Линклар

Москванинг Ғарбий Бирюлёво мавзесида содир бўлган оммавий тартибсизликлар шаҳар маъмуриятини нафақат миллатчилар томонидан вайрон қилинган Покровский мева-сабзавот омбори, балки шаҳар ичкарисидаги барча бошқа омборларни ёпиб, уларни шаҳар ташқарисига чиқаришга ваъда беришга ундади. Мазкур туман маъмурияти раҳбарларидан бир нечтаси ўз лавозимидан озод этилди.

13 октябр куни Ғарбий Бирюлёводаги тартибсизликлар ва маҳаллий аҳолининг норозилик чиқишлари шаҳар маъмуриятига барча бозору омборларда, хизмат кўрсатиш ва савдо шаҳобчаларида қайтадан “тозалаш амалиётлари”ни бошлаб юборишга имкон яратди.

Бундай текширувлардан бири 16 октябр куни Москванинг шимолида жойлашган Савёловское бозорида ҳам амалга оширилди.

Озодлик мухбири гувоҳ бўлган зачисткалар чоғида славянча қиёфага эга бўлмаган барча аёл ва эркаклар маҳаллий полиция ва ФМС ходимлари томонидан ушланди ҳамда бозорда жойлашган кафелардан бирида текширувдан ўтказилди.

“Зачистка”да иштирок этаётган ва ўзини Андрей Петрейко деб таништирган Савёловское полиция бўлими жиноят-қидирув бўлими зобити Озодлик билан суҳбатда бу текширув ҳақиқатан Ғарбий Бирюлёводаги воқеалар ортидан юқоридан келган буйруқ асосида олиб борилаётганини тасдиқлади.



Ҳужжатлари текширилганидан кейин Савёловскоеда ушланган муҳожирлар полиция назорати остида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идорасига олиб кетилди.
Ҳужжатлари жойида бўлгани боис олиб кетилмаганини гапирган муҳожир ўзбеклардан бири тахминича, полицияга келтирилганларнинг асосий қисми 3 мингдан 5 минг рублгача пул эвазига яна чиқариб юборилади.

- Улар ошхонамизда овқатланиб ўтирган одамларни олиб кетди. Нима ҳаққи бор бировнинг солиқ тўлаётган, қонунан ишлаётган ошхонасига кириб келишга буларнинг? Нега тожик, қирғизлар қўлга тушса, дарров элчихонасидан вакил югуриб келади, Ўзбекистондан эса ҳеч ким қизиқмайди. Россия ҳукуматини ҳам тушунмай қолдим: киритсин охири виза режимини, ундан кейин қонун асосида кириб келганларга тегмасин, ишлашга имкон берсин! Ҳозир эса полициячиси ва миграциячиси, сен ўзбек бўлсанг, одам қаторида кўрмайди. Биз нима қилайлик ахир: Ўзбекистонга борсак – у ерда қўймаса ишлашга, бу ерга келсак – бу ерда ҳайвончалик ҳаққинг бўлмаса, - дея куйинади исмини айтишни истамаган Савёловское бозори ишчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, “тозалаш”лар бошланганидан буён ҳужжатлари жойида бўлган-бўлмаган муҳожирлар бир хил пора эвазига полициядан қутулишга мажбурланмоқда.

Айни пайтда Москва шаҳар тергов қўмитаси Ғарбий Бирюлёводаги оммавий тартибсизликлар сабабларини ўрганишга киришди.

Терговчилар фикрича, “Ғарбий Бирюлёво” маъмурияти совуққонлиги ва мева-сабзавот раҳбарияти бепарволиги туфайли бу ҳудудда “этник жиноятчи жамоалар” пайдо бўлган. Омбор эгаси - доғистонлик Алиасхаб Гаджиев ва бошқарув ширкати раиси Магомед Чуриловлар ноқонуний миграцияни ташкил этгани ва Россия ҳудудида ноқонуний яшаб юрган шахсларни иш билан таъминлагани учун жиноий жавобгарликка тортилди, Гаджиев халқаро қидирувга берилди.

Ҳозирча жаноб Гаджиев ва унинг ёрдамчилари 3 минг киши ишлайдиган улгуржи савдо бозорида икки нафар ўзбекистонлик ва бир молдоваликни иш билан таъминлаганликда айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG