Линклар

Ўзбекистон ва Латвия президентлари журналистларнинг савол беришига имкон бермади


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Латвия Президенти Андрис Берзиньш.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Латвия Президенти Андрис Берзиньш.

Ригада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Латвия Президенти Андрис Берзиньш ўртасида музокаралари якунланди. Учрашувдан кейин икки президент матбуот учун қисқа брифинг ўтказди.

Лекин брифингда қатншган LETA агентлиги мухбири Илзе Веберенинг Озодликка айтишича, журналистларга савол бериш имкони берилмаган.

- Журналистларга савол беришга рухсат берилмади. Президентлар бир-бирларига сўзлашувлар ва ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон президенти муҳокама қилинган масалалар, ҳамкорлик режалари ҳақида қисқача маълумот берди. Иккала президент 10 минутдан гапириб, умумий фикрлар билан чекланди, деди ригалик журналист.

Bloomberg News агентлигининг Латвиядаги мухбири Аарон Эглитис ўз Twitter саҳифасида ёзишича, журналистларга савол бериш имкони берилмагани Латвия президенти учун ғайриоддий ҳолат бўлган.

Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Ригага чоршанба куни кечқурун етиб келди. Каримов матубот хизмати мазкур ташриф давлат ташрифи мақомига эга бўлишини хабар қилди, лекин Латвия расмийлари буни инкор қилди.

Каримов ташрифи доирасида асосий учрашувлар пайшанба куни ўтказилмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг Латвияга ташрифи бу мамлакатда унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ тергов давом этатёган пайтга тўғри келмоқда.

Мазкур тергов Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир иддаолар билан боғлиқдир. Бу иш билан боғлиқ тергов жараёнлари Швеция, Швейцария, Франция ва Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG