Линклар

Бишкек Божхона иттифоқига қўшилишдан воз кечмади


Божхона иттифоқига бағишланган карикатура. Муаллиф қозоғистонлик рассом Сабит Курманбеков.

Божхона иттифоқига бағишланган карикатура. Муаллиф қозоғистонлик рассом Сабит Курманбеков.

Қирғизистон ҳукумати 2014 йил охиригача Россия, Қозоғистон ва Белорус иштирокидаги Божхона иттифоқига қўшилиш режасини эълон қилганига қарамай, иттифоққа аъзо давлатлар билан айрим масалаларда тил топиша олмаётир. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Темир Сариев маълум қилди.

Қирғизистон ҳукумати Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан йўл картаси ишлаб чиқишни ноябр ойининг бошларигача якунлаш ва 2014 йил охиригача иттифоққа қўшилиш режасини эълон қилган. Қирғизистон иқтисодиёт вазири Темир Сариевнинг айтишича, бу йўналишда ташкилот билан музокаралар давом этмоқда.

Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилса Хитойдан олиб келинаётган маҳсулотлар бир неча баробарга қимматлаб кетиши ва қирғиз тикувчилик саноати синиши мумкин. Қирғизистон эса ҳозирги кунгача Қозоғистон, Россия, қисман Ўзбекистон ва Тожикистон учун Қирғизистонда тикилган сифатли кийим-кечак ҳамда Хитойдан олиб келинган маҳсулотларни етказиб берувчи марказ ҳисобланади. Бу иш билан Бишкекдаги “Мадина”, “Дўрдўй” ва Қорасувдаги Жаҳон бозори каби ҳар бирида 5 мингдан 20 минггача савдо шаҳобчаси бўлган йирик савдо марказлари шуғулланади.

-Биз музокараларда имкон борича қирғиз тадбиркорлари ва халқимиз манфаатларини ҳимоя қилишимиз керак. Шунинг учун ҳам бир қатор талаш-тортишлар бўлаяпти. Энг биринчи масала “Мадина”, “Қорасув” ва “Дўрдўй” бозорларининг ишлаш режими, бу бозорларга енгилликлар бериш ҳақида бўлмоқда. Иккинчидан, Қирғизистонга олиб кирилаётган маҳсулотларга белгиланадиган бож тўловлари масаласи бор. Агар тўловлар кўп бўлса, маҳсулотлар нархи кескин қимматлайди. Учинчидан, техник регламент, яъни сотишга рухсат бериладиган маҳсулотларни сертификатлаш масаласида муаммолар бор, -деди Темир Сариев.

Вазирнинг айтишича, Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши тикувчилик саноатига зиён етказади. Россия ва Қозоғистонда арзон, лекин ўта сифатли бўлгани билан машҳур бўлган Қирғизистонда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар нархининг қимматлаши оқибатида экспорт ҳам камайиши мумкин. Лекин вазир тикувчилик саноати вакилларига сифатни янада ошириш орқали бу муаммога барҳам беришни таклиф қилмоқда.

Таҳлилчи Азамат Акалеев Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан музокаралари жуда қийинчилик билан ўтаётганини таъкидлади:

-Қирғизистон томони 77 таклиф киритган бўлса, музокараларда фақат 30 тасигина қабул қилинди. Бозорларга енгиллик бериш, тараққиёт жамғармаси ташкил қилиш ва иқтисодий ёрдам тўғрисидаги таклифлар қабул қилинмай қолди. Божхона иттифоқига аъзо давлатлар орасида Қирғизистонни иттифоққа қабул қилиш масласида ягона фикрнинг ўзи йўқ. Қирғизистонни Божхона иттифоқига қўшиш истагида бўлган ягона давлат ҳозирча фақат Россиядир.

Қирғизистонда мамлакатнинг Божхона иттифоқига қўшилиши юзасидан ягона фикр мавжуд эмас. Бозорларда ишловчи тадбиркорлар, тикувчилик саноати вакиллари ва айрим иқтисодчилар мазкур иттифоққа қўшилиш Қирғизистон учун иқтисодий инқироз шароитини яратиши мумкинлигини башорат қиладилар.

Бишкек расмийлари эса Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши ортидан Россия ва Қозоғистонда тирикчилик қилаётган қирғизистонлик меҳнат муҳожирларига кўплаб енгилликлар берилишини асосий далил сифатида айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG