Линклар

Каримованинг Париждаги уйи коррупция воситаси сифатида гумонланмоқда


Каримова 30 миллион еврога сотиб олган икки қаватли квартиранинг ана шу уйда экани айтилмоқда.

Каримова 30 миллион еврога сотиб олган икки қаватли квартиранинг ана шу уйда экани айтилмоқда.

Франциядаги Le Point нашрининг ëзишича¸ "ўзбек маликаси" томонидан Булон ўрмонига қараган умумий майдони 800 квадрат метрлик икки қаватлик квартиранинг ҳатто Париж учун ўта қиммат саналган 30 миллион еврога олингани прокурорларда бозор нархига устама тўланган пулларнинг қаердан келиб¸ кимга кетганига оид шубҳалар уйғотган.


Францияда чиқадиган Le Point газетасининг маҳкамадаги ўз манбасига таяниб ëзишича¸ “ўзбек малика”сининг Европа¸ хусусан¸ Франциядаги эртаклардаги каби гўзал ва ҳашаматли ҳаëти тугаб бормоқда – унинг Франция¸ хусусан¸ Париждаги ниҳоятда қиммат ва данғиллама уйлари француз маҳкамаси томонидан муҳрлаб қўйилган.

Айни кунларда француз маҳкамасининг молиявий терговчилари диққат-марказида Парижнинг 16- округи Maréchal-Maunoury авенюсида жойлашган арт-деко услубидаги уйнинг охирги икки қаватини эгалловчи уй турибди.

Бу уй 2009 йилда Францияда Артур номи билан танилган (асли исми Jacques Essebag -таҳр.) телебошловчидан 30 миллион еврога сотиб олинган.

Гулнора Каримованинг Франциядаги кўчмас мулклари устидан бораëтган терговни ўз манбалари орқали кузатаëтган Le Point мухбири Мелани Делатрнинг Озодликка айтишича¸ француз прокурорларини нафақат 30 миллион евронинг қаердан¸ қандай келгани¸ балки унинг қаерга кетгани ҳам қаттиқ қизиқтирмоқда:

- Гулнора Каримовага бу уйни сотган шахс Францияда жуда танилган телепродюсер ва унинг ўз телешоулари бор. Бу одам собиқ президент Николя Саркозига жуда яқин ва Саркози президентлигида унинг бизнеси махсус имтиëзлардан фойдаланган. Саркозининг Артур билан бизнес алоқалари борлигига ишонилади. Ҳозирда француз маҳкамаси "Нима учун Каримова айнан Артурдан бозор нархидан анча қиммат бўлган бу уйни сотиб олди? Бозор нархи устига тўланган бир неча миллион евро Артур билан расмийлаштирилган олди-берди орқали кимгадир пора сифатида берилганми? Берилган бўлса¸ кимга ва қанча?" деган саволларга жавоб изламоқда¸ дейди терговдаги ўз манбасига таяниб Делатр.

Француз терговчилари¸ айни пайтда¸ француз журналистларини қизиқтираëтган асосий савол эса¸ Гулнора Каримова Артур орқали Николя Саркозига пора берганми¸ деган мазмундадир¸ деб қўшимча қилади журналист.

"Аммо ҳозирча бу фақат тахмин ва мазкур саволга аниқ жавоб йўқ. Артурнинг яқин келажакда терговчилар саволларига жавоб бериши кутилмоқда"¸ дейди Мелани Делатр.

Парижнинг дунëга машҳур Булон ўрмонларига қараган пенхауз Францияда SCI Maunoury 16 деган ном билан рўйхатдан ўтган ширкат воситасида сотиб олинган. Аммо орадан 2¸5 йил ўтиб¸ бу ширкат ўз номини ўзгартириб¸ Invest Service Group сифатида қайта регистрация қилинган.

Бу ширкат ҳиссалари 95 фоизининг эгаси сифатида эса ўшанда Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ташкилотларидаги доимий вакили лавозимида бўлган Гулнора Каримова қайд этилган.

2009 йил 10 октябрида Marechel Maunoury 1 манзилида рўйхатга олинган SCI Maunoury 16 ширкати ижрочи директори сифатида айнан Швейцарияда жиноий иш очилган Алишер Эргашев қайд этилган¸ ширкат ҳиссаларининг қолган 5 фоиз эгаси сифатида эса¸ Гулнора Каримованинг хизматкори экани фараз қилинаëтган Ирина Емельянова ëзиб қўйилган.

Француз прокурорларини Гулнора Каримова олган уйни расмийлаштириш учун тузилган ширкат номининг тез орада ўзгартирилиши изларни йўқотиш учун қилинган ҳийлами¸ деган савол ҳам қизиқтирмоқда. Терговчилар бундай ўта қиммат хариднинг коррупция воситасида ўзлаштирилган ноқонуний пулларни ювиш амалиëти бўлганини тахмин қилмоқдалар.

Швейцариянинг Lombard Odier банкида ўз номига очилган ҳисоблардан юзлаб миллион доллар пулни бирваракайига оффшор ҳисобларига юбориш учун келган икки Ўзбекистон фуқароси – Кока-Кола ширкатининг Тошкентдаги бошқарувчилари Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил 29 июлида ҳибсга олинди. Бу ҳисоблар асл эгаси Гулнора Каримова экани ва бу пулларнинг коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги борасидаги гумонлар боис ушбу банкдаги бир миллиард АҚШ долларига яқин пул музлатиб қўйилди.

Швейцария прокуратураси бошлаган бу тергов қўшни давлатлар – Швеция ва Францияга ҳам ëйилди ва ана шу жараëн давомида Гулнора Каримованинг Франция ҳудудидаги қимматбаҳо қаср ва ҳашаматли уйлар эгаси экани аниқланди.

Француз маҳкамаси бу уйларни сотиб олишга харжланган миллионларнинг қай манбадан¸ қай усулда келганини аниқлаб¸ қарор чиқармагунича¸ уйлар муҳрланганича қолади.

Le Point газетасининг ëзишича¸ ҳозирча Гулнора Каримова Париж¸ қолаверса Франция жанубидаги Мовий соҳилдаги Вар қасрининг муҳрлаб қўйилганига муносабат билдирмаган ва ўзини гўë бу уйлар уники эмас каби¸ уларни ташлаб қўйган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG