда. 2 -3 ой вспышка бўлади.

Озодлик: Бу вспышкани нима билан изоҳлаш мумкин?

- Июндан октябрь охиригача касаллик ҳар йили кўпаяди. Фақат аҳоли зич жойларда бу йил кўпайди гепатит “А”.

“Аҳоли зич жойларда гепатит кўпайганини” тан олган врач, айни пайтда Озодлик билан боғланган ҳушёрликлар вазиятни бўрттириброқ кўрсатган, деган фикрни уқтирмоқчи бўлди ва Ҳушёр қишлоғидаги касалхонанини тасвирлаб, бундай деди:

- У ерда иккита бино бор эди. Биттаси ремонтда. Касалларнинг ҳаммаси битта бинода. Шунинг учун одамларнинг кўзига кўп кўриниб кетгандир.

Тўғри, дўхтирнинг гапи ишониш мумкин, чунки касалхонада ётган одамга бутун инсоният касалга ўхшаб кўриниши – бор гап.

Лекин Сўх туман касалхонасининг исмини айтмаслигимизни сўраган бир ходимасининг гапи сариққа чалинган фарзандлари билан касалхонада ётган Мамиржон ва Ўлмасжонларнинг ваҳимаси асоссиз эмаслигига кучли ишорадир:

- Ҳа, сариқ касал кўп. Роса кўп. Ҳеч иложи йўқ. Жудаям кўп.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG