Линклар

АҚШ Сенати ниҳоят мамлакатда дефолт рўй беришининг олдини олиш ва давлат идоралари фаолиятини қайта бошлашига қаратилган қонунга овоз берди.

Шунингдек, мамлакатнинг қарз олишига қўйилган чеклов ҳам 7-февралгача кўтариладиган бўлди.

Сенаторларнинг 81 нафари янги қонунни мақуллаган, 18 нафари унга қарши чиққан. Қонун энди ижрога кириши учун Намояндалар палатаси тасдиғидан ўтиши, сўнг президент Барак Обама имзосини олиши керак.

Сенатда овоз бериш жараёни якунланганидан сўнг президент Обама қонунга “дарҳол” имзо чекишини билдирди.

Президент ниҳоят келишувга эриша олган Демократлар ва Республикачиларга чуқур миннатдорчилигини изҳор этиб, энди Америка халқи ишончини қайта қозониш вақти келганини айтди.

АҚШ ҳукуматининг келаси йилги бюджети пайшанба куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 9гача мақулланиши керак эди. Акс ҳолда давлат қарзи чекланган миқдордан ошиб, мамлакат дефолтга учраши мумкин эди.

Мамлакат парламенти 1-октябрдан бери бюджет бўйича келишувга эриша олмагани сабаб федерал ҳукумат 15 кун давомида қисман ишламади.
XS
SM
MD
LG