Линклар

logo-print

Обама АҚШ ҳукумати ишини тиклашга имкон берувчи қонунни имзолади


АҚШ ҳукумати 16 кундан бери қисман ишламаётган эди.

АҚШ ҳукумати 16 кундан бери қисман ишламаётган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама Америка дефолтга юз тутишининг олдини олиш ва 16 кундан бери фаолияти қисман тўхтатилган ҳукумат ишини тиклашга қаратилган қонунни имзолади. Мазкур қонун лойиҳаси Конгресс томонидан 17 октябргача қабул қилинмаганида, АҚШ давлати банкрот бўлиши мумкин эди. Федерал ҳукумат хизматчиларининг пайшанба кундан бошлаб ишга қайтиши кутилмоқда.



Оқ уйнинг маълум қилишича, АҚШни дефолтдан қутқариш ва ҳукумат ишини тиклашга қаратилган ҳужжат республикачилар кўпчиликни ташкил қиладиган АҚШ Вакиллар палатаси ва демократлар назоратидаги Сенат томонидан маъқулланишидан кўп ўтмай президент Барак Обама уни имзолаган.

Оқ уйнинг бюджет масалалари бўйича бошқармаси федерал ҳукумат хизматчилари пайшанба кундан ишга чиқишлари мумкинлигини билдирди. Ҳукумат “шатдауни”, яъни фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши оқибатида ўн минглаб бюджет хизматчиси ўз ҳисобидан таътилга чиқариб юборилган эди.

Республикачилар кўпчилик ўрнига эгалик қиладиган Вакиллар палатасида овозга қўйилган қонун 285-144 овоз билан қабул қилди. Барак Обама дохил Демократлар партиясидан 198 вакил ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Мухолифатдаги Респубкликачилардан 87 нафари ҳам давлат қарзи миқдорини ҳозирги 16,7 триллиондан ошириш учун “ҳа” деб овоз берди.

Сенатдаги овоз беришда қонун 81-18 овоз билан маъқулланди.

Чоршанба кунги овоз бериш бир неча ҳафтадан бери давом этган сиёсий тортишувлар оқибатида боши берк кўчага кириб қолган вазиятни вақтинча бартараф қилади. Республикачилар Обама маъмурияти тарафидан амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш ислоҳотларига доир қонунга ўзгартиш киритишни талаб қилмоқда.

Обама ташаббуси бўлгани учун “Obamacare” номи билан танилган қонун ҳозирча бўҳрондан омон чиқди, лекин Респубкликачилар партияси унга қарши уринишларини давом эттиришларини айтмоқда.

Конгресс аъзолари 17 октябргача АҚШ давлат қарзи миқдорини ошириш бўйича қарор бермаганда, мамлакат дефолтга учраши мумкин эди. Бу ҳолда АҚШ давлати ўз қарзлари бўйича мажбуриятларни бажара олмасдан, банкрот, деб эълон қилиниши мумкин эди.

Юзага келган вазиятга вақтинча ечим, деб кўрилаётган янги қонун ҳукумат фаолиятини 15 январга қадар молиялаш ва ҳукуматнинг 7 февралга қадар қарз олишига имкон беради холос.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Вашингтонда сиёсатчилар ўзаро муросага эришгандек туюлаётганига қарамасдан, Конгресс аъзолари 2014 йилнинг бошида яна шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолишлари мумкин.

Чоршанба куни мухбирлар олдида қилган қисқача чиқишида Обама Конгресс вакилларига муросага эришганлари учун миннатдорчилик билдириб, энди америкаликлар ишончини қайта қозониш фурсати келди, дея таъкидлади.

- Иккала партия етакчиларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу келишув столим устига келиб тушиши биланоқ, уни дарҳол имзолайман. Ҳукуматни дарҳол қайта очишни бошлаб, хусусий бизнес ва америкаликлар устида соя солиб турган ноаниқлик ва ҳаловатсизлик булутини баратаф қила бошлай оламиз,- деди Обама.

Обама Конгресс вакилларини ўзаро қарама-қаршилкларни тўхтатишга чақириб, Вашингтон учун “одат бўлиб қолган бўҳрон вазиятида ҳукуматни бошқариш”га чек қўйиш керак, дея фикр билдирди.

Обама келгусида яна шундай бўҳрон юзага келишининг олдини олиш учун Республикачилар билан музокара қилишга тайёрлигини билдирди.

Конгресснинг қарорини Халқаро Валюта жамғармаси ижрочи дириектори Кристин Лагард олқишлади. ХВЖ раҳбари АҚШда юзага келган сиёсий бўҳрон жаҳон иқтисодига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантириб келаётган эди.

Жаҳон Банки Президенти Жим Йонг Ким АҚШ Конгрессида эришилган муросага глобал иқтисод “эҳтимолий ҳалокатдан” омон қолди, дея муносабат билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG