Линклар

Россия пойтахтининг Ғарбий Бирюлёво мавзеидаги воқеалар Москва шаҳар раҳбарияти ва кучишлатар тизимларига Россия пойтахтида “зачистка” ва “ноқонуний меҳнат муҳожирларидан тозалаш” амалиётларини янгидан бошлашга асос яратди.

Натижада меҳнат муҳожирлари, шу жумладан ўзбекистонлик муҳожирлар икки ўт орасида қолди: бир томонда полиция босими, иккинчи томонда миллатчи гуруҳлар зўравонлиги.

Мана шундай оғир шароитда меҳнат муҳожири ўз хавфсизлигини таъминлаш учун нима қилиши керак?


Бирюловодаги вазиятнинг оғирлигини ўша ердан 17 октябрь куни Озодлик билан боғланган ўзбекистонлик йигитнинг мана бу гапларидан ҳам ҳис қилса бўлади.

- Ҳамма уйида ётибди. Ишсиз. Кўчага чиқолмайди. Кўчага чиқса ОМОН ушлаб олиб кетаяпти. Кечқурун соат 6 дан кейин ўрислар болаларни ушлаб олиб ураяпти, деди Бирюловода деярли уй қамоғида ўтирган меҳнат муҳожири.

Лекин уйда ҳафталаб, ойлаб ўтирган билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди – барибир кўчага чиқиш керак.

Биз меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар билан боғланиб, полиция ва миллатчи ёшларга дуч келиб қолганда меҳнат мигранти ўзини қандай тутиши кераклиги тўғрисида сўрадик.

Москвадаги “Фуқаролик кўмаги” ташкилоти вакили Елена Буртина полиция ходими билан муносабатга доир бир қатор маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

Полиция ходимидан унинг ким эканлигини сўранг

- Албатта, вазиятлар турлича бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам оғир-босиқлик билан полиция ходимидан унинг ким эканлигини, полициянинг қайси бўлимидан эканлигини сўраш мумкин, дейди Елена Буртина
Кимлигини сўрай олмаган бўлсангиз,

Полиция ходими кўкрагидаги нишонни эслаб қолинг

Елена Буртинага кўра, кўкрак нишонидаги номерни эслаб қолиш ўша нишон эгасининг ғайриқонуний ишларидан арз қилиш учун зарурдир.

Москвадаги “Марказий осиёлик сиёсий қочқинларга кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев ҳам полициячининг кўкрак нишонига эътибор беришнинг нақадар муҳим эканлигини уқтирди.

- Кўкрагидаги номерини ёзиб олсин, муносабат кескин ўзгаради, деди Баҳром Ҳамроев.

Полиция ходимига “нима учун тўхатдингиз”, деган саволни беринг

Бу Елена Буртинанинг навбатдаги маслаҳати. У бу вазиятда меҳнат мигранти оғир-босиқ, хушмуомала бўлиши лозимлигини яна эслатди.

Телефонингизни тортиб олишларидан олдин ҳеч йўқ яқинларингизга хабар бериб қўйишга шошилинг

Елена Буртинанинг фикрича, полициячини бу ҳаракатингиз ҳушёр торттиради.

Сизни полиция бўлимида 3 соатдан ортиқ ушлаб туришга ҳақлари йўқ

Лекин агар Сиз

маъмурий ҳуқуқбузарлик қилганликда ёки жиноят содир этганликда гумон қилинаётган бўлсангиз, қўлга олинганингиз расмийлаштирилган дақиқадан бошлаб 48 соатгина ушлаб туришлари мумкин.

48 соат – суд ҳукмисиз ушлаб туриладиган муддат. Бу муддат ичида қўнғироқ қилиб олиш ҳуқуқингиз бор.

Телефон қилиш ҳуқуқингиздан фойдаланишга рухсат беришларини талаб қилинг.

Ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин бўлган кўрсатма бермасликка ҳақингиз бор.


Елена Буртина, шунингдек,

полиция ходими ёзган баённомани тўла тушунмаган бўлсангиз, уни имзоламанг,
деган масалаҳатни берди.

Тил билмасангиз, таржимон билан таъминлашларини талаб қилинг, бунга ҳам ҳақингиз бор.

Шуни айтиш керкки, меҳнат муҳожирлари учун кейинги пайтларда кўплаб қўлланмалар турли ташкилотлар томонидан тузилмоқда.

Улардан бирида мана бундай тавсиялар берилган:

Жамоат жойларида рус тилида гапиришга ҳаракат қилинг ва баланд овозда миллий мусиқа қўйиш, баланд овозда она тилида сўзлашиш билан кўпчилик эътиборини ўзингизга қаратманг.

Сиз яшаб турган жойда ватандошларингиз кўпайиб кетган бўлса ҳам, ватанингиздаги тартибларни ўрнатишга уринманг.

Хушмуомала, озода, меҳнатсевар бўлинг, спиртли ичимликлар истеъмол қилманг.

Ёлғиз юрманг, айниқса тунда, ҳеч ким йўқ хилват жойларда ёлғиз юрманг.


Албатта, сўнгги 4 маслаҳатнинг баъзиларидан меҳнат муҳожирига ғамхўрликдан кўра, унга ҳурматсизлик уфуриб турибди. Лекин шунга қарамай, Бирюлово воқеаларидан сўнг оғирлашиб кетган бир вазиятда уларга амал қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG